Охирзамонда бир киши Каъбатуллоҳни бузиши ростми?

0

Савол:

Яқинда интернетда бир видео ролик кўрдим. Унда қиёматга яқин бир киши чиқиб, Каъбатуллоҳни бузади, дейилибди. Шу гап ростми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Қиёмат бўлишидан олдин Ҳабашистондан бир киши чиқиб, қўшини билан Маккага келиши ва Каъбатуллоҳни бузиб ташлаши бир қанча ҳадисларда айтилган. Қуйида шу ҳадислардан баъзиларини келтирамиз:

1) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Каъбани ҳабашлардан чиққан Зуссувайқатайн бузади” – дедилар (Бухорий (1591) ва Муслим (2909) ривояти);

2) Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У қора ва сонлари ўртаси очиқ (эгри) бўлган ҳабашнинг Каъба тошларини бирма-бир қўпораётганини ўз кўзим билан кўриб тургандекман” – деганлар (Бухорий (1595) ривояти);

3) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳабашлар сизларга тегмас экан, сизлар ҳам уларга тегманглар. Чунки Каъбанинг хазинасини ҳабашлардан чиққан Зуссувайқатайн қазиб олади” – деганлар (Абу Довуд (4309) ривояти).

4) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Каъбани ҳабашлардан чиққан Зуссувайқатайн бузади, безакларини қўпориб олади, каъбапўшни олиб ташлайди. Мен гўё у кал ва қийшиқоёқни курак ва метини билан Каъбани кўчиришини кўриб тургандекман” – деганлар (Аҳмад (7053) ривояти).

Уламолар бу воқеа қиёмат қойим бўлишидан бироз олдин содир этилишини айтишган. Чунки баъзи ривоятларда “Шундан сўнг Каъба қайта қурилмайди”, деган қўшимчаси ҳам бор (Имом Аҳмад “Муснад”да (7916), Фокиҳий “Ахбору Макка”да (729) ривоят қилган). Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини шарҳлар экан, шундай дейди: “Баъзилар: “Бу ҳадис Аллоҳ таолонинг “Биз (Каъбани) барча хавф-хатарлардан омон ҳарам қилганимизни кўрмайдиларми?!” (Анкабут: 67) – деган сўзига зид. Қолаверса, Аллоҳ таоло Каъбадан филни қайтариб қўйди ва улар Каъбани бузишларига имкон бермади. Ваҳоланки, у вақтда Каъба қибла эмасди. Энди мусулмонларнинг қибласи бўлганидан кейин қандай қилиб ҳабашлар бузишларига изн беради?!” – деб эътироз билдиришади. Бу эътирозга мазкур воқеа охирзамонда содир бўлади, деб жавоб берилади. Чунки Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Ер юзида “Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳдан қўрқинглар”, дейдиган одам қолмагунича қиёмат қойим бўлмайди” – дейилганидек, у вақтда ер юзида “Аллоҳдан қўрқинглар”, дейдиган одам қолмаган бўлади. Шунинг учун ҳам Саид ибн Самъоннинг ривоятида “Шундан сўнг Каъба қайта қурилмайди”, дейилган. Бундан олдин ҳам Каъбада урушлар бўлиб ўтган, Язид ибн Муовиянинг даврида Шом аҳли у ерга ғазот қилган. Ундан кейин ҳам бир қанча урушлар бўлган. Булар ичида энг фожеалиси тўртинчи асрда бўлиб ўтган қарматийлар воқеаси ҳисобланади. Улар Каъба атрофида сон-саноқсиз ҳожиларни қатл қилганлар, ҳажари асвадни қўпориб, ўзлари билан олиб кетганлар, бир қанча вақтдан сўнг қайтариб олиб келганлар. Ундан кейин ҳам Каъбага бир неча маротаба уруш қилинди. Бу воқеаларнинг ҳеч бири Аллоҳ таолонинг: “Биз (Каъбани) барча хавф-хатарлардан омон ҳарам қилганимизни кўрмайдиларми?!” – деган сўзига зид келмайди. Сабаби бу воқеалар мусулмонлар (ёхуд ўзини мусулмон санаган шахслар) томонидан содир этилган. Мазкур ҳодисалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бу уйни (Каъбани) фақат эгалари хароб қилади” – деган сўзларига тўғри келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳодисаларнинг барчаси рўй берди. Бу эса у зотнинг пайғамбарликларидан нишонадир. Оятда мазкур тинчлик доим давом этишига далил йўқ, валлоҳу аълам” (“Фатҳул Борий”, 3\461-462) .

Юқоридаги ҳадисларда айтилган ҳабашнинг болдири ҳаддан ортиқ нозик бўлар экан. Одатда ҳабашларнинг болдири нозик бўлади, лекин бу ҳаддан ортиқ нозиклиги билан бошқалардан ажралиб тураркан. Шу сабабдан бу бадбахт ҳадисларда Зуссувайқатайн лақаби билан айтиб ўтилган. Зуссувайқатайн сўзи “болдирлари нозик” маъносини ифодалайди. Бошқа бир ривоятда эса унинг кал бўлиши ҳам айтилган. Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳадисида айтиб ўтилган хазинадан Каъбанинг остидаги қудуққа кўмилган хазина назарда тутилган, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг