«Муовама», «сунё», «ҳабалил ҳабала», «мазомийн» ва «малоқийҳ» савдосини қилмаслик

0

(5) «Муовама» савдосини қилмаслик

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «муҳоқала», «музобана», «муовама», «мухобара» ва «сунё»дан қайтардилар, «ароё»га рухсат бердилар»[1].

“Муовама” (яъни бир неча йилга савдолашиш) савдосидан мақсад бирон мажҳул нарсани, айтайлик, бир хурмо дарахти мевасини  бир неча йил муддатга савдо қилиш. Бу турли савдо жоиз эмас.

Ибн Мунзир айтади: “Уламолар дарахт ҳосилини бир неча йилга сотиш жоиз эмаслигига ижмо қилганлар[2].

(6) «Сунё» савдосини қилмаслик

 «Сунё» (яъни истисно)дан мақсад савдода истисно қилишдир. Савдода истисно қилиш икки тур бўлади:

1) Номаълум нарсани истисно қилиш. Айтайлик, сотувчи харидорга: «Мана бу дарахтлар ёки мана бу газламаларнинг бир қисмидан қолганини сенга сотдим», дейди. Истисно қилинган қисм ноаниқ бўлгани учун бу турли савдо дуруст бўлмайди.

2) Маълум нарсани истисно қилиш. Масалан, сотувчи харидорга: «Мана бу дарахт ёки мана бу газламадан ташқари ушбу дарахтларни ёки ушбу газламаларни сенга сотдим», дейди. Бу тур савдода истисно қилинган нарса аниқ бўлгани учун савдо дуруст бўлади.

(7) «Ҳабалил ҳабала»[3] савдосини қилмаслик

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ҳабалил ҳабала»дан қайтардилар». У жоҳилият даврида жорий бўлиб келган савдо тури эди. Бир инсон туя қорнидаги ҳомиласини туғиб, сўнг туғилган боласи ҳам бўғоз бўлиб, бола туғса, ўшанда пулини бериш шарти билан туясини насияга сотар эди[4].

(8) «Мазомийн» ва «малоқийҳ» савдосини қилмаслик

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар «мазомийн» ва «малоқийҳ»ни сотиш ҳаром эканига ижмо қилганлар»[5].

«Мазомийн» – муайян эркак ҳайвон уруғидан туғилажак ҳайвонлар. «Малоқийҳ» – урғочи ҳайвонлар қорнидаги ҳомилалар. Одамлар жоҳилият даврида урғочи ҳайвон қорнидаги ҳануз туғилмаган ҳомилани, шунингдек, бир йил давомида муайян бир эркак ҳайвондан қочган бир ёки бир неча урғочи ҳайвонларнинг болаларини савдо қилишар эди. Ислом келиши билан бу каби савдолардан қайтарди. Чунки унда мажҳуллик, зарар ва алданиш бор.

[1] Бухорий (2381), Муслим (1536), Абу Довуд (3404), Термизий (1313), Насоий (7/296), Ибн Можа (2266) ривояти.
[2] «Ал-ижмо» (52-бет).
[3] «Ҳабалил ҳабала» – ўзбек тилида «бўғоз ҳайвонларнинг ҳомиласи» деган маънони англатади. Уламолар бу тур савдодан мақсад нима экани хусусида ихтилоф қилганлар. Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича (юқорида айтиб ўтилганидек), бу турли савдодан мақсад бўғоз ҳайвон ҳомиласини туғиб, сўнг туғилган боласи ҳам туққунга қадар уни насияга сотишдан иборатдир. Бу фикрни Шофеий, Молик ва уларга эргашган уламолар билдиришган. Иккинчи бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бу савдодан мақсад бўғоз ҳайвон қорнидаги ҳомилани сотишдир. Бу имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, шунингдек, луғатшунослар фикридир. Мазкур фикр луғат жиҳатидан маъқул бўлса-да, бироқ ҳадис ровийси Ибн Умар розияллоҳу анҳумо «ҳабалил ҳабала»ни биринчи тафсир билан изоҳлаган. Ҳар икки тафсирга кўра, бундай савдо ботилдир. Чунки биринчи тафсирга кўра, бу савдодан товарни номаълум муддатга насияга сотиш келиб чиқса, иккинчи тафсирга кўра эса, ҳануз мавжуд бўлмаган, қўлга киритилмаган ва харидорга топшириш имконсиз ноаниқ товарни сотиш келиб чиқади. Маълумки, шариатимизда мазкур ҳар икки ишдан қайтарилган, валлоҳу аълам.
[4] Бухорий (2143, 2256, 3843), Муслим (1514), Абу Довуд (3380), Термизий (1229), Насоий (7/293), Ибн Можа (2197) ривояти. Ҳадисдаги “Бир киши туясини…”, деб бошланадиган охири “мудраж” бўлиб, ҳадис ровийси Нофеънинг сўзидир.
[5] “Ал-ижмо” (52-бет).

Изоҳ қолдиринг