Али розияллоҳу анҳу: Абу Бакр Сиддиққа муносабати

0

Али розияллоҳу анҳу муртадларга қарши урушларда Абу Бакр Сиддиқнинг ёнида бўлгани

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга холис дўст, ислом ва мусулмонлар манфаатини шахсий ғаразлардан устун қўювчи чин мўмин эди. Унинг Абу Бакрга бўлган ихлосига ва доим мусулмонлар манфаатини кўзловчи, хилофатнинг сақланиб қолишига ва мусулмонлар бирлиги йўқолмаслигига ҳаракат қиладиган куюнчак инсон бўлганига яққол далил бўлувчи мисоллар талайгина. Улардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларга қарши уруш қилиш учун Зулқассага шахсан ўзи йўл олишга ва мусулмон қўшинини ўзи жангга бошлаб киришга азм қилганида Али розияллоҳу анҳунинг тутган мавқифида (позициясида) намоён бўлди. Бу ерда Абу Бакр Сиддиқ ўз жонини хавф-хатарга қўяётган ва шу билан бирга исломий хилофат келажаги ҳам хатар остида қолиши эҳтимоли бор эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: Абу Бакр Зулқассага отланиб, туясига минган пайтида Али ибн Абу Толиб унинг туяси тизгинидан тутди ва: “Қаерга, эй Расулуллоҳнинг халифаси? Мен сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни сизга айтган гапни айтаман: Қиличингизни қинига солинг ва бизни ўзингиз билан мусибатлантирманг. Мадинага қайтинг. Қасамки, агар фожеа юз бериб, сизга бир гап бўлса, ислом низоми издан чиқиб кетади”, деди. Шундан сўнг Абу Бакр ортига қайтди[1] ва қўшин усиз йўлга чиқди.

Аллоҳ сақласин, агар Али розияллоҳу анҳунинг кўнглида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга нисбатан ғайирлик бўлганида ва унга ўзи истамаган ҳолда, мажбурликдан байъат берган бўлганида, бу вазиятни ўзи учун олтинга тенг фурсат деб билган ва  ундан фойдаланиб қолишга уринган бўларди. У ҳолда у Абу Бакрни ўз ҳолига қўйган бўларди, унга бирон кор-ҳол бўлса, ундан қутулган ва ўз истагига эришган бўларди. Ёки бундан ҳам ёмони, ҳозирги замондаги айрим сиёсатчилар ўз сиёсий рақиблари ва душманларига нисбатан қилаётгани каби бирон кишини унинг ортидан юбориб, хиёнаткорона ўлдиртириб юборишга уринган бўларди[2].

Али розияллоҳу анҳунинг фикри ҳам муртадларга қарши уруш қилиш эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан: “Сиз нима дейсиз, эй Абулҳасан?”, деб сўраганида у: “Мен, агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда улардан (закот учун) олган нарсалардан бирортасини олмасдан қолдирсангиз, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига хилоф қилдингиз, дейман”, деди. Абу Бакр: “Агар сизнинг фикрингиз шу бўлса, у ҳолда мен уларга қарши, гарчи битта арқонни беришдан бош тортсалар, ўша учун ҳам уруш қиламан”, деди[3].

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқни ўзидан устун кўргани

Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ўзидан афзал ва устун кўриши ҳақида кўплаб саҳиҳ хабарлар келган. Жумладан:

  • Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қилинади: Мен отам (Алий ибн Абу Толиб)дан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг яхши одам ким?”, деб сўрадим. “Абу Бакр”, деб жавоб берди. “Ундан кейин ким?”, деб сўрадим. “Умар”, деб жавоб берди. Ундан кейин Усмон дейишидан қўрқиб: “Кейин сизми?”, деб сўраган эдим: “Мен мусулмонлардан оддий бир кишиман, холос”, деб жавоб берди[4].

  • Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У: “Мен сизларга бу умматнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг афзал кишисини айтайми? У Абу Бакр”, деди. Сўнг: “Бу умматнинг Абу Бакрдан кейинги энг афзал кишисини айтайми? У Умар”, деди[5].

  • Абу Воил Шақиқ ибн Саламадан ривоят қилинади: Али розияллоҳу анҳуга: “Бизга бирон кишини халифа қилиб қолдирмайсизми?”, дейилди. У деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифа қолдирмадиларки, мен халифа қолдирсам. Лекин, агар Аллоҳ одамларга яхшилик истаса, уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг яхши кишининг қўлига жамлаганидек мендан кейин ҳам энг яхши киши қўлига жамлайди”[6].

  • Али розияллоҳу анҳу деди: “Кимда-ким мени Абу Бакр ва Умардан афзал деса, унга туҳматчига бериладиган дарралаш жазосини бераман”[7].

  • Али розияллоҳу анҳу Абу Суфён розияллоҳу анҳуга шундай деган эди: “Биз Абу Бакрни бу ишга лойиқ топдик”.

Али ва Абу Бакр розияллоҳу анҳумо ўртасида доимий илиқ алоқалар бўлганига ишора этадиган бошқа асарлар ҳам келган. Жумладан:

а) Уқба ибн Ҳорис айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан бир неча кун кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан аср намозидан чиқдим, ёнларида Али розияллоҳу анҳу бор эди. Болалар билан ўйнаётган Ҳасан ибн Алининг ёнида ўтаётиб Абу Бакр уни кўтариб, бўйнига миндирди ва: “Отам фидо бўлсин, бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда ўхшайди, Алига эмас”, деди. Али унинг гапига кулиб турарди[8]”.

б) Али розияллоҳу анҳунинг ўзи: “Ким жамоатдан бир қарич ажралса, бўйнидан ислом бўйинбоғини ечибди”, деган[9]. Энди унинг ўзи шундай ишни қиладими?! У ихтилофни ёмон кўрарди, жамоатнинг бирлигига ҳарис эди. Қуртубий айтади: “Абу Бакр билан Али ўртасида бўлиб ўтган ўзаро дашном ва бир-бирига айтган узрларни ва улар орасидаги иттифоқчиликни яхши билган одам биладики, ҳар иккиси бир-бирининг фазлини эътироф этар, қалблари бир-бирининг муҳаббати ва эҳтиромига тўла эди”[10].

Энди Зубайр ибн Аввомнинг Абу Бакр Сиддиққа байъатни ортга сургани ҳақидаги гапга келсак, бу гап саҳиҳ эмас. Аксинча, бунинг зиддини исбот қиладиган ва унинг бошидаёқ байъат берганига далолат қиладиган, Абу Саид ва бошқалар томонидан ривоят қилинган саҳиҳ ривоятлар мавжуд[11].

в) Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуни Саббоқ (мусобақада ғолиб, ўзувчи) деб атагани ва довюраклик билан сифатлагани ҳақида ривоятлар келган. Жумладан:

Абу Яҳё Ҳаким ибн Саъд айтади: Мен Али розияллоҳу анҳуни қасам ичиб, шундай деганини эшитганман: “Қасамки, Аллоҳ Абу Бакрга “Сиддиқ” исмини осмондан туширди”[12].

Сила ибн Зуфар айтади: “Қачон Али ҳузурида Абу Бакр номи тилга олинса, у: “Саббоқни айтаяпсизлар-да, Саббоқни! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, қачон бир яхши ишга мусобақалашсак, албатта Абу Бакр биздан ўзиб кетарди”, дерди[13].

Муҳаммад ибн Ақил ибн Абу Толиб айтади: Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бизга хутба қилар экан: “Эй одамлар! Энг шижоатли одам ким?” деб сўради. “Сиз, эй амирулмўъминин”, дейишди одамлар. “Энг шижоатли инсон Абу Бакр эди. Чунки Бадр жанги куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир чодир қурган эдик. “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида туриб, мушриклардан биронтасини ҳам у зотга яқинлаштирмай, қўриқлаб туради?”, деганимизда, Абу Бакр қилич яланғочлаб у зотнинг яқинларига туриб олди. У ўшанда бирорта ҳам мушрикни у зот яқинларига йўлагани қўймади. Шундай экан, у энг шижоатли инсондир”, деди[14].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/314).
[2] Надвий, “Ал-муртазо” (97-бет).
[3] “Ар-риёзун назра” (670-бет).
[4] Бухорий ривояти.
[5] Муснади Аҳмад (1/106, 110, 127).
[6] “Мустадрак” (3/79), санади саҳиҳ.
[7] “Фазоилус саҳоба” (1/83). Санадида заифлик бор.
[8] Муснади Аҳмад (1/170). Санади саҳиҳ, Аҳмад Шокир тадқиқи.
[9] Ибн Аби Шайба, “Мусаннаф” (15/24).
[10] “Фатҳул Борий” (7/495).
[11] Абдулазиз Сулаймон, “Абу Бакр хилофати” (81-бет).
[12] Табароний, “Муъжам кабир” (1/95).
[13] Табароний, “Муъжам авсат” (7/207).
[14] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (3/271).

Изоҳ қолдиринг