Пайғамбаримиз намозларининг кўриниши (11)

0

Тўқсонинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي مَسْلَمَةَ سَعِيدِ بْنِ يَزِيدَ قَالَ: ((سَأَلْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ: أَكَانَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي فِي نَعْلَيْهِ؟ قَالَ: نَعَمْ)) .

Абу Салама Саид ибн Язид айтади: “Мен Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан сўрадим: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқ кийимларида намоз ўқир эдиларми?”. У: “Ҳа”, деб жавоб берди[Бухорий: 386 ва Муслим: 555].

Шарҳ:

Саид ибн Язид Пайғамбаримизга эргашиш мақсадида Анас ибн Моликдан у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам пойафзалларида намоз ўқиганлари ҳақида сўрайди. Анас: “Ҳа, Пайғамбаримиз пойафзалларида намоз ўқир эдилар. Бу у зотнинг суннати саналади”, деган мазмунда жавоб беради.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Пойафзалда намоз ўқиш мустаҳаб. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пойафзалда намоз ўқир эдилар.

2 – Пойафзал нажосат ва кирлардан холи бўлса, у билан масжидга кириш жоиз.

3 – Пойафзал аслида пок деб эътибор қилинади. Унда нажосат бўлиши мумкин, деган гумоннинг ўзи билан у нопок бўлиб қолмайди.

Фойда:

Пойафзалда намоз ўқиш ва у билан масжидга кириш ҳозирги кунимизда қийин масалалардан бирига айланиб қолди. Ҳолбуки, Пайғамбаримизнинг ҳадисларида пойафзалда намоз ўқиш жоизлиги тугул, мустаҳаблиги очиқ айтилган. Албатта, бу суннатга амал қилишимиз лозимдир.

Абу Довуд Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Яҳудларга хилоф иш тутинглар. Зеро, улар пойафзаллари ва маҳсиларида намоз ўқишмайди [Абу Довуд: 652].

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Биронтангиз масжидга кирмоқчи бўлса, пойафзалига қарасин. Агар унда бирон нажосат ёки нопок нарсани кўрса, пойафзалини (ерга) ишқалаб тозаласин ва унда намоз ўқийверсин[Абу Довуд: 650].

Пойафзални нажосат ва нопок нарсалардан тозалагач, унда намоз ўқиш жоиз бўлишини ифодалайдиган бундан бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам келган.

Авом одамлар ва баъзи мутаассиб толиби илмлар пойафзалда намоз ўқиш жоизлиги хусусида сиз билан тортишадилар. Уларнинг фикрича, ушбу суннатни тирилтириш сукут қилиб бўлмайдиган ёмон ишлардан саналади. Агар уларга бу ишнинг жоизлигини қўллаб-қувватлайдиган далилларни келтирсангиз: “Бу бир вақтлар жоиз бўлган. Лекин ҳозирги кунимизга тўғри келмайди”, деб жавоб беришади. Гўёки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин у зотнинг бу суннатлари насх (бекор) қилинган ёки ўзгартирилгандай! Наҳотки, улар Пайғамбаримиз келтирган шариат то қиёмат кунига қадар барча инсонларга муносиб шариат эканини билмайдилар?!

Ислом динининг негиз-асосларидан саналмаган айрим суннатларга амал қилмоқчи бўлган одам унинг ортидан келадиган фойда ва зарарларга назар солиши лозим. Агар муайян бир суннатга амал қилиш ортидан катта фитна чиқадиган ва унинг зарари фойдасидан каттароқ бўлса, у ҳолда зарарни олдини олиш мақсадида бу суннатга амал қилинмайди.  Зеро, шариатимиз фойдаси аниқ ёки фойдаси зараридан каттароқ бўлган ишларга буюради.

Изоҳ қолдиринг