Умар розияллоҳу анҳу: Кўчиш ва истаган жойида яшаш эркинлиги

0

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу инсонларнинг кўчиб кетиш ва истаган ерида яшаш эркинлигига риоя этилишига ҳарис эди. Фақат зарурат тақозо этган бир-икки истисно ҳолатларида бу эркинликни чеклашга мажбур бўлганди. Ўшандай истисно ҳолатлардан иккитасига ишора қилиб ўтамиз:

а) Умар розияллоҳу анҳу катта саҳобаларни Мадинадан жилдирмас, улар фатҳ қилинган узоқ ўлкаларга фақат унинг изни билан ёки муҳим расмий топшириқлар билангина, масалан, волийликка тайинланса ёки лашкарбошиликка қўйилсагина боришлари мумкин эди. Сабаби уларнинг маслаҳатларини олиши ва муаммоли масалалар ечимида уларнинг фикрларига мурожаат қилиши осон бўлиши учун эди. Ундан ташқари, Форуқнинг бу сиёсатидан катта саҳобалар бошқа шаҳарларга бориб ўрнашиб қолгудек бўлса, мусулмонлар сафлари орасида ҳар қандай фитна ё бўлиниш чиқишининг олдини олиш ҳам кўзланган эди[1]. Сиёсий донолиги ва одамларнинг табиати ва руҳиятини чуқур билгани туфайли у кибор саҳобаларнинг Мадинада яшашларини истар, уларга: “Бу уммат учун мен энг қаттиқ қўрққан нарса сизларнинг ўлкалар бўйлаб тарқалиб кетишингиз”, дер эди[2]. Агар бу борада эътиборсизликка йўл қўйилгудек бўлса, фатҳ қилинган ўлкаларда фитналар юзага чиқишидан, яъни одамлар улкан шахсиятлар атрофига йиғилиши, ҳар ким ўзи этагини тутган саҳобанинг гапини маҳкам ушлаши, кейин улар ҳақида ҳар хил гаплар ёйилиши, баъзи масалаларда фикрлар фарқлилиги ўртага чиқиши ва бу нарса бетартибликка олиб келиши мумкинлигидан хавотирланарди. Умар розияллоҳу анҳу ислом давлати ичида сиёсий ва диний кучлар марказлари кўпайиб кетишидан қўрқдики, у ҳолда у ёки бу катта саҳобанинг шахсиятига алоҳида ҳурмат-эҳтиром ва унинг фикрига хос эътибор юзага келиши ва охир-оқибат унинг фикри ва сўзи умумий раҳбариятдан содир бўладиган қарор даражасига чиқиши мумкин эди. Куч марказлари бир нечага бўлиниб, бошқарувда тарқоқлик юзага келиши олдини олиш мақсадида Умар розияллоҳу анҳу катта саҳобаларни Мадинада, ўз ёнида олиб қолишга қарор қилгандики, бу билан муҳим қарорлар чиқаришда баҳамжиҳатлик ҳосил бўлар, якка-якка ҳолдаги ижтиҳод тартибсизлигидан омонда бўлинарди.

б) Иккинчи ҳолат Умар розияллоҳу анҳу Нажрон насронийларини ва Хайбар яҳудийларини Арабистон марказидан Ироқ ва Шомга сургун қилганида бўлди. Хайбар яҳудийлари ва Нажрон насронийлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тузган ва кейинчалик Абу Бакр Сиддиқ билан узайтиришган битимларга қатъий риоя қилишмагани бунга сабаб бўлди. Зеро, бу икки қавмнинг қароргоҳлари мусулмонларга қарши фириб-найранглар ва макрлар уясига айланган, бу шайтон уяларини йўқ қилиш ва уларнинг кучларини қирқиб ташлаш зарурати ўртага чиққан эди. Бу иккисидан бошқа насроний ва яҳудий қабилалар шахс сифатида Мадина жамияти ичида барча ҳақ-ҳуқуқлардан фойдаланиб яшашда давом этишди. Байҳақий “Сунан”ида, Абдураззоқ Санъоний “Мусаннаф”ида  Ибн Мусаййиб ва Ибн Шиҳобдан ривоят қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Араб жазирасида икки дин жамланмайди” деган ҳадисларини келтирганлар. Имом Молик Ибн Шиҳобнинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Умар розияллоҳу анҳу чуқур текширтириб, ҳақиқатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Араб жазирасида икки дин жамланмайди” деб айтганларига аниқ ишонч ҳосил қилганидан сўнг Хайбар яҳудларини сургун қилдирди”. Имом Молик айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Нажрон ва Фадак яҳудийларини сургун қилдирди”[3].

 

[1] “Низомул ҳукм фий аҳдил хулафоир рошидин” (160-бет).
[2] Абул Ҳасан Надвий, “Сийрату амирил мўминин” (109-бет).
[3] Байҳақий, “Сунани кубро” (9/208). Абдураззоқ, “Мусаннаф” (6/53).

Изоҳ қолдиринг