Дурузлар: Ҳоким Биамриллаҳ ким?

1

Дурузлар худо деб биладиган Ҳоким Биамриллаҳ ким?

Ҳоким Биамриллаҳнинг тўлиқ исми Абу Али Мансур ибн Азиз Биллаҳ ибн Мўътаз Лидийниллаҳ. Лақаби Ҳоким Биамриллаҳ бўлиб, у фотимийлардан бўлган. Ҳоким Биамриллаҳ ҳижрий 375 йил туғилган. 386 йил рамазон ойида отаси вафот этганидан сўнг 11 ёшида тахтга ўтирган. У убайдийларнинг олтинчи подшоҳи бўлган. Ҳижрий 408 йилда исмоилий тоифасига мансуб бўлган худосиз Ҳамза ибн Алининг маслаҳати билан ўзини худо деб эълон қилган. Ҳижрий 411 йилда қатл қилинган. Тарихшуносларнинг гапларига қараганда, Ҳоким Биамриллаҳ жуда ҳам золим бўлиб, кўп инсонларнинг қонини тўккан. У нафақат оддий халққа, ҳатто ўз вазирларига нисбатан ҳам бешафқат бўлган. Бирон кишини вазир этиб тайинласа, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасидан жуда хунук тарзда қатл қилиб, ўрнига бошқасини тайинлаган. Уламолар, ёзувчилар ҳамда обрўли инсонлардан сон-саноқсиз кишиларни қатл қилган.

Ҳоким Биамриллаҳнинг қилган ишлари ўта ғаройиб ва тушунарсиз бўлган. У етти йил фақат жун кийим кийиб юрган ва ҳаммомга кирмаган. Сўнг бир неча йил фақат қуёш нури остида ўтирган. Сўнг қоронғуда ўтиргиси келиб бир қанча муддат зулматда ўтирган. Давлатни идора этишда ҳам бир-бирига зид йўллар тутган. Масалан, имомларни саҳобаларни ҳақорат қилишга буюриб, саҳобалар ҳақидаги ҳақоратларни масжидларга ёзиб қўйишга буюрган. Бироз муддатдан сўнг шу ҳақоратларни ўқиттирган. Жуда кўп масжидлар қурдирган. Кейин ўн йил таровеҳ ўқишдан ман қилиб, сўнг яна рухсат берган. Одамлар набиз қилишларидан қўрқиб, беш минг меш асални денгизга оқизган. Аёлларнинг кечаю кундуз уйдан чиқишларини тақиқлаган. Шаҳардаги барча итларни ўлдиришга буйруқ берган, бироздан сўнг бу фикридан қайтган. Шу тариқа Ҳокимнинг ҳаёти зиддиятларга тўла бўлган. Ҳамза Ҳокимнинг бир қанча зиддиятлари ва ақл бовар қилмас ишларини келтириб, сўнг бу ишларнинг ортидаги “ҳикмат”ларни ботиний таъвиллар билан “ёритиб” берган[1].

Суютий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳоким халқни имомлар томонидан минбарда ўз исми айтилганида уни улуғлаш ва ҳурмат изҳор қилиш учун оёққа туришга буюрган эди. Бу буйруғини қўл остидаги барча мамлакатларда, ҳатто икки ҳарамда ҳам бажартирарди. Хусусан, мисрликлар ўринларидан турсалар Ҳоким учун сажда қилардилар. Ҳатто Ҳоким ҳам бозорларда уларга қўшилиб сажда қиларди. У ҳаддидан ошган золим, маккор шайтон, айтаётган гаплари ва қилаётган ишларида вазиятга қараб ўзгарувчан бўлган”[2].

Ҳоким шаҳарни шахсан ўзи назорат қилган. Эшагига миниб олиб, бозорларни айланиб юрган. У фақат эшак минган. Агар бир кишининг давлатга хиёнат қилганини кўрса, Масъуд исмли қулига буюриб, унинг эркаклик номусига теккан[3]. Тарихда бундай жиноятни Ҳокимдан олдин ҳеч ким қилмаган. Ҳоким қатл қилган инсонларнинг сони ўн саккиз мингдан ошган. Ҳокимнинг бу каби ишларини кўрганлар унга турлича баҳо беришган. Дурузлар каби баъзи нодонлар уни худолик даражасига кўтаришган. Фотимийлар эса уни мусулмонларнинг имоми, Аллоҳнинг халифаси деб даъво қилишган. Аксар араб ва христиан тарихшунослар эса унга эсипаст подшоҳ деб баҳо беришган.

Лекин, Ҳоким давлатни 25 йил идора этганини инобатга оладиган бўлсак, уни эсипастликда айблаш ноўрин. Чунки эсипаст бир мажнун бунча вақт бир давлатни идора этиши амримаҳол. Унинг ақл бовар қилмас ишлари ва зиддиётларига келадиган бўлсак, бу каби ишларни қилишдан унинг ягона мақсади ўзини худо деб кўрсатиш бўлган. Ҳоким ёшлигидан тахтга ўтирган, аъёнлари уни ҳаддан ортиқ улуғлашган. Бироқ, ҳадисда айтилганидек, одам боласи ўлмагунича ҳеч қачон тўймас экан, доим ортиғини истар экан. Ҳокимга кўрсатилган бу эҳтиром ва таъзимлар камлик қилди. У ўзига яқин олган мажусийлар ҳам уни худоликни даъво қилишга ундашар эди. Қолаверса, Ҳокимдан олдин ҳам сабаийлар баъзи аҳли байтларни, хаттобийлар эса Жаъфарни худолик даражасига кўтаришган эди. Буларнинг барчаси Ҳоким учун ўзини илоҳ деб даъво қилишга журъат бахш этарди.

Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда бу бадбахтнинг қай тарзда вафот этгани ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Тоифатуд дуруз” китобининг 42-47-бетларига қаралсин.
[2] “Ҳуснул муҳозара фий тарихи Миср вал-Қоҳира” (1\601).
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (12\9).

Discussion1 комментарий

  1. Biz Suriyada Idlib viloyatida duruzlar yashaydigan qishloqlarni bilamiz. Ularning hukmi nima? Ularga qanday muomala qilish kerak? Ular zohiran Islomni qabul qildik deyishadi, shuning uchun ularga musulmon muomalasi qilinadi. Lekin botiniylarning asl dini ichida bo’ladi. Ularning farzandlari bor. Bu bolalarga qanday da’vat qilsak, otalarining xato dinidan qutqarib olsak bo’ladi?

Изоҳ қолдиринг