Усмон розияллоҳу анҳу: Қозилик тизими ва баъзи фиқҳий ижтиҳодлар

0

Қозилик тизими 

Усмон Зуннурайн даври Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига яқин ва деярли уланиб кетган давр бўлгани учун рошид – энг тўғри йўлдаги зотлар яшаган даврнинг бир бўлаги саналади. Ушбу даврда бошқа барча ишлар қатори қозиликка оид ишлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қандай юритилган бўлса, шу ҳолида давом этди, у зотнинг даврларида собит бўлган барча нарсаларга тўла ва мукаммал риоя этилди, уларни тўлалигича ҳаётга татбиқ этилди. Рошидлар даврида қозиликка доир ишларда асосан икки жиҳатга аҳамият қаратилганди:

а) Қозилик ва ҳукм чиқариш ишларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги нусуслар (оят-ҳадис асосидаги далиллар)га қатъий амал қилиш ва фақат ўшаларга чекланиш ва уларни лозим тутишда давом этиш;

б) Кенгайиб бораётган ислом давлати устунларини мустаҳкамлаш учун ва янги чиқиб келаётган муаммоларга ечим топиш учун қозиликка оид янги тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш.

Умар Форуқ аввало Аллоҳнинг тавфиқи, қолаверса ўзининг бетакрор даҳоси ва заковати билан исломий давлатнинг қозилик тизимини ривожлантиришга ва бу соҳага доир маълум тартиб-қоидалар ишлаб чиқилишига эришган эди. Рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қозиларни тайин қилиш, уларга маошлар белгилаш, уларнинг қозилик ихтисосларини белгилаш, қазо ва ҳукмларнинг манбалари, қозилар суяниши лозим бўлган далиллар, қозиларга вожиб бўладиган ишлар борасида улардан фойдаланди.

Усмон розияллоҳу анҳу халифалик мансабига келган пайтда Мадинада Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Собит ва Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳум қозилик қилиб туришарди. Баъзи тадқиқотчилар зикр қилишларича, Усмон бу қозилардан ҳеч бирига Умар даврида бўлганидек, қазо ва ажрим ишларида мустақил равишда узил-кесил ҳукм чиқариш ҳаққини қолдирмади. Ҳар бир қазо ва ажрим ишини ўзи диққат билан кузатар, ҳукм чиқаришда мазкур қозилардан ва бошқа саҳобалардан маслаҳат оларди. Бу дегани Усмон розияллоҳу анҳу мазкур уч қозини истеъфога чиқарганини ва уларни ўзига маслаҳатчилар сифатида қолдирганини англатади. Баъзилар эса Усмон уларни қозиликдан бўшатгани ҳақида очиқ далил келмаганини айтишган. Бу борада келган ривоятлар маъноси шунга далолат қиладики, Усмон розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг Мадинадаги қозиларини ўз ўринларида қолдирган, лекин кўпгина катта масалаларни қараб чиқиш ва уларда узил-кесил ҳукм чиқариш масъулиятини улардан кўтарган ва уларни маслаҳатчилар сифатида қолдирган. Бу борада келган ривоятларнинг қарама-қаршилиги шундай хулоса чиқаришимизга асос бўлади.

Байҳақий “Сунан”да ва Вакеъ “Ахборул қузот”да Абдураҳмон ибн Саиддан ривоят қиладилар. У бобосидан шундай эшитганини айтади: “Усмон ибн Аффон масжидда ўтирганида унинг ҳузурига икки киши жанжаллашиб келди. Бирига: “Бор, Алини чақириб кел”, деди. Бошқасига: “Бор, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ва Абдураҳмонни чақириб кел”, деди. Чақирилганлар ҳаммаси етиб келишгач, Усмон ҳалиги иккаласига: “Қани, энди гапиринглар”, деди. Кейин буларга юзланиб: “Нима маслаҳат берасизлар?”, деб сўради”. Агар маслаҳатчилари билан фикрлари бир жойдан чиқса, ҳукмни эълон қиларди, бир фикрга келолмасалар, ишни қайтадан кўриб чиқарди. Усмон ибн Аффон то умрининг охиригача ҳам Мадинага хос қози тайин қилгани маълум эмас.

“Тарихи Табарий”да Усмон розияллоҳу анҳунинг ишлари ҳақида сўз юритилган ўринда шундай келган: Ўша кунлари Зайд ибн Собит Усмоннинг қозилик ишларини бажарарди. Бундан келиб чиқадики, Усмон Зайдни қозилик лавозимида қолдирган ва хусуматларни ажрим қилишига изн берган.

Юқорда келган икки маълумотни шундай жамлаш мумкинки, Усмон розияллоҳу анҳу Мадина қозиларига баъзи даъво ишларини ажрим қилиш ишини қолдирган, каттароқ муаммоли масалалар ажримини бошқа саҳобалар ва шу жумладан, ўша қозилар маслаҳати билан ечишга ўзи бош-қош бўлган[1].

Баъзида Усмон розияллоҳу анҳу ўлкаларга қозилар тайин қиларди, Каъб ибн Сурни Басрага қози этиб тайинлагани каби. Баъзида эса қозилик ишини ҳам волий зиммасига юкларди. Масалан, Яъло ибн Умайя Санъонинг волийси ва қозиси саналарди[2].

Ибн Умар қозиликка узр айтади

Усмон розияллоҳу анҳу Ибн Умар розияллоҳу анҳумони қозилик мансабига таклиф қилганида у: “Мен икки киши ўртасида ҳам қозилик қилмайман, икки кишига ҳам имом бўлмайман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса, энг яхши паноҳ берувчидан паноҳ сўрабди”, деганларини эшитганмисиз?”, деди. “Ҳа, эшитганман”, деди Усмон. “Ундай бўлса, менга мансаб беришингиздан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деди. Шундан сўнг Усмон унга рухсат берди ва бу гапни ҳеч кимга айтмаслигини тайинлади[3].

Қозихона (Дорулқазо)

Баъзи тарих китобларида биринчи бўлиб Усмон розияллоҳу анҳу қозихона ташкил қилгани айтилади. Ибн Асокир Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлоси Абу Солиҳдан ривоят қилиб, келтиради: “Аббос мени Усмонни чақириб келгани юборди. Мен уни чақиргани қозихонага бордим”. Агар бу хабар саҳиҳ бўлса, Усмон розияллоҳу анҳу ислом тарихида биринчи бўлиб қозихона (дорулқазо) ташкил қилган бўлади. Ундан олдинги икки халифа қозилик ишларини масжидда адо этишарди.

Усмон халифалиги давридаги энг машҳур қозилар

  • Зайд ибн Собит (Мадина);

  • Абу Дардо (Дамашқ);

  • Каъб ибн Сур (Басра);

  • Абу Мусо Ашъарий (Басра волийлигига қўшимча);

  • Шурайҳ (Кўфа);

  • Яъло ибн Умайя (Яман);

  • Сумома (Санъо);

  • Усмон ибн Қайс ибн Абул Ос (Миср).

[1] “Ан-нузум ал-исломия” (1/378).
[2] “Асрул хилофатир рошида” (143-бет).
[3] Имом Аҳмад, “Муснад” (475).

Изоҳ қолдиринг