Эр вафот этган хотинини ювинтириши ва қабрга қўйиши жоизми?

0

Савол:

Эр вафот этган хотинини қабрга қўйиши жоизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан биронтасини ўз қўллари билан қабрга қўйганлари ҳақида ҳадис келганми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Эр вафот этган хотинини, шунингдек, хотинидан бошқа аёлларни ҳам қабрга қўйиши жоиз. Аслида хотин кишини эри қабрга қўйиши афзал. Фақат шарти шуки, эр ўша кеча умуман жинсий алоқа қилмаган бўлиши керак. Борди-ю, ўша кеча қайсидир аёли билан жинсий яқинлик қилган бўлса, у ҳолда вафот этган хотинини унинг ўрнига бегона (номаҳрам) бўлса-да, бошқа киши қабрга қўйиши афзал ҳисобланади. Бунга Анас ибн Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари вафот этганида мен у зотни қабр устида кўзлари ёшланиб ўтирганларини кўрдим. У зот ҳозир бўлганлардан:Қай бирингиз бу кеча аёлига яқинлик қилмаган?”, деб сўрадилар.  Абу Талҳа разияллоҳу анҳу:  “Мен”,  деди.  Пайғамбаримиз: Унда сиз қабрга тушинг”, дедилар ва у қабрга тушди[Бухорий:  1285].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқаларидан бирортасини ўз қўллари билан қабрга қўйганликлари ҳақида ҳадис келмаган. Чунки Пайғамбаримизнинг Хадича разияллоҳу анҳодан бошқа барча аёллари у зотдан сўнг вафот этганлар.

Эр вафот этган хотинини қабрга қўйиши жоизлигига Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақеъ қабристонидан қайтиб, уйга кирдилар. Мен бошим оғриб: “Вой бошим”,  деб ўтирган эдим. У зот менга дедилар: “Эй Ойша, аксинча, “Вой бошим”,  дейишга мен ҳақлироқман. Агар мендан олдин вафот этсанг, сенга осон. Ўзим сени ювиб, кафанлаб, жанозангни ўқийман, қабрга ўзим қўяман”. [Ибн Можа:  1465. Шайх Албоний “Аҳкомул жаноиз” китобида саҳиҳ деган].

Эр вафот  этган аёлини дафн қилиши жоизлиги борасида уламолар ўртасида хилоф борлигини билмаймиз.

Айтиб ўтиш ўринлики, Ойша разияллоҳу анҳонинг мазкур ҳадисига биноан эр вафот этган хотинини ювиши, кафанлаши ва жанозасини ўзи ўқиши жоиз саналади.

Эр вафот этган хотинини ювиши ёки аксинча хотин вафот этган эрини ювиши хусусида уламоларнинг турли фикрлари бўлиб, улар орасида далил жиҳатдан қувватлироғи ва тўғрироғи бу иш жоиз, деган фикрдир. Бунга бир қанча далиллар бор. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

  1. Юқорида зикр қилинган Ойша разияллоҳу анҳонинг ҳадиси.

  2. Али разияллоҳу анҳу рафиқалари Фотима разияллоҳу анҳони вафотидан сўнг ўзи ювган.

  3. Ибн Масъуд ва Абу Мусо разияллоҳу анҳумо вафот этган аёлларини ўзлари ювишган.

  4. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Агар ўткан ишлардан биронтасини қайтаришга имконим бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни (вафотларидан сўнг) фақат аёллари ювган бўлар эди[Абу Довуд: 3141 Ибн Можа: 1464. Синдий: “Ҳадис санади саҳиҳ ва ровийлари ишончли кишилар”,  деган].

  5. Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафотидан олдин: “Мени аёлим Асмо бинти Умайс ювсин”, деб васият қилган.

Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг