Эҳромда тақиқланган ишлар

0

(Давоми)

Учинчидан: бошни ёпиш

Эҳромдаги инсон бошини ёпиши тақиқланади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туядан йиқилиб ўлган киши тўғрисида шундай деганлар: «Уни ювиб, иккита (эҳром) кийими билан кафанланглар, (бироқ) бошини ёпманглар. Зеро, у қиёмат куни талбия айтган ҳолда қайта тирилур»[1].

Бошни ёпиш деганда дўппи, салла ва шу каби бошга ёпишиб турадиган нарсаларни кийиш назарда тутилади. Аммо соябон, чодир, автоулов ва уйларнинг шифти каби бошга ёпишиб турмайдиган нарсалар остида туриш бошни ёпиш саналмайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажларининг кўриниши тўғрисидаги ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга атаб Намира деган жойда чодир тикилган ва у зот то Арафа куни қуёш заволга кетгунга қадар ўша чодирда қолганлар»[2].

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, эҳромда бошни ёпмаслик ҳукми фақат эркакларга тегишлидир. Аёллар эса бошларини ёпишлари, бошларидан бирон жойи очиқ қолмаслиги керак.

Тўртинчидан: эркаклар одатдаги кийимларини кийиши

Эркаклар эҳромда куйлак, шалвар, яктак каби бирон аъзога мослаб тикилган кундалик кийимларини кийишлари тақиқланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эҳромдаги эркак киши киядиган кийим тўғрисида сўралганда шундай жавоб берганлар: “(Эҳром кийган эркак киши) куйлак ҳам, шалвар ҳам, дўппи (ёхуд яктак) ҳам, салла ҳам, маҳси ҳам киймайди. Шунингдек, у варс ва заъфарон (каби ҳидли бўёқлар) билан бўялган кийимларни ҳам киймайди[3].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Кўпчилик фуқаҳолар «эҳром ўраган киши тикилган кийим киймаслиги керак» деган гапни гапиришади. Бу гапни нотўғри тушуниш оқибатида одамлар кўп хатоларга йўл қўйишади. Чунки бу гапдан мақсад инсоннинг муайян аъзосига мослаб бичилган кийимларни киймасликдир. Шунга биноан, йиртиқ эҳром либоси ип ёрдамида тикилган ёки унга ямоқ солинган бўлса, ҳамда матонинг чеккалари сукилишдан сақлаш учун тикилган (оверлок қилинган) бўлса, бунинг зиёни йўқ. Шунингдек, иккита қисқа матони ип билан улаб, эҳром қилиб кийилган бўлса, модомики, кундалик кийиладиган кийимлар сингари бичилмаган бўлса, зиёни йўқ.

(2) Эҳромдаги инсон гарчи тикилган бўлса ҳам тўпиқни ёпмайдиган шиппак ёки сандали кийиши жоиз. Чунки у маҳси ҳисобланмайди. Шунга кўра, авом инсонлар томонидан эҳромда фақат тикилмаган ёхуд қуйма шиппаклар кийиш ва ундан бошқаси жоиз эмас деб эътиқод қилиш шариат буюрмаган ишдир.

(3) Бунинг акси ўлароқ, агар кийимлар ип ишлатилмаса-да, бироқ бирон аъзога мослаб бичилган бўлса, эҳромдаги инсон уларни кийиши ҳаром саналади. Чунончи, баъзи авомлар эҳромнинг пастки қисмига пистонли тугмалар ўрнатиши ва натижада унинг бичилган тайёр кийимларга ўхшаб қолиши дуруст эмас.

(4) Айрим тижорат дўконларида эҳром либосига қўшиб авратни тўсиб турадиган тикилмаган (шакли памперсни эслатадиган) мато сотилади. Албатта, гарчи тикилмаган бўлса-да, бундай матони ўраш жоиз эмас, чунки у бичилган тайёр ич кийимларга ўхшайди.

(5) Агар инсон шиппак топа олмаса, унинг ўрнига маҳси кийиши, шунингдек, баданининг пастки қисмига ўрайдиган мато топмаса, шалвар кийиши жоиз. Борди-ю, самолёт ёки кемада сафар қилаётган киши эҳром либосини чамадонида унутган ва уни юкхонага топширган бўлса, у ҳолда мийқотдан ўтар экан қандай эҳром боғлайди?

Бундай шахс баданининг пастки қисмига шалвар (ёхуд шим) кийиши, тепа қисмига эса кийимларидан бирини, масалан куйлагини киймасдан елкасига ташлаб олиши, сўнг самолёт ёки кемадан тушгач, эҳром либосини чамадонидан олиб ўраб олиши жоиз.

(6) Юқорида айтилган ҳукмларнинг барчаси эркакларга хос. Аёлларга келсак, улар одатдаги барча кийимларини кийишлари жоиз. Уларга эҳромда ҳаром қилинган кийим фақат қўлқоп ва юзларига ниқоб кийишларидир. Ҳадисда «Эҳромдаги аёл ниқоб ва қўлқоп киймайди»[4], дейилган. Бироқ бу дегани аёллар юз ва қўлларини ёпишлари ҳаром дегани эмас. Балки аёлларга тақиқланган нарса мазкур турдаги кийимларни (яъни юзга ниқоб ва икки қўлга қўлқоп) киймасликдир. Шунинг учун аёл киши эҳромда юзини ниқобдан бошқа нарса билан тўсиши, масалан, бошидан бирон матони юзига осилтириб у билан юзини тўсиши жоиз. Мазкур ҳолатда юзига тўсган матонинг юзига тегиш ёки тегмаслигининг аҳамияти йўқ. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эҳромда эканмиз, олдимиздан карвонлар ўтар эди. Карвон тўғримизга келганида биз аёллар ҳижобимизни бошимиз узра юзимизга осилтириб, юзимизни беркитар, карвон ўтиб кетгач, қайтадан юзимизни очар эдик»[5]. Шунингдек, аёл киши икки қўлини қўлқопдан бошқа нарса билан тўсиши, айтайлик, қўлини рўмолининг остига киргизиши ёки қўлларини ёпадиган даражада узун енгли ҳижоб кийиши мумкин.

Бешинчидан: хушбўйлик ишлатиш

Эҳромдаги инсон хоҳ баданига, хоҳ либосига бўлсин хушбўйлик ишлатиши тақиқланади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туядан йиқилиб ўлган киши тўғрисида «Унга хушбўйлик сурманглар», деганлари, шунингдек, эҳромдаги шахснинг либоси тўғрисида «у варс ва заъфарон (каби ҳидли бўёқлар) билан бўялган кийимларни ҳам киймайди», деган сўзлари далил бўлади.

Эҳромдаги шахснинг хушбўйликларни ҳидлаши масаласига келсак, агар бехосдан ҳидласа зарари йўқ, бироқ лаззатланиш мақсадида ҳидласа ҳаром. Эҳромдаги шахсга Каъбага суртилган хушбўйликлардан бирон нарса тегса зарари йўқ.

Олтинчидан: уйланиш ёки совчи қўйиш

Аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар, эҳромдаги шахснинг уйланиши ёки турмушга чиқиши, шунингдек, эркаклар аёлларга совчи қўйиши тақиқланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Эҳром кийган инсон никоҳланмайди ҳам, никоҳламайди ҳам, совчи ҳам қўймайди»[6]. Шунга кўра, эҳром кийган шахс уйланиши, ўзидан бошқага никоҳ ўқиши, шунингдек, бирон аёлга совчи қўйиши жоиз эмас.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Эр-хотиндан бири ёки аёлнинг валийси эҳромдалик пайтида никоҳ ўқилса, никоҳ фосид бўлади. Бундай никоҳни бузиш учун талоққа ҳожат бўлмайди, чунки эр-хотин ўртасида никоҳ риштаси боғланмаган бўлади.

(2) Борди-ю, эҳромдаги шахс никоҳланиш ҳаромлигини билмасдан никоҳ ўқиса, нима бўлади?

Жавоб шуки, эҳромда никоҳланиш ҳаромлигини билмасдан никоҳ ўқиган киши гуноҳкор бўлмайди. Бироқ шунга қарамасдан, ўқилган никоҳ дуруст бўлмайди.

(3) Эҳромдаги шахс уйланиб, хотинига яқинлик қилса ва кейинчалик шу хотинидан фарзанд кўрса, нима бўлади?

Бундай шахс барибир янгидан никоҳ шартномаси тузиши лозим. Туғилган фарзандлар оталарининг шаръий фарзандлари саналади. Чунки уларнинг ота-оналари ўрталарида никоҳ бор деган ўйда қўшилганлар.

(4) Эҳромдаги шахс модомики талоқ қилинган хотинининг иддаси тугамаган бўлса, уни қайтиб олиши жоиз. Чунки ражъий талоқ қилинган аёлни қайтиб олиш никоҳланиш саналмай, балки никоҳни давом эттириш ҳисобланади. Аммо аёлининг иддаси тугаса, у ҳолда уни никоҳига қайтиб ололмайди. Чунки уни қайтиб олиши учун валийсининг розилиги ва янги маҳр билан янгидан никоҳ шартномаси тузиш керак бўлади. Ҳолбуки, эҳромда никоҳ шартномаси тузиш жоиз эмас.

(5) Эҳромдаги шахс эҳромда бўлмаганларнинг никоҳ маросимида иштирок этиши жоиз. Чунки у ҳадисда айтилган никоҳланган ёки никоҳлаганлардан саналмайди.

Еттинчидан: жинсий яқинлик

Жинсий яқинлик қилиш эҳромда тақиқланган энг катта ишлардан биридир. Агар эҳромдаги шахс аёлига яқинлик қилса, бунинг ортидан у муайян ишларни қилиши лозим бўлади. Бу ҳақда иншааллоҳ «фидяга оид аҳкомлар» мавзусида батафсил сўз юритамиз.

Саккизинчидан: аёлини шаҳват билан қучоқлаш

Эҳромдаги шахс аёлини шаҳват билан ўпиши ва қучоқлаши тақиқланади. Агар бунинг натижасида шаҳватини қондирса, гуноҳкор бўлади. Бироқ бу билан ҳажи фосид бўлмайди. Уламолар зикр қилишган бу ҳукмнинг далилини билолмадим, валлоҳу аълам.

Тўққизинчидан: ов қилиш

Эҳромдаги шахснинг ов қилиши тақиқланади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, эҳромда бўлган чоғингизда овланадиган ҳайвонларни ўлдирмангизлар» [Моида: 95]. Ов қилиш тақиқланган ҳайвонлар қуруқликдаги ҳайвонлардир. Бинобарин, эҳромдаги шахс денгиз ҳайвонларини овлаши жоиз. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (яъни сувда яшовчи ҳайвонлар) ови ва унинг егуликлари (яъни сизлар овламай, балки ўзи соҳилга чиқиб қолган ҳайвонлари) ҳалол қилинди» [Моида: 96].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Овланган ҳайвон гўшти ейиладиган ҳайвон бўлса, фидя вожиб бўлади. Акс ҳолда, уни овлаш ҳаром бўлса-да, бироқ фидя вожиб бўлмайди (Ов қилиш жаримасига оид аҳкомлар келгусида зикр қилинади).

(2) Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар бир неча турга бўлинади. Гўшти ейилмайдиган шундай ҳайвонлар борки, шариат уларни ўлдиришга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Беш тур ҳайвон борки, уларнинг барчаси зараркунанда бўлиб, ҳарамда ҳам, ҳарамдан ташқарида ҳам (шунингдек, эҳромда ҳам) ўлдирилади. Улар қарға, калхат, чаён, сичқон ва қопағон ит»[7].

Шунингдек, чумоли, асалари ва попишак каби гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар борки, уларни ўлдиришдан қайтарилган. Айни пайтда шариат на ўлдиришга ва на ўлдирмасликка буюрган ҳайвонлар борки, агар улар зараркунанда бўлса, биринчи тур ҳайвонларга илова қилинади. Улардан зараркунанда бўлмаганлари хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Шунга кўра, эҳромдаги ёки эҳромдан ташқаридаги ҳар қандай инсон шер каби йиртқич ҳайвонларни, тўнғизни, бит, кана ва пашшаларни (уларнинг ўзини ёки болаларини) ўлдириши жоиз.

(3) Агар эҳромдаги инсоннинг хонаки ҳайвони қочиб кетса ва уни овламасдан қўлга киритиш имкони бўлмаса, овлашнинг зиёни йўқ.

(4) Агар эҳромдаги инсонга бирон ҳайвон ҳужум қилса-ю, уни ўлдирмай ҳимояланиш имкони бўлмаса, ҳайвонни ўлдириб, ўзини ҳимоя қилади ва бунинг учун унга фидя вожиб бўлмайди.

(5) Эҳромдаги инсон овлаган ҳайвон ўлимтик ҳукмида бўлади. Бинобарин, уни ўзи ҳам, ундан бошқаси ҳам ейиши ҳалол эмас.

(6) Эҳромдаги инсон эҳромдан ташқаридаги инсон овлаган ҳайвонни ейиши жоиз. Аммо эҳромдаги шахс ҳайвонни овлашга ёрдам берган ёки эҳромдан ташқаридаги шахс ҳайвонни унга атаб овлаган бўлса, у ҳолда ундан ейиши ҳалол бўлмайди.

(7) Эҳромдаги шахс эҳромга киришидан олдин овлаган ҳайвонидан эҳромга киргач ейиши жоиз.

(8) Эҳромдаги шахс бир ҳайвонни овласа, сўнг эҳромда бўлмаган бири ундан овни тортиб олса, ов уники бўлиб қолади. Овлаган киши эҳромдан чиққандан кейин ҳам овлаган ҳайвонига эгалик қила олмайди.

(9) Ов қилиш жазоси (жаримаси)га оид ҳукмлар келгусида зикр қилинади, иншааллоҳ.

[1] Бухорий (1265), Муслим (1206), Абу Довуд (3238), Термизий (951), Насоий (5/195), Ибн Можа (3084) ривояти.
[2] Муслим (1218) ривояти.
[3] Бухорий (1542), Муслим (1177), Абу Довуд (1824), Термизий (833), Насоий (5/131), Ибн Можа (2929) ривояти.
[4] Бухорий (1838), Абу Довуд (1825), Термизий (833), Насоий (5/133) ривояти.
[5] Саҳиҳ: Абу Довуд (1833), Ибн Можа (2935), Аҳмад (6/30).
[6] Муслим (1409), Абу Довуд (1841, 1842), Термизий (840), Насоий (5/192), Ибн Можа (1966) ривояти.
[7] Бухорий (1829), Муслим (1198), Термизий (837), Насоий (5/210), Ибн Можа (3087) ривояти.

Изоҳ қолдиринг