Қодиёнийларда “сўнги пайғамбарлик” тушунчаси

0

Ўтган мақолаларимизда Қодиёний ўзини пайғамбар деб даъво қилганини айтган эдик. Дунёдаги барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар бўлганларига ва у кишидан сўнг қиёмат кунигача пайғамбар чиқмаслигига иймон келтирадилар. Қодиёнийликка кўра эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳам пайғамбарлик маълум шахсларга келган ва келишда давом этади. Қодиёний ўзининг бу аҳмоқона даъвосини оқлаш ва инсонларни унга ишонтириш мақсадида мусулмонлар эътиқодидаги “сўнгги пайғамбар” тушунчасини ўзининг ёлғонларига тўғри келиши учун бир неча хил тарзда талқин қилган. Унинг бу талқинлари далилга ҳам, ақлга ҳам тўғри келмаслигини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг бирон киши пайғамбар бўлиши мумкин деб эътиқод қилган инсон ислом динидан чиқишини уламоларимиз баён қилиб ўтишган. Қуйида қодиёнийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги пайғамбар эканларини қай йўсинда талқин қилганларини бирма-бир келтириб ўтамиз:

1) Қодиёнийларга кўра, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан бирон кишига “пайғамбарлик” инъом этиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги пайғамбар эканларига зид келмайди. Чунки у инсон пайғамбар бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати ҳисобланади. Агар бошқа пайғамбар умматидан бирон киши пайғамбарлик даъво қилса, унда бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги пайғамбарликларига зид бўлади. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан эмас. Уларнинг эътиқодида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматидан пайғамбар чиқиши у зотнинг мартабалари қанчалар улуғ эканининг яна бир исботи саналади. Бу ҳақда Мирзо Ғуломнинг ўғли Башир Маҳмуд шундай дейди: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг воситаларисиз бўладиган тўғридан-тўғри пайғамбарликни асло тан олмаймиз. Шунинг учун ҳам биз Исо Масиҳнинг қайта тушишини инкор этамиз. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматларини оширадиган, у зотнинг мартабаларини юксалтирадиган пайғамбарликка ишонамиз”[1]. Башир Маҳмуд бу тушунчани отаси Мирзо Ғуломдан олган. Чунки Мирзо Ғулом ўзининг “Замиматул ваҳий” китобида (18-бет) шундай дейди: “Агар бирон киши “Қандай қилиб бу умматдан пайғамбар чиқиши мумкин, ахир Аллоҳ таоло пайғамбарликка якун қўйган-ку?!” – деса, унга шундай жавоб берилади: Аллоҳ таоло башариятнинг саййиди бўлмиш пайғамбаримизнинг етукликларини исботлаш мақсадида (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг чиққан) бу кишини ҳам пайғамбар қилди. Чунки уммат етук бўлмаса пайғамбар етук ҳисобланмайди. Акс ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни етук пайғамбар дейиш ақлли инсонлар наздида бирон далилга асосланмаган шунчаки даъво бўлади, холос”.

Қодиёнийнинг бу гаплари Аллоҳ таолонинг “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ичингиздаги бирон эркакнинг отаси эмас. Аксинча, у Аллоҳнинг расули ва пайғамбарларнинг охиргисидир” (Аҳзоб: 40) оятига зид бўлиши билан бирга ақлга ҳам тўғри келмайди. Чунки агар ҳақиқатдан ҳам мазкур оятдаги “пайғамбарларнинг охиргиси”дан мурод Қодиёний айтганидек бўлса, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг авж олган фитналар даврида саҳоба ва тобеинларнинг ичидан ҳам пайғамбар чиқиши керак эди. Бироқ, уларнинг ичидан бирон бир пайғамбар чиқмаган. Ваҳоланки, фитналар авж олган вақтда унга чек қўядиган бир пайғамбар чиқиши бутун мусулмонларнинг фойдасига бўларди. Шундай ҳолатда ҳам салафи солиҳларнинг биронталарига ваҳий келмаган. Аксинча, улар “менга ваҳий келди”, деган каззобларга қарши уруш қилиб, уларнинг барчаларини қатл қилишган.

2) Қодиёний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги пайғамбар эканларини у кишидан кейин янги шариат келтирадиган пайғамбар чиқмайди, деб таъбир қилган[2]. Бироқ, умрининг охирги даврларида янги шариат чиқариб, Мирзо Ғуломнинг ўзи бу талқинга қарши иш қилган.

Давоми бор

[1] “Даъватул амир” китоби, 33-бет.
[2] “Даъватул амир”, 38-бет.

Изоҳ қолдиринг