Усмон розияллоҳу анҳу: Қариндошларига байтулмолдан беҳисоб мол-мулклар бергани ҳақидаги гаплар

0

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу хаворижлар ва иғвогар кимсалар томонидан байтулмолга исроф билан ёндашганлик ва қариндош-уруғларига беҳисоб бойликларни ҳадя қилганлик билан айбланди. Сабаийлар ва шиа рофизалар бошчилигидаги Усмонни қоралаш ва ёмон кўрсатишга жон-жаҳди билан киришган кимсалар бу иддиоларни шишириб кўпиртирдилар. Уларнинг кўплаб ёлғон-яшиқ гаплари тарих китобларига кириб қолди, айрим тарихчилар ва мафкурачилар бу гапларни ҳақиқат сифатида қабул қилиб, уларнинг ёйилишига сабаб бўлдилар. Аслида, улар ҳеч қандай асосга эга бўлмаган пуч ва уйдирма гаплар эди.

Усмон розияллоҳу анҳу аввалдан ҳам улкан бойлик эгаси эди, илгаридан ўз қариндош-уруғларига мурувватлилиги ва сахийлик билан мўл-кўл бойликлар туҳфа этиши билан машҳур эди. Табиийки, у бу саховатпешалигини ўз шахсий бойликларидан қиларди. Аммо ғаразгўй кимсалар уни бу хайр-эҳсонларни байтулмол ҳисобидан қилгани ҳақидаги шубҳаларни урчитишга зўр бериб уринишди. Усмон розияллоҳу анҳу бу гапларга ўз муносабатини билдириб, шундай деганди: “Айтишларича, мен ўз қариндошларимни яхши кўрар ва уларга кўп туҳфалар берар эканман. Уларни яхши кўришимга келсак, тўғри, мен уларни яхши кўраман, лекин уларга бўлган муҳаббатим мени жавр йўлига оғдирмади, балки мен улар зиммасига ҳақ-ҳуқуқларни ҳам юклайман. Уларга ҳадялар беришимга келсак, мен бу ҳадяларни ўз молимдан бераман. Мусулмонларнинг умумий молини ўзимга ҳам, бошқа бирон кишига ҳам ҳалол санамайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб даврларида ҳам фуқароларга ўз молимдан жуда кўп туҳфалар ва нафақалар бериб келганман. У даврда мен ёш ва мол-дунёга муҳаббатли бўлган ҳолда шундай қилардим. Энди ёшим ўтиб, умрим ниҳоясига яқинлашган бир пайтда қариндош-уруғларимга мол-мулкимни улашсам, улар мен ҳақимда шундай гапларни гапиришадими?!”[1]

Усмон ибн Аффон ўз мол-мулкини ва ерларини ўз қабиласи бўлмиш Бани Умайяга тарқатиб берди, ўз фарзанларига ҳам улар қаторида тақсимлади. Дастлаб Абул Ос ўғилларига ҳар бирига ўн мингдан, жами юз минг дирҳам берди. Усмон ўғилларига ҳам шунча берди. Қолганини Бани Ос, Бани Ийс ва Бани Ҳарбга тақсимлади[2].

Бу билан биз Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз қариндош-уруғларини байтулмолдан бутунлай маҳрум қилган ва уларга ҳеч нарса бермаган, деган гапдан ҳам йироқмиз. Унинг байтулмолдан беҳисоб бойликларни ўз қариндошларига бериб юборгани ҳақидаги гаплар бўш  иддио ва асоссиз туҳмат эканини таъкидламоқчимиз, холос. Аслида, байтулмолдан бешдан бири имомнинг (давлат бошлиғининг) ҳаққи бўлиб, имом уни ўз яқинларига ва ўзи истаган кишиларга беришга ҳақлидир. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Умумий ғаниматлардан байтулмолга топшириладиган бешдан бир улушнинг бир қисми қариндош-уруғлар улуши бўлиб, баъзи фуқаҳолар фикрига кўра, мазкур улуш имомнинг қариндошлари улушидир. Ҳасан Басрий, Абу Савр шу фикрни айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давлат бошлиғи сифатида қариндошларига берардилар. (“Ҳашр” сурасидаги оятда айтилган) “қариндош-уруғлар” Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида у зотнинг қариндошлари бўлиб, у зотнинг вафотларидан сўнг давлат бошлиғи бўлган кишиларнинг қариндошлари бўлади. Сабаби, давлат раҳбарини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва атрофида кўмакчи бўлиб туриш лозим, унинг қариндошлари бошқалардан кўра буни яхшироқ бажаришади… Умардан сўнг иш бошига келган раҳбарларнинг мутлақ аксарияти баъзи қариндош-уруғларини волийлик ё бойликларга хослаган[3]… Усмоннинг бойликлар борасидаги сиёсатини шундай талқин қилиш мумкин: 1) у улар устида омил (вазифадор), омил эса бой бўлса ҳам ҳақдор; 2) қариндош-уруғлар имомнинг қариндош-уруғларидир; 3) Усмоннинг қариндошлари жуда катта қабила эди, улар Абу Бакр ва Умарнинг қабилалари каби кичик ва озчилик эмасди. Шу туфайли унинг қариндошларига берган нафақалари ва уларни волийликларга тайинлагани одамлар кўзига нисбатан кўп бўлиб кўринган”[4].

“Тарихи Табарий”да ёзилишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу (қариндошларидан бўлмиш) Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳга Тунисни фатҳ қилиш учун Мисрдан йўлга отланишга буюрганида унга: “Агар Аллоҳ сени Африкани фатҳ қилишга муваффақ этса, унда мусулмонлар қўлига тушган барча ўлжалардан байтулмолга олинадиган бешдан бир улушдан бешдан бири сенга бўлади”, деди. Шундан сўнг Абдуллоҳ қўшинга бош бўлиб, Африкага кириб борди ва уни буткул фатҳ этди. Сўнг қўлга киритилган ўлжаларни аскарлар орасида тақсимлади, байтулмолга тегишли бешдан бир улушдан бешдан бирини ўзига олиб қолиб, қолган тўрт қисмини Мадинага Усмон ҳузурига юборди. Ғаниматларни Усмонга келтириб топширган кишилардан баъзилари Абдуллоҳ унинг бешдан бир қисмини ўзига олиб қолганини айтиб, Усмонга шикоят қилдилар. Усмон уларга, уни бундай қилишга мен буюрганман, агар сизлар норози бўлсанглар, ундан қайтариб олинади, деди. Улар, биз норозимиз, дейишгач, Усмон Абдуллоҳга ўзи олиб қолган молларни байтулмолга қайтаришни буюрди ва у қайтариб берди[5]. Аслида, жиҳодларда бой-бадавлат ва куч-қудратли кишиларга ҳам ўлжалардан қўшимча улуш бериш суннатда ҳам бор[6].

Африка фатҳида қўлга киритилган ғаниматлар ичида Мадинага олиб кетиш қийин бўлган ҳайвонлар ва бошқа юклар ҳам бўлиб, Марвон ибн Ҳакам уларни юз минг дирҳамга сотиб олган, кўп қисмининг пулини тўлаб, бир қисми зиммасида қолган эди. У фатҳ хабарини Усмонга олиб келганида хушхабарига суюнчи ўлароқ Усмон унинг зиммасидаги ҳақни ўзига ҳадя қилди. Имом хушхабар келтирган кишига келтирган хабарининг муҳимлиги ва чеккан машаққати эвазига ўзи муносиб кўрган миқдорда суюнчи беришга ҳақлидир. Усмоннинг Марвонга қилган ҳадяси шу қабилдан эди. Унга Африка ғаниматларининг бешдан бирини бериб юборгани ҳақидаги гаплар ғирт бўҳтон ва уйдирмадир[7]. Тўғри, Усмон розияллоҳу анҳунинг қариндошларига муҳаббати кучли эди. Бироқ, бу уни уларни деб ҳаромга қўл уришга ёки молиявий ишларда ғирромлик йўлини тутишга олиб бормади. Тарих китобларига киритиб юборилган уйдирма гаплар ортида эса Усмон розияллоҳу анҳуни ёмонотлиқ қилишга жон-жаҳди билан уринган сабаийлар ва шиа рофизаларнинг қўли борлигида шубҳа йўқ.

Усмон розияллоҳу анҳунинг қариндошларига бўлган муносабатини исломнинг меҳр кўрсатиш ва мурувватли бўлишга чорлашдек улуғ жиҳатларидан бирига амалий ёндашув сифатида қараш мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: “Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабари ана шудир! (Эй Пайғамбар, мушрикларга) айтинг: “Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (яъни, фақат ўртамиздаги қариндошлик меҳр-муҳаббатини ва ўртадаги қариндошлик алоқаларимизга амал қилишларингизни сўрайман)”. Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)да яхшиликни зиёда қилурмиз (яъни зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи, яхшиликни билувчидир” [Шуро: 23]. Бошқа бир оятда шундай деган: “(Эй Муҳаммад), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!” [Исро: 26].

Унинг бу иши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқ атворларининг гўзал бир қиррасини ўзида мужассам этгандики, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз қариндошларини яхши кўрардилар, уларга меҳр-мурувват кўрсатардилар, хайру эҳсонларини дариғ тутмасдилар. Мисол учун, Баҳрайндан мол келганида амакилари Аббосга ҳаммадан кўп мол берганлар,[8] амакиваччалари ва куёвлари Али розияллоҳу анҳуни волийликка тайинлаганлар. Усмон учун ва бутун мусулмонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда улкан ўрнак ва намуна бордир[9].

 

[1] Тарихи Табарий (5/356).
[2] Аввалги манба (5/356).
[3] “Минҳожус сунна” (3/188).
[4] Аввалги манба (3/237).
[5] Тарихи Табарий (5/253).
[6] “Фаслул хитоб фий мавофиқил асҳоб” (84-бет).
[7] Аввалги манба.
[8] Бухорий, жизя китоби.
[9] Бидоя ва ниҳоя (7/201).

Изоҳ қолдиринг