Фитрат суннатлари: мўйловни қисқартириш ва соқол қўйиш

0

Фитрат суннатлари

  • Фитратнинг маъноси:

Аксар уламоларнинг фикрича, фитрат сўзи «суннат» маъносини англатади. Баъзи уламоларнинг айтишича, фитрат ислом дини демакдир[1].

  • Фитрат суннатларининг баёни:

Фитрат суннатлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида баён қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Беш нарса фитратдандир: 1. авратдаги тукларни тозалаш; 2. хатна қилиш; 3. мўйловни қисқартириш; 4. қўлтиқ ости тукларини юлиш; 5. тирноқларни қисқартириш»[2].

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ўн нарса фитратдандир: 1. мўйловни қисқартириш; 2. соқолни кўпайтириш (яъни узун қилиб қўйиш); 3. мисвок қилиш (яъни тишларни тозалаш); 4. бурунга сув олиш; 5. тирноқларни қисқартириш; 6. бармоқ бўғинларини ювиш; 7. қўлтиқ ости тукларини юлиш; 8. авратдаги тукларни тозалаш; 9. истинжо қилиш». Ҳадис ровийси Мусъаб айтади: «Ўнинчисини унутиб қўйдим. Тахминимча, ўнинчиси оғизга сув олиш бўлса керак»[3].

Қуйида мазкур суннатларни бирма-бир баён қиламиз.

  • Биринчидан: мўйловни қисқартириш

Бу борада келган ҳадисларнинг айримларида мўйловни қириб олишга, баъзиларида қисқартиришга ва бошқа бирларида эса қиртишлаб олишга буюрилган.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким мўйловини қисқартирмаса, биздан эмас»[4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мажусийларга хилоф ўлароқ мўйловни қиртишлаб олинглар ва соқолни ўстиринглар»[5]. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисда «мўйловни қисқартириш» зикр қилинган эди.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг (яъни Шофеий) мазҳабимизга кўра, инсон мўйловини лабнинг чети кўрингунича қисқартиради, уни буткул қириб олиб ташламайди. «Мўйловни қиртишлаб ёки яхшилаб олинглар» деган ривоятлардан мақсад мўйловнинг лаб устига ўсиб тушган қисмини олишдир»[6].

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мўйлов то лабнинг чеккалари очилгунча қисқартирилади». Ҳанбал айтади: «Абу Абдуллоҳ (яъни имом Аҳмад)дан сўралди: «Бир кишининг мўйловини қисқартирганини, мўйловини қириб олганини кўрасиз, ўзи аслида мўйловни нима қилиш керак?». Имом Аҳмад айтди: «Агар мўйловини қириб олса ҳам жоиз, агар уни қайчи билан олса ҳам жоиз».

Мўйловни қириб олиш ёки уни буткул олиб ташлаш тўғрисидаги ҳадисларни мўйловни имкон қадар қайчи билан қиртишлаб олишга йўйиш маъқулроқдир.

·      Иккинчидан: соқол қўйиш

Соқол қўйиш вожиб, уни қириб олиш эса ҳаромдир. Чунки ҳадисларда «cоқолни кўпайтиринглар», «соқолга тегманглар», «соқолни ўстиринглар» каби турли иборалар билан соқол қўйишга буюрилган. Усулул фиқҳ илмидан маълумки, аслида Қуръон ва ҳадисдаги буйруқлар вожибликни ифода этади.

Қолаверса, соқолни қириш гуноҳ иш экани билан бир қаторда эркаклик табиатига қарши чиқиш ва эркак кишининг ўзини аёллар ва ёш болаларга ўхшатиши ҳамдир. Айни дамда соқолни қириш кофирларга тақлид саналади[7]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мушрикларга хилоф ўлароқ мўйловни қисқартиринглар ва соқолни ўстиринглар».

Шунингдек, соқолни қириш Аллоҳ яратган хилқатни ўзгартириш саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ яратган хилқат ўзгартирилмас» [Рум: 30]. Яна Аллоҳ таоло шайтон тилидан ҳикоя қилиб шундай дейди: «Албатта мен уларга буюрсам, Аллоҳ яратган хилқатни ўзгартирадилар» [Нисо: 119]. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Вашм» қилувчи ва «вашм» қилдирувчи[8], қош  терувчи ва тердирувчи ҳамда ҳусн учун тиш орасини очувчи, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин!»[9].

Соқолни қириш аёлларнинг чиройли бўлиш мақсадида юз ва қошларидаги тукларни кетказишидан иборат бўлган «намс»нинг бир туридир. Мазкур ишнинг эркаклар томонидан содир этилиши янада қабиҳроқдир.

Шу боис анбиёлар, халифалар ва ҳидоят имомларидан биронтаси соқолини қирмаган. Кимда ким бу борада уларга хилоф иш тутса, демак уларнинг йўлига эргашмаган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» [Нисо: 115].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Агар соқол бир қабзадан қисқа бўлса, унинг бўйи ёки ён томонларидан олиш жоиз эмас. Соқолни бир қабзадан ҳам қисқартириш тўғрисидаги ҳадис заифдир. Соқолнинг бир қабзадан ортиғини кесиш жоиз ёки йўқлиги хусусида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан собит бўлган ҳадисда келишича, у ҳаж ёки умра қилса, соқолини қўли билан ушлаб, бир қабзадан ортиғини кесар эди.

Ҳадисга диққат билан эътибор берилса, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳаж ёки умрада шундай қилган. Билишимча, саҳобаларнинг соқоллари қуюқ бўлишига қарамасдан, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва на Ибн Умардан бошқа бирор саҳобанинг бир қабзадан ортиғини кесганлиги тўғрисида ривоят келмаган. Шунга биноан, тўғрироқ фикрга кўра, ҳатто бир қабзадан ортиғини бўлса ҳам соқолни кесмаслик мақсадга мувофиқдир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «(Шофеий мазҳабидаги) энг тўғри фикрга кўра, соқолни ўз ҳолича ўстириш лозим бўлиб, унинг бирор жойини қисқартириш жоиз эмас. Мўйлов тўғрисидаги тўғри фикр – уни буткул қириб ташламаслик, балки лаб атрофи кўриниб турадиган даражада қисқартиришдир»[10].

(2) Сартарош одамларнинг соқолларини олиши жоиз эмас. Борди-ю, бу ишни қилса гуноҳкор бўлади. Ўз навбатида сартарошнинг одамлар соқолларини олиши эвазига олган пули ҳам ҳаром саналади[11]. Бир киши Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳдан сўради: «Онам аёлларни сочини тараб рўзғор тебратар эди. У топган пулдан ишлатсам бўладими?». Ибн Сирин жавоб берди: «Агар аёлларга соч уласа, пулидан ишлатмагин». Яъни агар онаси аёлларнинг сочини тараш билан бир қаторда уларга сунъий соч уласа, у ҳолда онаси топган пулдан ишлатиши жоиз эмас. Маълумки, одамларнинг соқолини қириш билан шуғулланадиган сартарошнинг гуноҳи аёлларга сунъий соч улайдиган аёлнинг гуноҳидан каттароқдир.

[1] Қаранг: Нававийнинг «Ал-мажмуъ» китоби (1/284).
Арабча «фитрат» сўзининг луғавий маъноси «ёриш, ёрилиш» демакдир. Уламолар бу сўзнинг истилоҳий маъносида турлича фикрлар билдиришган. Хулоса қилиб айтганда, уламолар фитрат сўзини «соф хилқат», «бошлаш», «суннат», «ислом», «Одам алайҳиссалом зурриётидан олинган аҳд» каби маънолар билан таърифлашган. Фитрат сўзини мазкур маънолар билан изоҳлаган ҳар бир гуруҳ ўз фикрини қўллаб-қувватлаш учун оят ва ҳадислардан далиллар келтиришган. Бироқ бу маънолар ичида биз сўз юритмоқчи бўлган мавзуга мос келадигани «суннат» ва «соф хилқат» маънолари бўлса, ажабмас. Маълумки, «суннат» сўзи луғавий маънода «йўл» маъносини англатади. Бинобарин, «фитрат суннатлари» дегани «Пайғамбарлар суннати, яъни йўли бўлган, соғлом ва соф хилқатдан келиб чиқиб амал қилинадиган одоблар» маъносини англатади, валлоҳу аълам.
[2] Бухорий (5889), Муслим (257), Абу Довуд (4198), Термизий (2756), Ибн Можа (292) ривояти.
[3] Муслим (261), Термизий (2758), Насоий (8/128), Абу Довуд (53) ривояти.
[4] Саҳиҳ: Аҳмад (4/366), Насоий (1/15, 8/129), Термизий (2761) ривояти.
[5] Муслим (260), Аҳмад (2/366) ривояти.
[6] «Шарҳи Муслим» (3/149).
[7] Баъзилар: “Ҳозирда мушриклар ичида ҳам соқол қўядиганлари борку?!», дея бунга эътироз билдириши мумкин. Тўғри, ундайлар ҳам бор. Соқол қўйган мушриклар бу борада фитратга қайтган ҳисобланадилар. Бинобарин, мусулмон киши фитратга зид ишни қилмаслиги лозим. Қолаверса, мушрикларнинг бу борадаги асл одати соқолни қириб юришдир. Борди-ю, улар бу асл одатга хилоф иш тутиб, соқол ўстирсалар, бу дегани мусулмонлар уларга хилоф иш тутиш учун соқолларини қириб юришлари керак дегани эмас. Ундан ташқари соқол қўйиш мусулмонларнинг, алалхусус пайғамбарларнинг сиймосидир. Мушрикларга хилоф иш тутиш соқол қўйишнинг ягона сабаби бўлмай, балки у бу борадаги талай сабалардан биридир.
[8] “Вашм”  ясама хол қўйишдир. Бу иш жоҳилият давридаги араб аёллари орасида кенг тарқалган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида баданларининг турли жойларига игна санчиб қон чиқаришар, сўнг жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирор нарса сепиб, ясама хол ёки ҳар хил нақшлар пайдо қилар эдилар. Баданга замонавий услублар билан расм чиздириш (татиуровка) ҳам “вашм”нинг айнан ўзидир.
[9] Бухорий (5931), Муслим (2125), Абу Довуд (4169), Термизий (2782), Насоий (8/46), Ибн Можа (1989) ривояти.
[10] Қаранг: “Шарҳи саҳиҳи Муслим” (3/151).
[11] Қаранг: “Доимий фатво қўмитаси” (5/176, 4155-сонли фатво), Дувайш тартиби.

Изоҳ қолдиринг