Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон ибн Аффон даврида умумий нафақалар

0

Халифанинг маоши

Усмон розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг байтулмолидан бир танга ҳам маош олмас эди. Зотан, у илгаридан Қурайшнинг энг бадавлат кишиларидан ва энг олди савдогарларидан эди. Усмон ибн Аффон халифа бўлганидан кейин ҳам ўз аҳли оиласи ва яқинларига ўзининг хос молидан нафақа қиларди.

Волийларнинг маоши

Усмон розияллоҳу анҳу даврида ислом давлати вилоятларга бўлинган эди. Ҳар бир вилоятнинг халифа тарафидан тайин этилган волийси бўлиб, улар байтулмолдан маош олар ва вилоят ишларини ислом шариати ҳукмларига мувофиқ бошқарар эдилар. Агар халифа вилоятнинг байтулмолига хос вакил тайинламаган бўлса, у ҳолда вилоятнинг жизя, хирож, тижорат солиғи каби йиғимларини назорат қилиб туриш ҳам волийнинг ваколатига кирар эди. У уларни вилоят эҳтиёжларига ишлатар ва ортганини мусулмонларнинг Мадинадаги байтулмолига юборар эди. Вилоят бойларидан йиғиладиган закот эса шу вилоят фақир-фуқароларига сарфланар эди[1].

Аскарлар маоши

Аскарларга ғаниматлардан тегадиган улушларига қўшимча равишда байтулмолдан ҳам маош бериларди. Ҳар вилоятдаги аскарлар ўша вилоят хазинасидан маош оларди. Масалан, Усмон ибн Аффон Миср волийси Абдуллоҳ ибн Саъдга Искандариядаги чегара қўшинлари маошлари масаласида шундай ёзиб юборган эди: “Амирулмўъминин Искандария ҳақида қай даражада қайғураётганини ўзинг яхши биласан. Рум уларга икки марта бостириб келди. Искандарияда муробитларни мустаҳкамла, маошларини вақтида бер, уларни ҳар олти ойда алмаштириб тур”[2].

Ҳажни ташкиллаштириш сарф-харажатлари

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида ҳаж ишларини ташкиллаштириш сарф-харажатлари байтулмол ҳисобидан бўлар эди. Каъбанинг устига ёпиладиган кисвага алоҳида пул ажратилар эди.

Масжиди набавийни қайта қуриш сарф-харажати

Усмон розияллоҳу анҳу дастлаб халифа бўлган кунларида одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларини кенгайтириш ҳақида сўзлади. Чунки, ислом давлати тобора кенгайиб боргани ва Мадина аҳолиси сони ҳаддан ташқари ортгани сабабли жума намозларида масжид намозхонларга торлик қилиб қолаётган эди. Усмон ибн Аффон аввал аҳли донишлар билан фикрлашди, улар масжидни бузиб қайтадан қуриш фикрини маъқулладилар. Сўнг пешин намозидан кейин минбарга кўтарилиб, авал Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай деди: “Эй одамлар, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларини бузиб, кенгайтирмоқчиман. Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ у учун жаннатда бир уй қуради”[3], деганларини эшитганман. Бу ишни мендан олдин қилган салафим ҳам бор, аввал Умар ибн Хаттоб ҳам уни кенгайтириш ишини олиб борган эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан аҳли дониш кишилар билан кенгашдим, улар масжидни бузиб, янгидан кенгайтириб бино қилишга бир овоздан келишдилар”. Шундан сўнг одамлар унинг сўзларини маъқуллаб, ҳаққига дуо қилдилар. Кейин эртаси куни эрталаб ишчиларни чорлаб, ўзи бош бўлиб иш бошлатди.[4]

Масжиди Ҳаромни кенгайтириш сарф-харажатлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Каъба атрофида одамлар намоз ўқийдиган чоғроқ саҳн бор эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида масжид шу ҳолда қолди. Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Масжиди Ҳаромни кенгайтирди, Каъбанинг ён-веридаги ҳовлиларни сотиб олиб, уларни бузиб, масжидга қўштирди, масжид атрофиини пастак девор билан ўраттирди, масжидга ёритқичлар ўрнатди. Сабаби, фатҳлар кенгайиб, мусулмонлар сони кескин ортгач, ҳаж ибодатини адо этиш учун келаётган ҳожиларга масжид торлик қилиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу халифалиги даврига келиб, масжидни иккинчи бор кенгайтириш зарурати туғилди. Усмон ибн Аффон масжид атрофидаги ҳовлиларни сотиб олиб, масжидга қўштирди, атрофига Умар розияллоҳу анҳу қилгани каби одам бўйидан пастроқ девор олдирди[5].

Биринчи ҳарбий денгиз флоти қурилиши

Усмон розияллоҳу анҳу даврида исломдаги биринчи денгиз флоти қурилиши учун сарф-харажатлар байтулмол томонидан молияланди. Бу ҳарбий флотнинг исломий фатҳлардаги роли ҳақида келгусида сўз юритиш ниятимиз бор, иншааллоҳ.

Бандаргоҳ Шаъбиядан Жиддага кўчирилиши

Ҳижрий 26 йили Макка аҳли Усмон розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиб, жоҳилият давридан бери маккаликлар учун асосий бандаргоҳ бўлиб келган Шаъбия бандаргоҳини Жиддага кўчириб беришини сўради. Усмон Жиддага бориб, бандаргоҳ ўрнини кўздан кечирди ва соҳилни у ерга кўчиришга амр берди. Жидда бандаргоҳи ҳозиргача маккаликлар учун асосий бандаргоҳ вазифасини ўтаб келмоқда[6].

Ичимлик суви муаммоси ҳал этилгани

Усмон ибн Аффон халифалиги даврида мусулмонларнинг байтулмоли молиялаштирган ишлардан бири улар учун ичимлик суви муаммаосини ҳал қилгани, бунинг учун Мадинадан икки мил масофада Арис қудуғи аталган қудуқни қазилиши бўлди. Бу ҳижрий 30 йили бўлган эди. Усмон розияллоҳу анҳу шу қудуқ лабида ўтирган пайтида қўлидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узуклари бармоғидан чиқиб, қудуққа тушиб кетганди. Узукни қидириб, қудуқнинг ҳамма сувини тортиб чиқариб ҳам топа олмадилар. Усмон розияллоҳу анҳу кўп маҳзун бўлди, кейин худди шундай бир узук ясаттириб, унга “Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб нақш қилдирди. Умрининг охиригача узук унинг қўлида бўлди, шаҳид қилинган куни бармоғидан йўқолди ва ким олгани маълум бўлмади[7].

Муаззинларга маош тайин этилгани

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб муаззинларга байтулмолдан маош ажратди. Имом Шофеий айтади: “Илк бор ҳидоят имоми Усмон ибн Аффон муаззинларга маош белгилади”[8].

 

[1] “Ас-сиёсатул молия ли Усмон” (130-бет).
[2] «Футуҳу Миср ва ахборуҳо” (1/208).
[3] Бухорий (450), Муслим (533).
[4] “Бидоя ва ниҳоя” (7/60). “Тарихи Табарий” (5/267).
[5] Тарихи Табарий (5/250).
[6] Муҳаммад Рашид, “Зуннурайн Усмон ибн Аффон” (26-бет).
[7] Тарихи Табарий (5/284).
[8] “Мавсуа фиқҳи Усмон ибн Аффон” (14-бет).

Изоҳ қолдиринг