Икки ҳайит намозининг ҳукми

2

 

Савол: Ҳайит намозини ўқиш ҳукми қандай?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ. Уламолар икки ҳайит намозини ўқиш ҳукми борасида уч хил фикр айтганлар.

Биринчи фикр: ҳайит намозини ўқиш суннати муаккададир. Бу Имом Молик ва Имом Шофеийнинг сўзидир.

Иккинчи фикр: фарзи кифоя. Бу Имом Аҳмаднинг мазҳабидир.

Учинчи фикр: ҳайит намозини ўқиш ҳар бир мусулмон эркак кишига вожиб бўлиб, узрсиз тарк қилган киши гуноҳкор бўлади. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаби ва Имом Аҳмаддан бир ривоятдир. Шайхулислом Ибн Таймия ва Шавконий раҳимаҳумаллоҳ ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар (Қаранг: “Мажмуъ”, 5/5; “Ал-инсоф”, 5/316; “Ал-ихтиёрот”, 82-бет).

Учинчи фикрни айтганлар қуйидаги далилларни келтирганлар:

  • Аллоҳ таоло айтади: “Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар, 2).

Ибн Қудома “Муғний”да шундай ёзади: “Ушбу оят тафсирида билдирилган машҳур фикрга кўра, бу намоздан мурод ҳайит намозидир”.

Баъзи уламолар оятдан умумий тарзда намоз ўқиш қасд қилинган бўлиб, ҳайит намозига хос эмас, деганлар. Бу фикрга кўра, оят маъноси намоз ва қурбонлик ибодатини ёлғиз Аллоҳга қаратишга буюришдан иборат бўлиб, Аллоҳ таолонинг “Айтинг (эй Муҳаммад): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир” (Анъом, 162) деган сўзига ўхшаш бўлади.

Оят маъноси ҳақидаги бу сўзни Ибн Жарир (12/724) ва Ибн Касир (8/502) ихтиёр қилганлар.

Бинобарин, оятдан ҳайит намозининг вожиблиги келиб чиқмайди.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозига чиқишга буюрганлар, ҳатто аёллар ҳам чиқсин, деганлар.

Имом Муслим Умму Атийя разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни икки ҳайит намозида эндигина балоғатга етган (одатда уйдан кўчага чиқмайдиган) қизларни ва ҳайз кўрган аёлларни ҳам чиқаришга буюрдилар. Фақат ҳайз кўрган аёлларни намоз ўқиладиган жойдан четроқда туришга буюрдилар”.

Ушбу ҳадис юқоридаги оятдан кўра ҳайит намозининг вожиблигига кучлироқ далолат қилади.

Шайх Ибн Усаймин “Мажмуъ ал-фатово”да (16/214) шундай дейди:

“Мен ҳайит намозини фарзи айн деб биламан. Эркаклар уни тарк қилишлари жоиз эмас, барча унга келиши лозим деб айтаман. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу намозга чиқишга хотин-қизларни ҳам, ҳатто ҳайзли аёлларни ҳам буюрганлар ва ҳайзли аёл намозгоҳдан четланиб, яхшиликка ҳамда мўминларнинг дуоларига ҳозир бўлсинлар, деганлар. Бу эса унинг фарзлигини таъкидлайди”.

Яна айтади (16/217): “Далиллар кўрсатган тўғрироқ фикр ҳайит намозининг фарзи айн эканлиги ва узри бўлмаган ҳар бир эркак киши ҳайит намозига келишидир”.

Шайх Ибн Боз “Мажмуъ ал-фатово”да (13/7) ҳайит намози фарз эканини айтиб, шундай дейди: “Шу гап далили кучлироқ ва тўғриликка яқинроқ сўздир”.

Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQa саҳифаси

Discussion2 fikr

  1. Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuhu…

    Javoblarni okib chikdim alhamdulillah endi agar Hayit Namozini Hukmi Farzi Ayn bo’lsa uni okimagan kishi gunohkormi ???

    O’tkan yili bizda melodiy sana bo’ycha Ramazondi 29 hisoblashib Arafa kuni Hayit qilingan Asli Esa 30 kun kelgandi bu yil 29 keldi hullas oshanda men roza tutib Namozga chikmagandim men uzrlimanmi yoki Tark etganga kiramanmi ???

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
      Ҳурматли Абдуллоҳ, аввало ҳайит намозини ўқиш фарзи айн деган фикр баъзи уламоларнинг фикри. Сиз ўзингиз яшаб турган жойнинг диний идораси белгилаган кунига биноан ҳайит намозини ўқиган бўлсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг