Ботинийларнинг номлари ва уларга бу номлар берилишининг сабаблари (5)

0

7) Худосизлар

Бундай ном олишларинниг сабаби улар Аллоҳ таолонинг борлигини инкор этадилар, коинотдаги ҳодисалар юлдузлар таъсири билан содир бўлади деб эътиқод қиладилар. Тўғри, уларнинг китобларида Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ҳақида сўз юритилган. Бироқ бу сифатлар чуқур ўрганилса, “Аллоҳ йўқ” деган хулоса келиб чиқади.

8) Маздакийлар

Улар Маздак номли кишига эргашганлари сабабли бу номни олганлар.

9) Бобакийлар

Улар халифа Мўътасимнинг даврида Озарбайжон томондан чиққан Бобак Хуррамий исмли шахсга эргашганлари учун бу номни олганлар. Бобакийлар маълум бир кунни белгилаб, ўша куни кечаси эркагу аёллар бир жойга йиғилар эдилар. Сўнг чироқларни ўчириб, ҳар ким ўзи ушлаган аёли билан бирга тунарди. Уларнинг даъвосига кўра, ким қайси аёлни “овласа” ўша аёл ким бўлишидан қатъий назар, унга ҳалол бўлар эмиш. Уларнинг наздида бу қабоҳат энг лаззатли ҳалол иш экан. Бу тарзда ўтказиладиган кеча “лайлатул ифоза” деб номланарди. Мазкур қабиҳ амалдан ҳатто ҳайвонлар ҳам ҳазар қилади. Бироқ Аллоҳ таоло адаштириб қўйса, ўзини барча махлуқотлардан ақлли санаган инсонлар ҳайвонданда тубанлашиб кетаркан. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!

Шунингдек, улар пайғамбаримиздан олдин бир пайғамбар ўтган ва у пайғамбаримиздан ҳам афзал бўлган, деб эътиқод қилишади[1].

10) Хуррамийлар ёхуд хуррами динийлар

Хуррам – форсча сўз бўлиб, хурсандчилик маъносини англатади. Улар шариатдаги барча мажбуриятларни инкор этиб, ҳар қандай шаҳвоний ишларни қилишга рухсат беришгани учун мазкур номни олишган. Хуррамийларнинг мазкур қабиҳ ишларни қилиш учун қўйган ягона шарти ҳеч кимга зарар бермаслик бўлган. Уларнинг эътиқодига кўра, модомики ўзаро келишув ва хоҳиш асосида бўлар экан, ҳар қандай фаҳш ишни қилиш жоиз бўлади. Ислом келишидан олдинги маздакийларнинг лақаби ҳам шундай бўлган.

11) Муҳаммиралар

Улар нега бу ном билан аталганлари ҳақида турли хил фикрлар бор, жумладан:

  • Улар Бобакнинг даврида кийимларини қизилга бўяб юришгани ва бу уларнинг асосий белгилари бўлгани учун мазкур номни олишган. Шунга кўра, муҳаммира “қизиллар” маъносида бўлади;

  • Улар ўз рақибларини “эшак” деб аташгани учун бу номни олишган. Бу фикрга кўра, муҳаммира “эшак деб айтувчилар” маъносида бўлади[2];

  • Уларнинг хулқ-атвори ҳайвонларникидан фарқ қилмагани учун бу номни олишган. Шунга кўра, муҳаммира “эшаксимонлар” маъносида бўлади[3].

Аксар уламолар биринчи фикрни тўғрироқ деб айтишган. Шундай бўлса-да, мазкур сифатларнинг барчаси уларда топилган бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Мустафо Ғолиб исмли ботинийларнинг олими ўзининг “Аъломул исмоилийя” китобида ботинийларга “ҳодия”, яъни “ҳидоятловчи” деб янги ном қўйган. Ҳар қандай инсон ҳидоятни севгани ва ҳидоятда бўлишни хоҳлагани учун бу исм қулоққа ёқимли эшитилиши табиий ҳол. Бироқ яхши исм танлашнинг ўзи инсонни залолат ботқоғидан ҳидоят чашмасига олиб чиқмайди. Бу тоифани залолат ботқоғида дейишимиз бежиз эмас. Чунки мазкур китобнинг муаллифи имомлар ҳақида шундай дейди: “Исмоилийлар зоҳиран имомларни оддий одам, улар ҳам лойдан яралган, касаллик ва мусибатларга, ҳатто ўлимга дучор бўлиши мумкин ва бундан бошқа барча инсоний сифатлар уларда топилади, деб билишади. Лекин ботиний талқинларга биноан, имомда Аллоҳнинг юзи, қўли ва улуғворлиги бор. Қиёмат кунида инсонларни имом ҳисоб-китоб қилади. “Сиротул мустақим” ҳам имом, “зикрул ҳаким” ҳам имом. Унинг бундан бошқа сифатлари ҳам бор”[4].

Маълумки, ботинийлар Аллоҳ таолони “Ақлул аввал” ёхуд “Собиқ” деб аташади. Энди эса уларнинг имомлари ҳақидаги эътиқодига бир назар солинг: “Ерда руҳоний ички оламни мужассам этувчи бир жисмоний олам бўлиши шарт. Имом худди Собиқдек ва унинг ҳужжати қуйидагидир. Ақлул аввалнинг, яъни Собиқнинг барча хусусиятлари имомда мужассам қилинган”[5]. Яъни, исмоилийларнинг эътиқодига кўра, уларнинг имоми худди Аллоҳдек бўлади. Айтингчи, бундан ортиқ залолат бўлиши мумкинми?! Юқорида келтирган гапларимиз бу тоифанинг қанчалар диндан узоқ эканини исботлайди. Энди улар ўзларини ҳар қандай ном билан номлашмасин, бунинг заррача фойдаси йўқ. Улар диндан чиққан кофирдирлар.

Улар ўз китобларида Али ибн Абу Толиб, Муҳаммад Боқир, Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб каби мусулмонларнинг баъзи имомлари ҳақида сўз юритганларига ҳайратланмаслигимиз керак. Чунки ботинийларнинг ўзларини шиалар ниқоби остида мусулмон қилиб кўрсатишдан бошқа чоралари қолмаган. Иншааллоҳ, келгуси мақолаларимиздан бошлаб, бу кофирлар инсонларни алдаш учун қандай ҳийлалар ишлатишгани ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Фазоиҳул ботинийя” китоби, 15-бет.
[2] “Фазоиҳул ботинийя” китоби, 17-бет.
[3] “Ал-адёну вал фирақу вал мазоҳибул муосира” китоби, 80-бет.
[4] “Аъломул исмоилийя” китоби, 30-бет.
[5] “Аъломул исмоилийя” китоби, 33-бет.

Изоҳ қолдиринг