Таҳорат олиш асносида гапириш жоизми?

0

Савол:

Таҳорат олиш асносида гапириш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Таҳорат асносида гапириш жоиз бўлиб, шариатимиз томонидан буни тақиқлайдиган бирон далил келмаган.  Зеро, аслида ҳар қандай хатти-ҳаракат ва сўзлар то ундан тақиқловчи далил келмагунича мубоҳ – жоиз саналади.

Айрим уламолар таҳорат олаётган вақтда гапириш макруҳ, деган фикрни билдиришган. Аммо уларнинг макруҳ деган сўзлари шаръий истилоҳдаги макруҳ бўлмай, балки луғавий, яъни бундай қилмаган афзал, деган маънодадир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ таҳоратдаги суннат ва мустаҳаб амалларни зикр қилар экан: “Бирон эҳтиёж бўлмаса таҳорат асносида гапирмаслик”, дея уни таҳоратнинг суннат ва мустаҳаб амаллари қаторига қўшган.

Қози Иёз имом Муслимнинг “Саҳиҳ ҳадислар тўплами” номли китобига ёзган шарҳида уламолар таҳорат ва ғусл асносида гапиришни макруҳ санашини нақл қилган. Шариатда эса таҳорат асносида гапиришни тақиқловчи бирон далил собит бўлмаган. Демак, уламолар макруҳ деганда ушбу сўзнинг шаръий маъносини эмас, балки унинг луғатдаги, яъни бундай қилмаган афзал деган маъносини кўзда тутишгани маълум бўлади” [Мажмуъ:  1/490-491].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ таҳорат олаётган вақтда гапириш макруҳми, деган саволга қуйидагича жавоб беради:

Таҳорат олаётган вақтда гапириш макруҳ эмас. Лекин таҳорат асносида гапириш таҳорат олаётган одамни чалғитади. Ҳолбуки, таҳорат олаётган одам юзини юваётганда бу амални Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсуниб бажараётганини қалбдан ўтказиб, ҳис қилиши керак. Шунингдек, қўлларини юваётганда, бошига масҳ тортаётганда ва оёқларини юваётганда ҳам шу ниятни ёдда тутиши керак. Агар таҳорат олаётган вақтида бирор киши билан сўзлашса, ушбу ниятни ҳозир қилолмаслиги, гоҳида эса у сабабли таҳорат тартибидан адашиб кетиши мумкин. Қолаверса, таҳорат асносида сўзлашиш сабабли кишида васваса ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун то таҳоратни тугатгунча гаплашмаслик афзал. Лекин, агар гапирса бунинг зиёни йўқ” [Фатово нурун алад дарб].

Валлоҳу аълам.

Ушбу фатво IslamQA веб саҳифасидан таржима қилинди.

Изоҳ қолдиринг