Али розияллоҳу анҳу: Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат бериши

0

 

Али розияллоҳу анҳунинг, шунингдек Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга байъат беришни кечиктиргани ҳақида анча-мунча хабарлар келган бўлиб, бу хабарларнинг кўпи саҳиҳ эмас. Аксинча, Али ва Зубайр розияллоҳу анҳумо бошидаёқ Сиддиққа байъат бергани ҳақида саҳиҳ ривоятлар келган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари ҳақида сўзларкан, Бани Соида шийпонида бўлиб ўтган байъат воқеасини айтиб ўтганидан сўнг шундай дейди: “Сўнг у ердан кетишди. Абу Бакр масжидда минбарга чиқиб ўтиргач, одамларга разм солиб, улар орасида Али ва Зубайрни кўрмади ва улар ҳақида сўради. Шундан сўнг ансорлар бориб, икковларини чақириб келдилар. Абу Бакр Алига: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаси ва куёви, сен мусулмонларнинг бирлигига раҳна солишни истадингми?!”, деди. У: “Маломат қилиш йўқ (афв этинг), эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси”, деди, сўнг унга байъат берди. Сўнг Абу Бакр Зубайр ибн Аввомга: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммаваччаси ва ҳаворийси, сен мусулмонларнинг бирлигига раҳна солмоқчи бўлдингми?!”, деди. У ҳам: “Маломат қилиш йўқ (афв этинг), эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси”, деди, сўнг унга байъат берди[1].

Абу Саид Худрий ривоят қилган бу саҳиҳ ҳадиснинг нақадар катта аҳамиятга молик эканини шундан ҳам билсак бўладики, имом Муслим ибн Ҳажжож – “Саҳиҳи Бухорий”дан кейинги энг саҳиҳ ҳадислар тўплами соҳиби – ўз шайхи ҳофиз Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма – “Саҳиҳи Ибн Хузайма” китоби соҳиби – ҳузурига бориб, бу ҳадис ҳақида сўраганида Ибн Хузайма унга ҳадисни ёзиб берди. Шунда Муслим шайхи Ибн Хузаймага: “Бу ҳадис баҳоси бир катта ва семиз туяга тенг экан”, деганида шайхи: “Йўқ, бу ҳадис бор-йўғи бир туяга эмас, улкан бир хазинага тенг”, деб жавоб берган эди.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни изоҳларкан, унинг санади саҳиҳлигини айтгач: “Унда улкан бир фойда борки, у ҳам бўлса Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларининг ё биринчи куни ё иккинчи куни байъат берганидир. Бу ҳақ-ростдир. Зеро, Али ибн Абу Толиб мудом Сиддиқ билан бирга эди, узлуксиз унинг ортида намоз ўқирди”, деб ёзади[2].

Ҳабиб ибн Абу Собит ривоят қилишича, Али ибн Абу Толиб уйида ўтирган эди, бир киши келиб, Абу Бакр байъат олиш учун ўтирибди, деди. Шунда Али байъатни ортга суришни ёқтирмасдан, шошганича, биргина кўйлакнинг ўзида, устига ридо ҳам киймасдан масжидга чиқиб борди ва Абу Бакрга байъат бериб, шу ерда ўтирди. Кейин кимдир унинг ридосини келтириб бергач, уни кўйлаги устидан кийиб олди[3].

Амр ибн Ҳурайс Саид ибн Зайддан: “Абу Бакрга қачон байъат берилган?”, деб сўраганида у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кунларидаёқ, улар бир кун ҳам жамоатсиз қолишни ёқтирмадилар”, деб жавоб берди. “Абу Бакрга бирон киши қарши чиқдими?”, деб сўради. Саид унга: “Йўқ, фақат муртад ёки муртадликка яқин бўлган кимсалардан бошқа ҳеч ким унга қарши чиқмади. Аллоҳ ансорларни қутқариб, уларни унинг қўлига жамлади ва улар унга байъат бердилар”, деди. “Муҳожирлардан бирон киши байъатдан ўзини четга тортдими?”, деб сўради. “Йўқ, муҳожирлар унга байъат бериш учун кетма-кет навбатда туришди”, деб жавоб берди[4].

Али розияллоҳу анҳу “Жамал” жангидан қайтиб, Басрага келган вақтида унинг ҳузурига Абдуллоҳ ибн Кавво ва Қайс ибн Убод кириб, ундан: “Сизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан (у зотдан кейин сиз халифа бўлишингиз ҳақида) аҳд бормиди?”, деб сўраганларида шундай жавоб берганди: “Менда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан берилган аҳд борлиги ҳақидаги саволингизга келсак, қасамки, менда ундай аҳд йўқ эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга аҳд берган бўлганларида, мен Тайм ибн Мурраликни (Абу Бакр Сиддиқни) ҳам, Умар ибн Хаттобни ҳам мана шу (қуролсиз) қўлим билан бўлса-да, у зотнинг минбарларига яқин йўлатмаган бўлардим. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўсатдан вафот этмадилар, қатл ҳам этилмадилар. Бир неча кун касал бўлиб ётдилар. Ҳузурларига муаззин намозга азон айтишга изн сўраб келарди, азон айтишига изн берардилар ва менинг шу ерда эканимни кўриб туриб, Абу Бакрни одамларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрардилар ва у намоз ўқиб берар эди. Хотинларидан бири у зотни Абу Бакрни имом қилиш фикридан қайтармоқчи бўлганида ғазабланиб: “Сиз аёллар Юсуф (қиссасидаги) аёлларнинг худди ўзисиз. Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқисин!”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, биз ишларимизга боқиб, динимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга имомликка ихтиёр этган кишини дунёмиз учун имомликка танладик. Зеро, намоз исломнинг асоси ва диннинг устуни эди. Шундай қилиб, биз Абу Бакрга байъат бердик. У бунга лойиқ эди, ҳеч ким бу борада ихтилоф қилмади. Мен ҳам Абу Бакрга ҳаққини адо этдим, унга итоат қилиш ҳақлигини эътироф этдим, у билан бирга қўшинлари сафида ғазотларда иштирок этдим. Берса олар эдим, жангга юборса борар эдим. Унинг ҳузурида қамчим билан дарралаш жазоларини бажарар эдим”[5].

Али розияллоҳу анҳу Кўфа масжиди минбарида қилган хутбасида Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳақларида мақтовли сўзлар айтиб, жумладан шундай деган эди: “Мусулмонлар ихтиёрий равишда байъат бердилар. Абдулмутталиб авлодидан биринчи бўлиб мен байъат бердим”[6].

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзининг халифаликни қабул қилишга узр айтган хутбасида шундай деганди: “Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон амирликка қизиқмаганман, Аллоҳ таолодан ичимда ҳам, ташимда ҳам амирликни сўрамаганман. Мен фақат фитна чиқишидан қўрқиб амирликни қабул қилдим. Амирликда мен учун ҳузур-ҳаловат йўқ. Аксинча, мен Аллоҳ азза ва жалланинг қўллаб-қувватлаши бўлмаса асло кучим етмайдиган ўта оғир ишни бўйнимга олдим. Қанийди, бошқа бирор кучли инсон менинг ўрнимни эгалласа”[7].

Ўшанда Али ва Зубайр розияллоҳу анҳумо: “Биз фақат маслаҳатлашувга чақирилмаганимиз учун ғазабланган эдик. Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг Абу Бакрни бу ишга одамлар ичида энг ҳақлиси деб биламиз. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғордаги ҳамроҳи ва икки кишининг биридир. Биз унинг шарафини ва улуғлигини эътироф этамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида уни одамларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрган эдилар”, дедилар[8].

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан асло ўзини тортмади, доим унинг жамоати сафида бўлди. Унинг кенгашларида иштирок этарди, мусулмонларнинг ишларини бошқаришда у билан елкама-елка турарди. Ибн Касир ва бир гуруҳ олимлар Али розияллоҳу анҳу дастлабки байъатидан олти ой кейин, яъни Фотима розияллоҳу анҳонинг вафотидан сўнг байъатини янгилаганини айтганлар ва бу байъат ҳақида саҳиҳ ривоятлар келган[9].

 

[1] “Ал-мустадрак” (3/76). “Ас-сунанул кубро” (8/143).
[2] Ал-бидоя ван-ниҳоя” (5/239).
[3] Тарихи Табарий (3/207).
[4] Тарихи Табарий (3/207).
[5] Суютий, “Тарихул хулафо” (72-бет).
[6] “Усудул ғоба” (4/166). “Хилофату Аби Бакр” (66-бет).
[7] Ҳоким, “Мустадрак” (3/66).
[8] “Бидоя ва ниҳоя” (6/341).
[9] “Бидоя ва ниҳоя” (5/49).

Изоҳ қолдиринг