Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Адолат ва тенглик тамойили

0

Адолат ва инсонлар ўртасидаги тенглик тамойилини эътироф этгани

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзининг илк хутбасида, жумладан, шундай деганди: “Сизларнинг орангизда заиф бўлган киши, иншааллоҳ, то унинг ҳаққини олиб бермагунимча менинг ҳузуримда кучлидир. Сизларнинг ичингиздаги кучли кимса, иншааллоҳ, то ундан ҳақни олмагунимча менинг наздимда заифдир”[1].

Мусулмон жамиятини барпо этишда муҳим рол ўйнайдиган исломий қоидаларни ўрнатиш ислом ҳукуматининг энг асосий мақсадларидан бўлиб, улардан энг муҳими шўро, адолат, тенглик ва эркинлик тамойилларидир. Сиддиқ ўзининг умматга хитобида ушбу тамойилларни тўла эътироф этди. Шўрога амал қилинганлик унинг сайланиши, унга байъат берилиши, жомеъ масжидда умумхалқ олдида нутқ сўзлашида кўринди. Адолати эса ўша хутбасидаги сўзларида яққол ўз аксини топди. Шубҳасиз, Абу Бакр Сиддиқ тушунчасидаги адолат фақатгина ислом жамияти ва ислом ҳукмини ўрнатишда асосий пойдевор бўлувчи ислом адолатидир. Зотан, зулм ҳукмрон бўлган ва адолат ўрнатилмаган жамиятда ислом йўқдир.

Одамлар ўртасида адолат ўрнатиш ҳеч бир ҳоким ё амирнинг хоҳиш-ҳавосига ташлаб қўйиладиган ихтиёрий ишлардан эмас, балки бу иш ислом динидаги энг муқаддас ва энг муҳим вазифалардан саналади. Уммат адолат қилиш вожиблигига иттифоқ қилган. Фахрур Розий айтади: “Уммат ижмо қилганки, ким ҳоким бўлса, адолат билан ҳукм қилиш унга вожиб бўлади”.[2]

Қуръон ва Суннатдан бўлган очиқ далиллар бу ҳукмни қўллаб-қувватлайди. Зеро, адолат ва тенглик ўрнатишга, зулмга барҳам беришга, зулмнинг ҳар қандай турига қарши барча воситалар билан курашишга бел боғлайдиган исломий жамият барпо қилиш ислом давлатининг ғояларидандир. Ҳар бир инсон ўзининг талаб қилаётган ҳақ-ҳуқуқларига ортиқча куч ва маблағ сарфлашга муҳтож бўлмаган ҳолда имкон қадар осон ва тез йўллар билан етиши учун майдонни кенг очиб бериш ва йўлларни осонлаштириш давлат зиммасидаги вазифалардан саналади. Давлат ҳақ эгасининг ўз ҳаққига эришиши олдида тўғаноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлаши лозим бўлади.

Ислом ҳокимларга одамлар ўртасида уларнинг тиллари, ватанлари, келиб чиқишлари ва ижтимоий аҳволларидан қатъий назар адолат ўрнатишни вожиб қилди. Сиддиқ розияллоҳу анҳу ушбу тамойилга изчил амал қилиб, низолашиб келганлар ўртасида адолат қиларди, ҳақ билан ҳукм қиларди, маҳкум ўзининг қариндошлари ё душманларидан бўлиши, бойлардан ё камбағаллардан бўлиши, ишчи-хизматчилар ё иш берувчилардан бўлиши унинг учун аҳамиятсиз эди. Зеро, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари унинг дастури амалига айланган эди: “Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо­лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” [Моида: 8].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу адолат борасида қалбларни асир этадиган ва ақлларни лол қолдирадиган бир намуна эди. У адолатни одамларнинг қалбларини иймонга очадиган амалий даъват деб кўрар эди. У нафақалар ва туҳфалар беришда одамлар ўртасида адолат қилди, улардан адолатда унга кўмакчи бўлишларини талаб қилди. Бир ҳодисада у ўзини қасосга тутиб бердики, бу унинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан нечоғли қўрқишига ва адолатга нақадар амал қилишига далил бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр Сиддиқ жума куни одамларга мурожаат қилиб: “Эртага садақа туяларни ҳозир қилинглар, одамларга тақсимлаб берамиз. Бироқ, ҳеч ким бизнинг изнимизсиз олдимизга кирмасин”, деди. Бир хотин эрига: “Мана бу арқонни олинг, шояд Аллоҳ бизга бирон туяни насиб қилган бўлса”, деб эрининг қўлига арқон тутқазиб чиқарганди. У одам келиб, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони туя қўрасига кириб кетаётганларини кўриб, уларга қўшилиб кирди. Абу Бакр уни кўриб: “Сен нега кирдинг?!”, деб, қўлидаги арқонини олиб, у билан уни урди. Туялар тақсимлаб бўлингач, Абу Бакр ҳалиги одамни чақириб, арқонини берди ва қасосингни ол, деди. Шунда Умар: “Йўқ, қасос олмасин! Сиз бу ишни суннат қилиб қўйманг”, деди. Абу Бакр: “Қиёмат куни ким мени Аллоҳнинг жазосидан қутқариб олади?!”, деди. “Яхшиси, сиз уни рози қилинг”, деди Умар. Сўнг Абу Бакр ғуломига бир туяни эгар-жабдуғи билан келтиришини буюрди ва унга қўшимча бир кийимли мато ва беш динор бериб, у одамни рози қилди[3].

Энди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзининг умматга қилган хутбасида эътироф этган тенглик (ҳаммани бир хилда тенг кўриш ва тенг ҳуқуқлилик) тамойили ҳақида гапирадиган бўлсак, у ислом ўрнатган ва у билан ҳозирги замондаги энг янги қонунлардан ўзиб кетган умумий қоидалардан бири саналади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бутун башариятнинг тенглигини таъкидлаган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй инсонлар, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан (Одам ва Ҳавводан) яратдик ва бир-бирларингизни танишингиз учун сизларни (ҳар турли) халқлар ва элатлар қилдик. Шубҳасиз, Аллоҳ наздида сизларнинг энг ҳурматга сазоворларингиз Аллоҳдан кўпроқ тақво қилганларингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор Зотдир” [Ҳужурот: 13].

Ислом наздида барча баробардир, ҳокиму маҳкум, эркагу аёл, арабу ажам, оқу қора бир хил тенг ҳуқуқлидир. Ислом одамлар ўртасидаги жинс, ранг, насаб ва табақавий бўлинишларни бекор қилди, шариат олдида ҳокимлар ҳам, оддий халқ ҳам бир хил мақомга эга бўлди. Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ушбу тамойилга оғишмай амал қилгани бунга энг яхши шоҳид бўла олади. У шундай деганди: “Эй одамлар, мен сизларга бошлиқ қилиндим. Ҳолбуки, сизларнинг энг яхшингиз эмасман. Энди агар яхши иш қилсам, менга ёрдам беринглар, агар ёмон иш қилсам, мени тўғрилаб қўйинглар! Сизларнинг орангизда заиф бўлган киши, иншааллоҳ, то унинг ҳаққини олиб бермагунимча менинг ҳузуримда кучлидир. Сизларнинг ичингиздаги кучли кимса, иншааллоҳ, то ундан ҳақни олмагунимча менинг наздимда заифдир”[4].

Мусулмонларга байтулмолдан инфоқ қилар ва молларни ҳаммага баробар тақсимларди. Ибн Саъд ва бошқалар шундай ривоят қиладилар: Абу Бакр Сиддиқ Сунҳда яшаб турганида байтулмол ҳам ўша ерда бўлиб, у қўриқланмас эди. “Байтулмолга қоровул қўйсангиз бўларди”, деганларга: “Ҳожати йўқ, эшикнинг қулфи борлиги етарли”, деб жавоб берарди. У байтулмолдаги нарсаларни бериб юборар ва унда ҳеч нарса қолдирмас эди. Мадинага кўчиб ўтгач, байтулмолни ҳам ўзи яшаб турган ҳовлига кўчирди. Унинг халифалиги даврида бир неча конлар очилиб, уларнинг даромадларидан бир қисми байтулмолга келиб тушарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларни озод ва қул, эркак ва аёл, катта ва кичик демай, барчага баробар тақсимлаб берарди. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Биринчи йили озодга ҳам, қулга ҳам, аёлга ҳам, чўрига ҳам ўн (дирҳам)дан тақсимлаб берди. Иккинчи йили эса ҳаммага йигирма (дирҳам)дан берди. Баъзи кишилар келиб: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси, сиз байтулмолдаги молларни ҳаммага баробар бўлиб беряпсиз. Фазилат эгалари, исломга илк даврларда кирган ва пешқадам кишиларга кўпроқ берсангиз бўларди”, дейишганида ва бир гал Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шу борада у билан тортишиб: “Икки марта ҳижрат қилган ва икки қиблага қараб намоз ўқиган пешқадам зотлар билан Фатҳ йилида исломга кирган кишиларни тенг кўрасизми?!”, деганида: “Улар Аллоҳ учун амал қилишди, уларнинг пешқадамликлари ва фазилатларининг савобини Аллоҳ таолонинг ўзи беради. Бу дунё бор-йўғи сафарга отланган отлиқнинг йўл озуқаси холос”, деб жавоб берганди[5].

Умар розияллоҳу анҳу ўзи халифа бўлган даврда молларни тақсимлаш йўлига ўзгартириш киритган, бу борада ислом ва жиҳоддаги пешқадамликларига қараб баъзиларни муқаддам ўринга қўйган эсада, халифалигининг охирларига келиб: “Агар ўтган ишларни ортга қайтариш имкони бўлганида мен ҳам Абу Бакрнинг йўлига қайтган ва молларни одамлар ўртасида тенг тақсимлаган бўлардим”, деган эди[6].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу адолат ўрнатишда ва одамлар ўртасида тенгликни қарор топтиришда раббоний йўлга эргашди, заиф-бечораларнинг ҳақ-ҳуқуқларини риоя қилди. Умрининг охиригача шу олий қадриятларни ҳаётга татбиқ қилиб яшади. У адолат ҳокимга ҳам, маҳкумга ҳам азизлик келтиришини яхши англарди. Шунинг учун адолатни ўз сиёсатининг ўзагига айлантирганди.

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”  (6/305).
[2] Тафсири Розий (10/141).
[3] «Тарихуд даъва илал ислам фий аҳдил хулафа” (410-бет).
[4] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”  (6/305).
[5] Ибн Саъд (3/193).
[6] Мовардий, “Ал-аҳкомус султония” (201-бет).

Изоҳ қолдиринг