Кундалик зикрлар: рукуда ўқиладиган дуолар

0

1) Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидим… у зот руку қилдилар. Рукуда: “Улуғ раббимни барча айбу нуқсонлардан поклайман” – дер эдилар (Муслим (772) ривояти).

Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

سُبْحَانَ رَبِّيَ الْعَظِيمِ

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Субҳаана роббиял азийм”.

Намозда руку шаклида эгилиш Аллоҳ таолога таъзим қилиш демакдир. Биз Парвардигори оламга ибодат қилиш асносида Унга танамиз билан таъзим қилар эканмиз, тилимиз билан Унинг улуғ ва ҳар қандай айбу нуқсонлардан пок эканини таъкидлаймиз. Тилимиз танамизга монанд ушбу тасбеҳни айтар экан, қалбимиз билан унинг маъноларини ҳис қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

2) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку ва саждада: “Аллоҳим, Парвардигорим, Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман, Сенга ҳамд айтаман. Аллоҳим, мени мағфират қил!” – деб айтар эдилар (Бухорий (794) ва Муслим (484) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Субҳаанакаллоҳумма роббанаа ва биҳамдика, Аллоҳуммағфир лий”.

Баъзи уламолар рукуда дуо қилиш мумкин эмас, дуо саждада қилинади, рукуда эса фақат тасбеҳ, яъни “субҳаана роббиял азийм” айтилади, дейишган. Бунга имом Муслим (479) ривоят қилган “Рукуда Аллоҳни улуғланглар. Саждада эса кўп дуо қилинглар. Чунки саждада қилинган дуо ижобат бўлиш эҳтимоли юксак” ҳадисини далил қилишган. Ойша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис эса рукуда дуо қилиш жоиз эканига далил бўлади. Шу боисдан бўлса керак, имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни “Рукуда дуо қилиш” номли боб остида келтирган.

3) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку ва саждада: “Аллоҳ илоҳлик ва холиқликка нолойиқ барча айбу нуқсонлардан пок зот. У малоикалар ҳамда Жаброилнинг парвардигоридир” – деб айтар эдилар (Муслим (487) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ الْمَلائِكَةِ وَالرُّوحِ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Суббууҳун қуддуусур роббул малааикати вар рууҳ”.

4) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку қилсалар: “Аллоҳим, Сенгагина руку қиламан, Ўзинга иймон келтираман, Сенгагина таслим бўламан. Сенга қулоғим, кўзим, миям, суяк ва пайларим (яъни бутун танам) бўйин эгади” – деб айтар эдилар (Муслим (771) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ لَكَ رَكَعْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَلَكَ أَسْلَمْتُ خَشَعَ لَكَ سَمْعِي وَبَصَرِي وَمُخِّي وَعَظْمِي وَعَصَبِي

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма лака рокаъту, ва бика ааманту, ва лака асламту, хошаъа лака самъий ва басорий ва муххий ва азмий ва асобий”.

Қулоқнинг бўйсуниши ҳақни эшитиб, унга эргашишдан иборат. Кўзнинг бўйсуниши эса унинг ҳаромдан тийилиши демакдир. Шу билан бирга мия ва суяклар ҳам Аллоҳга бўйсунса, демак, инсоннинг бутун борлиғи, ичию таши тўлиқлигича Аллоҳга бўйсунган бўлади. Зеро, инсоннинг ичи бошқа бўлса, ташқи аъзолар бўйсунишининг зиғирча фойдаси бўлмайди.

Нававий роҳимаҳуллоҳ “Ал-азкор” китобида шундай дейди: “Агар бошқаларга машаққат туғдирмайдиган даражада имкон бўлса, тасбеҳдан бошлаб, бу зикрларнинг барчасини айтган афзал. Агар биттасига чекланадиган бўлса, тасбеҳ айтгани яхши. Тўлиқ тасбеҳ айтишнинг энг кам кўриниши уч марта бўлади. Бир марта айтса ҳам тасбеҳ айтган ҳисобланади. Борди-ю, бу дуоларнинг баъзиларини айтмоқчи бўлса, баъзан бир қисмини, баъзан бошқа қисмини айтгани яхши. Шунда маълум бир муддат ичида барчасини айтган бўлади”. Иншааллоҳ, кейинги мақоламизда рукудан турганда ўқиладиган дуолар ҳақида сўз юритамиз.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг