Нусайрийлар: эътиқодларини ўргатишдаги услублари (2)

0

Эркаклар таълими

Ўтган мақоламизда нусайрийлар аёлларга ўз мазҳабларини қай тарзда ва қанча миқдорда ўргатишларини айтиб ўтган эдик. Бугунги мақоламизда эса нусайрийлар бу динни ўрганмоқчи бўлган кишига қандай таълим беришлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Олдинги мақолаларимизда айтиб ўтганимиздек, нусайрийлик динидаги ботил эътиқод ва тушунчаларнинг сон-саноғи йўқ. Шунинг учун улар ўз динларини тўғридан-тўғри, ошкора ўргата олмайдилар. Бу динни таълим олмоқчи бўлган инсон аввал нусайрийларнинг пешволари томонидан жуда қаттиқ синовлардан ўтказилади. Бошқачароқ қилиб айтганда хорланади, оёқ ости қилинади. Пешволар талаба сирни фош қилмаслигига ишонч ҳосил қилсалар, шундагина унга бу дин сир-асрорлари очилади. Акс ҳолда, биринчи босқичдан нарига ўта олмайди. Бу синовларга дош бериш учун талаба ҳатто эркакликка оид барча хислатлардан воз кечишига тўғри келади.

Биринчи навбатда талаба синов учун йиғилган шайхлар ичидан унга ҳамроҳлик қиладиган устоз танлаши керак. Бу устоз нусайрийларда “руҳий ота” ёхуд “диний ота” деб номланади. Талаба ўзи танлаган устози билан шайхларнинг ҳузурига кириб, сукут сақлаб, бир четда бошига шайхларнинг оёқ кийимларини қўйиб туради. Устози шайхларга мурожаат қилиб, бу талабани ўз сафларига олишларини сўрайди. Шайхлар рози бўлишса, оёқ кийимлар талабанинг бошидан олинади ва талаба ташаккур билдириб, шайхларнинг оёқ-қўлларини ўпади. Сўнг улар талабага устозини ҳурмат қилишни, устоз бамисоли ювувчи, талаба эса унинг ҳузурида гўё ўликдек бўлиши лозимлигини тушунтирадилар. Кейин талаба яна ўз жойига қайтади ва унинг бошига оқ чойшаб ташланади. Сўнг устози талаба билан шайхлар ўртасидаги шартномани ўқийди. Бу шартнома гўёки никоҳ шартномасидек саналади. Мазкур жараён фотиҳа қилиш деб, талаба эшитган гаплари никоҳ, келажакда ўрганадиган илмлари ҳомила, бу илмни ўргатиш эса туғиш деб эътибор қилинади. Бу босқичдан сўнг ўзлари белгилаб берган муддатгача ҳар куни беш юз марта “А.М.С ҳаққи”[1] деб такрорлаш керак. Белгиланган муддат ўтганидан сўнг бошқа турли синовлар бошланади[2].

Қуйида нусайрийлик динини ўрганиш учун талаб қилинадиган баъзи шартларни айтиб ўтамиз.
1) Бу динни ўрганмоқчи бўлган бола ўн тўққиз ёшни тўлдирган бўлиши шарт[3];
2) Қуйидаги босқичлардан бирма-бир ўтиши керак:
Биринчи босқич – жаҳолат босқичи деб аталади. Бу босқичда нусайрийлар ўз сир-асрорларини қабул қилишга лойиқ кадрларни топишга ҳаракат қиладилар.
Иккинчи босқич – бу босқичда талабага нусайрийликнинг баъзи кичик сирлари ошкор қилинади ва бир-икки йил кутилади. Бу муддат ичида талаба тоифанинг ишончли шайхлари томонидан таълим ва кузатув остида бўлади. Улар талаба бу динни ўзлаштирганидан сўнг сирни фош қилмаслигига ишонч ҳосил қилсалар, у кейинги босқичга ўтади. Акс ҳолда, таълимдан четлатилади.
Учинчи босқич – эшитиш босқичи. Бу энг юқори босқич саналади. Чунки талаба бу босқичда нусайрийликнинг асосий сирларини ўрганади. Сўнг нусайрийликнинг қолган сирларини ўргатиш учун уларнинг руҳий бошлиқлари алоҳида йиғилиш ўтказадилар.
Тўртинчи босқич – учинчи босқичдан сўнг талаба “шайх” ёки “соҳибул ақд” даражасига кўтарилади. Талаба бу мартабага кўтарилиши учун унинг нусайрийларга оид сирларни қабул қилишга тайёрлиги ҳамда бу сирларни фош қилмаслигига бир неча кафил ва гувоҳлар талаб қилинади. Кейин талаба жонини бериб бўлса ҳам уларнинг сирини сақлашга қасамёд қилади. Шундан сўнг у нусайрийларнинг шайхларидан бири ҳисобланади[4].

Давоми бор

[1] Нусайрийлар Аллоҳ таоло уч кишининг ичига руҳ бўлиб тушган, деб эътиқод қилишади. Шу жиҳатдан улар худони учта дейдиган насронийларга ўхшаб кетадилар. Нусайрийларнинг наздида бу уч кишининг бири Али розияллоҳу анҳу, иккинчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, учинчиси эса Салмон Форсий розияллоҳу анҳудир (бу уч исм уларда (А.М.С.) (яъни Али, Муҳаммад ва Салмон) рамзи билан ифодаланади).
[2] “Ал-ҳаракотул ботинийя фил оламил исломий” китобининг 374-375-бетларига қаралсин.
[3] “Ал-алавийюн авин нусайрийюн” китоби, 57-бет.
[4] “Тоифатун нусайрийя” китоби, 45-46-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг