Умар розияллоҳу анҳу: Эркинликлар

0

Хулафои рошидинлар даврида эркинлик тамойили давлатчиликнинг асосий тамойилларидан (принципларидан) бири эди. Ушбу тамойилдан келиб чиқиб, давлат одамларнинг умумий эркинликларини исломий шариат ҳудудларида ва унга зид келмайдиган кўринишда тўла таъминлаган ва ўз кафолати остига олган эди. Исломнинг барча инсонларнинг эркинликларини кафолатлашга бўлган даъвати жуда кенг кўламда ва катта доирада бўлиб, унга ўхшаши тарихда бошқа бирон тузумда кўрилмаган. Исломнинг бу соҳада қўйган дастлабки қадамларидан бири кўплаб Қуръон оятларида одамларни Аллоҳни ягона ҳақ илоҳ деб билишга ва ибодатни фақат унга йўналтиришга чақириғи бўлиб, тавҳидга бўлган ушбу чақириқ зимнида инсон эркинлиги ва мустақиллиги маъноларининг барчаси мужассамдир. Бунга қўшимча, ислом эркинликнинг барча маъно, мазмун ва тушунчаларини эътироф этди. Эркинлик баъзан ижобий, яъни бирон ишни қилишда бўлади, амри маъруф ва наҳий мункар қилишга ўхшаш. Баъзан эса салбий, яъни бирон ишдан тийилишда бўлади, бировни зўрлаб динга киритишдан тийилишга ўхшаш. Кўпинча унинг маъноси раҳм-шафқат, адолат, шўро ва тенглик тушунчаларига қоришиб кетади, чунки ислом чақирадиган ушбу тамойиллардан ҳар бири амалга ошиши ва рўёбга чиқиши учун эркинлик бўлиши зарур. Исломий халифаликда, хусусан хулафои рошидин даврида эркинликларга кенг йўл берилди. Зеро, ислом инсонни мукаррам санади, унинг эркинликларини кенг доирада кафолатлади. Таққослаш учун, ўша даврда Рум ва Форс давлатларида ҳукм сурган сиёсий тузумлар мустабидлик ва зўравонлик, тоифа ва табақачилик асосига қурилган бўлиб, уларда асосан оддий халқ, хусусан сиёсий мухолифлар ва диний озчиликлар ўта қаттиқ тазйиқлар, босимлар, зулм ва қувғинларга дучор бўларди. Мисол учун, Рум давлатида, хусусан Миср ва Шомда яъқубийлик мазҳабини тутганлар давлатнинг расмий диний мазҳаби бўлмиш маликонийлик мазҳабига ўтишга мажбур этиларди. Қанчадан қанча мухолифларни ўз йўлларига ўтказиш учун оловда куйдириб азоблардилар, кўнмаганларни қум тўлдирилган қопларга солиб денгизга отардилар. Шунингдек, Форс давлати ҳам асрлар мобайнида самовий динларга эътиқод қилувчи миллатларга, хусусан масиҳийларга нисбатан қатағон сиёсатини олиб борган эди. Исломда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ва хулафои рошидин даврида бугунги кунимизда маълум бўлган умумий эркинликларнинг бари тўла амалда бўлди. Қуйида Форуқ розияллоҳу анҳу давридаги эркинликлар ҳақида баъзи тафсилотларни келтирамиз:

Биринчи: диний эътиқод эркинлиги

Ислом дини ҳеч кимга ўзини мажбурлаб қабул қилдирмади, балки у инсонларни борлиқ ва ундаги Аллоҳнинг махлуқоту мавжудотлари ҳақида ва бу дин ҳақида фикр юритишга чорлади ва ўзига эргашган кишиларни одамлар билан чиройли услубда баҳс-мунозара олиб боришга буюрди.

Аллоҳ таоло айтади: “Динга мажбурлаб киритиш йўқдир” [Бақара: 256].

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Пайғамбар), агар улар энди ҳам (иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, билингки, Биз сизни улар устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангизда фақат (Биз сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор, холос” [Шўро: 48].

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Пайғамбар), Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда баҳс-мунозара қилинг! Шубҳасиз, Роббингиз Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билади ва У зот ҳидоят топувчи кишиларни ҳам жуда яхши билади” [Наҳл: 125].

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўминлар), сизлар ахли китоб билан фақат энг чиройли услубда баҳс-мунозара қилинглар, фақат уларнинг орасидаги зулму зўравонлик қилган кимсалар билангина (кескин муомала қилишингиз мумкин). Ва айтинглар: “Биз ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ҳам, сизларнинг илоҳингиз ҳам Бир илоҳдир ва биз Унгагина бўйсунувчимиз” [Анкабут: 46].

Қуръони Каримда бу мавзуда бундан бошқа ҳам кўплаб оятлар келган.

Шунинг учун Умар Форуқни ўз давлат бошқарувида диний эркинликларни ҳимоя қилишга ва бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва рошид халифа Абу Бакрнинг йўлини тутишга қаттиқ эътибор берганини кўрамиз. У аҳли китобларни ўз динларида қолишларига йўл қўйиб берди, улардан жизяни қабул қилди, улар билан битимлар тузди, унинг даврида аҳли китобларнинг ибодатхоналари бузиб ташланмасдан ўз ҳолича қолдирилди. Сабаби, Аллоҳ таоло Қуръонда мана бундай деган эди: “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) черковлари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди” [Ҳаж: 40].

Умар Форуқ даврида саҳобалар олиб борган фатҳ ҳаракатлари ҳам исломнинг ўзга динларни эҳтиром этганига ва олий раҳбарият бирон кимсани исломга зўрлик билан киритмасликка қаттиқ эътибор берганига гувоҳлик беради.

Форуқнинг ўзи бир марта унинг ҳузурига бир кекса насроний аёл ўз ҳожати билан келганида унга: “Исломни қабул қилгин, (охират азобидан) саломат қоласан, зотан Аллоҳ Муҳаммадни ҳақ билан юборган”, деди. Кампир унга: “Мен бир оёғим гўрда бўлган қари кампирман”, деб жавоб берди. Умар унинг ҳожатини ўтаб берди, кейин ўзининг унга қилган хитоби билан унинг эҳтиёжмандлигидан фойдаланиб исломга киришга мажбур қилган бўлишидан қўрқди ва Аллоҳга истиғфор айтиб: “Эй Аллоҳ, мен унга йўл кўрсатдим, мажбурламадим”, деди[1].

Умар розияллоҳу анҳунинг Ашақ номли насроний қули бор эди. У айтади: “Мен Умарнинг қули эдим, ўзим насроний эдим. У менга: “Исломни қабул қилганингда, мусулмонларнинг баъзи ишларида сенинг ёрдамингдан фойдаланардик, чунки мусулмонлар ишида ғайридинлар ёрдамига суянишимиз тўғри келмайди” деган эди, мен рози бўлмадим. Шунда у: “Динга мажбурлаб киргизиш йўқ”, деди. Вафоти олдидан мени озод қилди ва истаган ерингга кетавер, деди[2].

Аҳли китоблар ибодатхоналарида ва уйларида ўз диний ибодатлари ва расм-русумларини бемалол адо этиша оларди, ҳеч ким уларни бундан ман қилмас эди. Чунки ислом шариати улар учун эътиқод эркинлигини кафолатлаган эди. Имом Табарий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Илиё (Қудс) аҳлига ёзган аҳдномаси матнини келтириб, унда Илиё аҳолисига жонлари, моллари, хочлари ва черковларига омонлик берганини таъкидлайди[3].

Умар розияллоҳу анҳунинг Мисрдаги волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср аҳолисига битган аҳдномасини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Амр ибн Ос Миср аҳолисига жонлари, динлари, моллари, черковлари, хочлари, қуруқликлари ва денгизлари борасида берган омонлик хатидир” деб бошлаган ва хатда битилган сўзларга Аллоҳнинг аҳди ва пайғамбарининг, мўминлар амири халифанинг ва барча мўминларнинг зиммаси (аҳди) берилишини таъкидлаган эди[4].

Умар Форуқ жамиятда эътиқод эркинлиги қоидасига тўла амал қилинишига қаттиқ аҳамият қаратди. У ўзининг насронийлар ва яҳудийлар борасидаги сиёсатини қуйидаги қисқа жумлада ифодалаган эди: “Биз уларга ибодатхоналарини очиб беришга ва улар унда истаган сўзларини айтишлари мумкинлигига, уларга имкониятларида бўлмаган ишларни юкламасликка, агар душманлари уларга ёмонлик етказишни истаса, уларни ҳимоя қилиб урушишга аҳд бердик, уларга ўзларининг ҳукмларини татбиқ қилишларига изн бердик, қачон улар бизнинг ҳукмларимизга рози бўлиб келишса, улар ўртасида ҳукм қиламиз, агар муаммоларини биздан махфий тутишса, улар ишига аралашмаймиз”[5].

Умар розияллоҳу анҳу аҳли зиммаларга нисбатан бағрикенглик қилар, уларни жизя тўлашга қодир бўлмаган пайтларида жизядан озод этарди. Абу Убайд “Китобул амвол”да ёзади: Умар розияллоҳу анҳу бир маҳалладан ўтиб кетаётиб, кекса ёшли кўзи ожиз бир тиланчи эшик қоқиб, тиланиб турганини кўрди. Умар унинг билагидан тутиб: “Аҳли китобнинг қай биридансан?”, деб сўради. У: “Яҳудийман”, деб жавоб берди. “Қандай қилиб бундай аҳволга тушиб қолдинг?”, деб сўраган эди: “Жизя тўлаш учун, яна ҳожатмандлигим ва кексалигим учун сўранаяпман”, деди. Умар унинг қўлидан тутиб, уйига олиб борди ва уйидан озроқ нарса олиб чиқиб берди. Сўнг байтулмол хазинабонини чақириб, унга: “Мана бу одамни ва унга ўхшаганларни қара! Қасамки, биз уларга инсоф қилмабмиз, ёшлигида фойдаланиб, қариганида ёрдамсиз қўйибмиз”, деди. Сўнг ундан ва у кабилардан жизяни бекор қилди[6]. Узоқ-яқиндаги волийларига ҳам шундай қилишга топшириқ бериб, мактублар юборди[7].

Бу каби ишлар исломнинг адолатига ва Умар Форуқнинг давлат бошқаруви адолат ва раиятга – гарчи ғайридин бўлса ҳам – меҳрибонлик тамойилига қурилганига далил бўлади. Рошид халифалик асри диний эътиқод эркинлиги давлат тарафидан кафолатга олингани ва шариат қонун-қоидалари билан мустаҳкамлаб қўйилгани билан тарихда ўчмас из қолдирди.

 

[1] Эдуард Ғолий, “Ислом жамиятида ғайридинларга муносабат” (41-бет).
[2] “Низомул ҳукм фиш шариа ват тарихил исломий” (1/58).
[3] “Тарихи Табарий” (4/158).
[4] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/98).
[5] “Низомул ҳукми фий аҳдил хулафоир рошидийн” (117-бет).
[6] Абу Убайд, “Ал-амвол” (57-бет). Ибн Қаййим, “Аҳком аҳлиз зимма” (1/38).
[7] Зайлаъий, “Насбур роя” (7/453).

Изоҳ қолдиринг