Қайтар дунё: Нуҳ алайҳиссалом

0

Башариятнинг иккинчи отаси, кофирларга юборилган илк пайғамбар. У қавмини эллик кам минг йил даъват қилди. Шунда ҳам у кишига жуда камчилик иймон келтирди. Тўққиз юз эллик йил қавмини якка худоликка, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмасликка чақириб: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан бошқа илоҳ йўқ. Мен сизларга оғир кун азобидан қўрқаман” – дерди (Аъроф: 59). Нуҳ алайҳиссалом холис Аллоҳ учун даъват қилди. У киши даъвати асносида: “Мен сизлардан даъватим учун хизмат ҳақи сўрамайман. Менинг ажрим оламлар Парвардигорининг зиммасида” – дер эди (Шуаро: 109). Бироқ қавми уни эсипастликда айблаб: “Биз сени қаттиқ адашган деб биламиз” – дейишди (Аъроф: 60). Устига устак, у кишига иймон келтирганларни камситиб: “Кўряпмизки, сенга фақат ичимиздаги паст-тубан кишиларимиз ўйламасдан (онгсиз равишда) эргашмоқдалар” – дейишди (Ҳуд: 27). Бу ҳам етмаганидек, улар Нуҳ алайҳиссаломни масхара қила бошлашди. Аллоҳ учун холис ниятда сабр қилиб, ўз халқини ҳаққа даъват қилгани учун халқи у кишини адашган, ёлғончи ва бузғунчиликда айблаб, устидан кулишди.

Нуҳ алайҳиссаломнинг бу даъватлари оқибати нима бўлди деб ўйлайсиз? Тўғри, у кишининг қавмидан иймон келтирганларнинг сони жуда ҳам оз бўлди. Лекин, Аллоҳ таоло у зотнинг мақтовини қиёмат кунига қадар боқий қилди, қиёматга қадар у зотнинг исмини эшитган ҳар бир мусулмон “алайҳиссалом” деб, у кишининг ҳаққига дуо қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ва кейинги авлодлар орасида Нуҳга гўзал мақтовлар қолдирдик. Барча оламлар ичра Нуҳга салом бўлгай. Албатта, биз яхши амал қиладиганларни мана шундай мукофотлаймиз” – деган (Соффат: 77-88). Бу дунёда қилинган ҳар бир яхши амал ҳам, ёмон амал ҳам ҳисоб-китобсиз қолмайди. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак.

Биз қилган солиҳ амалларимиз учун кимлардир томонидан камситилишимиз, ҳақорат қилинишимиз, ёлғончи деган ном олишимиз мумкин, бизга эргашганларнинг сони жуда ҳам кам бўлиши ҳам мумкин. Лекин, бу биз қилаётган амал беҳуда кетди, дегани эмас. У қачондир ўз самарасини беради, фақат биз у самарани кўрмаслигимиз мумкин, холос.

 

Изоҳ қолдиринг