Ярим эҳромдан чиқиш

0

(20) Ярим эҳромдан чиқиш

Ҳожилар Наҳр (ҳайит) куни Жамрати куброда тош отишгач, ярим эҳромдан чиққан ҳисобланадилар. Маълумки, эҳромдаги инсонга талай ишларни қилиш тақиқланади. Биз уларни эҳромда тақиқланган ишлар тўғрисидаги мақоламизда батафсил айтиб ўтган эдик. Бироқ ҳожилар Наҳр куни Жамрати куброда тош отишгач, аёлларга яқинлик қилишдан ташқари мазкур тақиқланган ишларнинг барчаси ҳалол бўлади. Бу ярим ёхуд биринчи эҳромдан чиқиш деб аталади. Иккинчи тўлиқ эҳромдан чиқиш эса шу куннинг ўзида тавофи ифоза қилгандан сўнг амалга ошади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар Жамрада тош отсангизлар, сизлар учун аёлларга яқинлик қилишдан ташқари (эҳром ўраш сабабли ҳаром қилинган) барча ишлар ҳалол бўлади…[1].

Баъзи уламоларнинг фикрича, ҳожилар Жамрати куброда тош отиб, сочларини қиргач ёки қисқартиргач ярим эҳромдан чиқадилар. Мазкур масалада турлича фикрлар мавжуд. Бироқ тўғрироқ фикр биз юқорида зикр қилган фикрдир, валлоҳу аълам. Бинобарин, тош отиб, ярим эҳромдан чиққан ҳожилар эҳром либосини ечиб, одатдаги кийимларини кийишлари, хушбўйликларни ишлатишлари жоиз бўлади. Бошқача қилиб айтганда, улар учун аёлларга яқинлик қилишдан ташқари эҳромда тақиқланган барча ишларни қилиш жоиз бўлади.

[1] Аҳмад (1/234) «марфуан» ривоят қилган. Шунингдек, Аҳмад (1/344), Насоий (5/277), Ибн Можа (3041) «мавқуфан» ривоят қилишган. Қолаверса,шунга ўхшаш ҳадисни Аҳмад (6/143) ва Абу Довуд (1978) Ойша розияллоҳу анҳодан марфуан ривоят қилишган. Бироқ ҳадис санади заиф. Албоний юқоридаги ҳадисни «Ас-саҳиҳа»да ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи ривоятларга таяниб саҳиҳ деган. Албоний мазкур ривоятларга «Ал-ирво»да (4/235) ишора қилган.

Изоҳ қолдиринг