Аёл эрини тўшакка чақирганида бош тортса гуноҳкор бўладими?

0

Савол:

Эркак аёлини тўшакка чақирганида истагини бажо келтирмаса фаришталар у аёлга лаънат айтар экан. Савол шундан иборатки, аёл эрини таклиф қилганида эркак бош тортса ҳам худди шундай гуноҳ бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биринчидан: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эр аёлини тўшакка чақирганида аёли бош тортса ва эр аёлига ғазаб қилиб тунаса, тонг отгунига қадар у аёлга фаришталар лаънат айтишади” – деганлар (Бухорий (3237) ва Муслим (1436) ривояти). Шунга биноан, эр аёлини тўшакка чақирганида аёл барча юмушини ташлаб, эрининг хоҳишини бажо келтириши фарз бўлади. Албатта, бу талаб ҳайз ҳолатида яқинлик қилиш каби бирон ҳаром ишга ёхуд рамазон рўзаси, намоз каби бирон фарз ишнинг бажарилмаслигига сабаб бўлмаслиги шарт. Чунки бундай ҳолатларда аёл эрининг хоҳишини бажармагани учун гуноҳкор бўлмайди. Шунингдек, аёл касал бўлса ва жинсий яқинлик унга озор берса ёки касалини орттирса, бундай ҳолатда ҳам аёл жинсий яқинликдан бош тортиши мумкин ва бу иши учун гуноҳкор бўлмайди.

Иккинчидан: аёл эрини тўшакка чақирганида эр бош тортса, гуноҳкор бўлмайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Қуйида шу сабаблардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
1) Шаҳват масаласида аёл эркакка нисбатан сабрли бўлади, яъни аёл хоҳиши бажарилмаганига сабр қилиши осон, эркакнинг сабр қилиши эса оғир;
2) Атроф-муҳитда бўлаётган шаҳватни қўзғайдиган турли хил воқеа ва ҳодисалардан аёлга нисбатан эркак кўпроқ таъсирланади;
3) Эркак хоҳламаган тақдирда яқинлик қила олмайди. Аёлда эса бундай ҳолат рўй бермайди. Чунки аёлдан бирон вазифани бажариш эмас, шунчаки имкон яратиб бериш талаб қилинади, холос;
4) Одатда бундай таклиф эркак томонидан қилинади. Аёл томонидан бундай таклиф кам содир бўлади. Содир бўлган тақдирда ҳам эркак рад этиши бундан-да нодир ҳолат саналади. Бошқачароқ қилиб айтганда жинсий яқинликни одатда эркак талаб қилади. Шунинг учун шариат бу таклифни қабул қилишни аёлларга фарз қилган, эркакларга эмас.

Учинчидан: эркак аёлнинг таклифини рад этиши билан гуноҳкор бўлмайди, дедик. Бу дегани эркак бутунлай аёлига яқинлик қилишдан бош тортиши мумкин, дегани эмас. Салмон розияллоҳу анҳу Абу Дардо розияллоҳу анҳуга: “Аёлингнинг сенинг зиммангда ҳаққи бор… ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққини адо эт” – деган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтганида у зот: “Салмон тўғри айтибди” – деганлар (Бухорий (1867) ривояти). Аёлнинг нафсини қондириб туриш эркакнинг зиммасидаги энг катта вожиблардан бири саналади. Эркак киши бирон бир узр бўлмаган тақдирда бу вожибни бажармаса гуноҳкор бўлади.

Тўртинчидан: уламоларимизнинг эркак аёлига яқинлик қилиши учун белгилаган энг узоқ муддат узрли ҳолатларга тегишлидир. Аллоҳ таоло: “Аёллар билан чиройли ҳаёт кечиринглар” (Нисо: 19) – дея, эркакни аёлга нисбатан яхши муносабатда бўлишга буюрган. Бирон бир узрсиз аёлнинг таклифини рад этиш мазкур оятга зид бўлиши билан бирга эр-хотин ўртасидаги илиқлик ва меҳр-муҳаббат йўқолишига сабаб бўлади.

Бешинчидан: одатда аёл ўзига бефарқ бўлиши эрининг унга нисбатан рағбати камайишига сабаб бўлади. Шундай экан, аёл киши эри учун безаниб, шариат доирасидан чиқмаган ҳолда доим ўзига қараб юриши мақсадга мувофиқдир. Унутманг, тозалик ва ўзига қараб юришдек оддий саналган ишлар ҳам турмуш ўртоғингиз билан бўладиган муносабатларда муҳим рол ўйнайди, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг