Рикоз (хазина)дан бериладиган закот

0

Рикоз (хазина)дан бериладиган закот

Рикоз таърифи:

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг наздимизда ихтилоф бўлмаган ва мен илм аҳлидан эшитган фикрга кўра, рикоз деганда жоҳилият аҳлидан қолган ер ости хазиналари назарда тутилади. Бундай хазинадан закот вожиб бўлиши учун уни топишда катта маблағ, харажат ва меҳнат сарфланмаган бўлиши шарт қилинади»[1].

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: «Рикоз деб Яратган зот ёки бандаси кўмган ер ости бойликларига айтилади».

Азҳарий Шофеий роҳимаҳуллоҳдан шундай деганини ривоят қилади: «Мен шуҳба қилмайдиган фикрга кўра, рикоз деб жоҳилият аҳлидан қолган хазиналарга айтилади. Мен аниқ бир фикр билдиролмаганим рикоздан маъданлар (яъни ер ости табиий бойликлари) назарда тутилишидир»[2].

Яъни имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ маъданлар ҳам рикоз (хазина) саналишини қатъий тарзда айтолмаслигини маълум қилади. Дарҳақиқат, луғат аҳли ўртасида рикоз моҳияти хусусида ихтилоф бор. Ироқлик луғатшунослар рикоз деганда барча ер ости бойликлари тушунилади дейишса, Ҳижозлик луғатшунослар эса рикозни жоҳилият аҳлидан қолган хазиналар деб таърифлашади. Ҳижозликларнинг фикри тўғрироқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида бу икки нарсанинг ҳукмини бир-биридан ажратиб баён қилганлар. Ҳадисда жумладан шундай дейилади: «…Маъдан сабабли етган талофатга ҳеч кимса жавобгар эмас[3]. Рикознинг бешдан бири берилади»[4]. Кўриб турганингиздек, ҳадисда маъдан билан рикоз бир-биридан фарқли икки нарса сифатида зикр қилинган.

Рикоздан закот чиқариш шариатда борлиги

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Тилсиз) ҳайвон етказган талофатга ҳеч кимса жавобгар эмас. Қудуқ (қазиш асносида тупроқ босиб қолиши ёки қудуққа тушиб кетиш) сабабли етган талофатга ҳеч ким жавобгар эмас. Маъдан сабабли етган талофатга ҳеч кимса жавобгар эмас. Рикознинг бешдан бири берилади».

Ҳадисдаги «Маъдан сабабли етган талофатга ҳеч кимса жавобгар эмас», деган жумладан қуйидаги икки хулоса чиқади:

Биринчиси: агар инсон маъдан қазиш учун мардикор ишлатса-ю, иш мобайнида уни тупроқ босиб, ҳалок бўлса, иш эгаси унинг ўлимига жавобгар бўлмайди. Мазкур ҳукмни маъданнинг ҳайвон ва қудуқ билан бирга зикр қилиниши ҳам қўллаб-қувватлайди.

Иккинчиси: маъдандан закот берилмайди. Бу ҳукмни маъданнинг рикоз (хазина) билан бирга зикр қилинишидан тушуниш мумкин. Зеро, ҳадисда маъдан сабабли етган талофатга ҳеч кимса жавобгар эмаслиги баён қилиниб, рикозга келганда ундан бериладиган закот миқдори зикр қилинди.

Рикозга оид масалалар:

(1) Рикоз тури

Жумҳур уламолар фикрича, рикоз тилла, кумуш, мис, қўрғошин, турли идишлар ва ҳоказо жоҳилият даврига оид ҳар қандай топилма ва хазиналарни ўз ичига олади. Бу уч имомлар: Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаднинг фикри, шунингдек, Шофеийга оид икки фикрдан биридир.

Имом Шофеийнинг бошқа фикри ҳам бор. Унга кўра, хазиналар ичидан фақат тилла ва кумушдангина закот (бешдан бири) берилади. Биринчи фикр тўғрироқ. Чунки ҳадисда ажратмасдан умумий тарзда «Рикознинг бешдан бири берилади», дейилган.

(2) Рикоз закоти (хазинанинг бешдан бири) кимларга вожиб?

Жумҳур уламолар фикрича, рикоз закоти мусулмон ёки зиммий, катта ёки кичик, эс-ҳушли ёки ақлдан озган инсон бўлишидан қатъий назар хазинани топган кишига вожиб бўлади.

Мазкур фикр рожиҳдир. Чунки ҳадисда ажратмасдан умумий тарзда «Рикознинг бешдан бири берилади», дейилган. Шунингдек, ҳадисдан хазинанинг қолган қисми (бешдан тўрт қисми) топган кишининг ўзида қолиши ҳам тушунилади.

(3) Рикоздан закот бериш учун нисоб шарт қилинадими?

Ҳадис зоҳиридан рикоздан закот чиқариш учун нисоб шарт эмаслиги, жоҳилият даврига оид топилган хазина қанча миқдорда бўлишидан қатъий назар унинг бешдан бирини чиқариш вожиблиги келиб чиқади.

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдаги «Рикознинг бешдан бири берилади» деган мутлақ сўз зоҳиридан тушуниладики, рикоз закоти учун нисоб шарт эмас»[5]. Бу жумҳур уламолар мазҳаби бўлиб, бу фикрни Ибн Мунзир, Санъоний, Шавконий ва бошқалар ихтиёр қилишган.

(4) Рикоз закоти қаерга сарфланади?

Юқоридаги ҳадисда рикоз закоти қаерга сарфланиши белгиланмаган. Шу боис уламолар бу борада турлича фикр билдирганлар. Баъзилар рикоздан чиқариладиган закот бошқа закотларга ҳақдор кимсаларга берилади дейишса, баъзилар жизя ва хирож моллари каби кофирлардан жангсиз қўлга киритилган мол-мулклар сингари мусулмонларнинг умумий манфаатлари учун сарфланади дейишган.

Ҳар икки гуруҳ уламолар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун баъзи ривоятларни далил қилишган. Бироқ бу ривоятларнинг барчаси заиф ривоятлардир. Бу борада тўғрироқ фикрга кўра, рикоз закоти мусулмонлар учун манфаатлироқ деб топилган жойларга сарфланади.

Шайх Албонийнинг айтишича, рикоз закотини қаерга сарфлаш масаласи мусулмонлар халифасига ҳавола қилинади. Унинг ўзи давлат манфаати тақозо қилган соҳаларга сарфлайди. Мазкур сўзи ортидан шайх Албоний шундай дейди: «Бу – Абу Убайд «Ал-амвол» китобида ихтиёр қилган фикр»[6].

(5) Рикоз закотини чиқариш вақти

Юқоридаги ҳадис зоҳиридан тушунилишича, рикоз закоти учун ҳавл – бир йил ўтиши шарт эмас. Балки хазина қўлга киритилиши билан унинг бешдан бирини чиқариш вожиб бўлади. Бу хусусда уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.

[1] «Ал-мудаввана» (1/342).

[2] Шофеийнинг «Ал-ум» асари (2/47).

[3] Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадис маъноси шундай: бир киши ўз мулкида ёки (ҳеч кимсага тегишли бўлмаган) ўзлаштирилмаган ерда маъдан чиқариб олиш учун ер қазийди. Шунда у жойлардан ўтган баъзи одамлар қазилган чуқурга йиқилиб, ўлади. Ёки инсон конда мардикор ишлатади-ю, уларни кон босиб ҳалок бўладилар. Мазкур ҳолатларда кон эгаси ҳалок бўлган инсонлар учун жавобгар бўлмайди” [“Шарҳи саҳиҳи Муслим”].

[4] Бухорий (1499), Муслим (1710), Абу Довуд (4593), Термизий (642) ривояти.

[5] Албонийнинг «Тамомул минна фит-таълиқи ала фиқҳис-сунна» китоби (377-бет).

[6] Албонийнинг «Тамомул минна фит-таълиқи ала фиқҳис-сунна» китоби (378-бет).

Изоҳ қолдиринг