Усмон ибн Аффоннинг қариндошлари бўлмиш умавийларга муносабати

0

Усмон розияллоҳу анҳу қариндошларига байтулмолдан беҳисоб бойликлар улашгани ҳақидаги айбловлар

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу хаворижлар ва иғвогар кимсалар томонидан байтулмолга исроф билан ёндашганлик ва қариндошларига ҳисобсиз мол-мулклар улашганликда айбланди. Сабаийлар ва шиа рофизалар бошчилигидаги Усмонни қоралаш ва ёмон кўрсатишга жон-жаҳди билан киришган кимсалар бу иддиоларни шишириб кўпиртирдилар. Уларнинг кўплаб ёлғон-яшиқ гаплари тарих китобларига кириб қолди, айрим тарихчилар ва мафкурачилар бу гапларни ҳақиқат сифатида қабул қилиб, уларнинг ёйилишига сабаб бўлдилар. Аслида, бу гаплар ҳеч қандай асосга эга бўлмаган пуч ва уйдирма гаплар эди.

Усмон розияллоҳу анҳу аввалдан ҳам улкан бойлик эгаси эди, илгаридан ўз қариндош-уруғларига мурувватлилиги ва сахийлик билан мўл-кўл бойликлар туҳфа этиши билан машҳур эди. Табиийки, у бу саховатпешалигини ўз шахсий бойликларидан қиларди. Аммо ғаразгўй кимсалар уни бу хайр-эҳсонларни байтулмол ҳисобидан қилгани ҳақидаги шубҳаларни урчитишга зўр бериб уринишди. Усмон розияллоҳу анҳу бу гапларга ўз муносабатини билдириб, шундай деганди: “Айтишларича, мен ўз қариндошларимни яхши кўрар ва уларга кўп туҳфалар берар эканман. Уларни яхши кўришимга келсак, тўғри, мен уларни яхши кўраман, лекин уларга бўлган муҳаббатим мени жавр йўлига оғдирмади, балки мен улар зиммасига ҳақ-ҳуқуқларни ҳам юклайман. Уларга ҳадялар беришимга келсак, мен бу ҳадяларни ўз молимдан бераман, мусулмонларнинг умумий молини ўзимга ҳам, бошқа бирон кишига ҳам ҳалол санамайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб даврларида ҳам фуқароларга ўз молимдан жуда кўп туҳфалар ва нафақалар бериб келганман. У даврда мен ёш ва мол-дунёга муҳаббатли бўлган ҳолда шундай қилардим. Энди ёшим ўтиб, умрим ниҳоясига яқинлашган бир пайтда қариндош-уруғларимга мол-мулкимни улашсам, у туҳматчилар мен ҳақимда шундай гапларни гапиришадими?!”[1]

Усмон ибн Аффон ўз мол-мулкини ва ерларини ўз қабиласи бўлмиш Бани Умайяга тарқатиб берди, ўз фарзанларига ҳам улар қаторида тақсимлади. Дастлаб Абул Ос ўғилларига ҳар бирига ўн мингдан, жами юз минг дирҳам берди. Усмон ўғилларига ҳам шунча берди. Қолганини Бани Ос, Бани Ийс ва Бани Ҳарбга тақсимлади[2].

Усмон розияллоҳу анҳунинг қариндошларига бўлган муносабатини исломнинг меҳр кўрсатиш ва мурувватли бўлишга чорлашдек улуғ жиҳатларидан бирига амалий ёндашув сифатида қараш мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: “(Эй Муҳаммад), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!” [Исро: 26].

Унинг бу иши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқ атворларининг гўзал бир қиррасини ўзида мужассам этгандики, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз қариндошларини яхши кўрардилар, уларга меҳр-мурувват кўрсатардилар, хайру эҳсонларини дариғ тутмасдилар. Мисол учун, Баҳрайндан мол келганида амакилари Аббосга ҳаммадан кўп мол берганлар,[3] амакиваччалари ва куёвлари Али розияллоҳу анҳуни волийликка тайинлаганлар. Усмон учун ва бутун мусулмонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда улкан ўрнак ва намуна бордир[4].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Усмон розияллоҳу анҳуни ўз қариндошларига байтулмолдан жуда кўп мол-мулкларни бериб юборган, деб айблайдиган, уни ўзи қизларини берган қурайшлик тўрт кишига тўрт юз минг динор берганини, Марвонга бир миллион динор ҳадя қилганини айтадиган кишиларга раддия билдириб шундай дейди:

“Биринчидан, шундай қилганига аниқ далил йўқ. Тўғри, Усмон қариндошларига кўп ҳадялар берарди, нафақат қариндошларига, бегоналарга ҳам берарди. У барча мусулмонларга ўта саховатли эди. Аммо, бу қадар кўп мол-мулкни кимгадир бергани ҳақидаги гап аниқ ривоят билан нақл қилинган далилга муҳтож. Иккинчидан, бу ёлғонлиги очиқ кўриниб турган гап, чунки на Усмон ва на рошид халифалардан бирортаси бирон кишига бунча кўп маблағни бериб юбормаган. Учинчидан, маълумки, Муовия ибн Абу Суфён ўзига яқин олган кишиларга Усмондан кўра ҳам кўпроқ бойликлар туҳфа этарди. Шундай бўлишига қарамай, у берган энг катта миқдордаги маблағ Ҳасан ибн Алига берган юз минг (ёки уч юз минг) дирҳам маблағ бўлганди. Унинг бошқа бирон кишига ҳеч қачон шу қадар улкан маблағ туҳфа қилмаган эканини айтганлар”[5].

[1] Тарихи Табарий (5/356).
[2] Аввалги манба (5/356).
[3] Бухорий, жизя китоби.
[4] Бидоя ва ниҳоя (7/201).
[5] “Минҳожус сунна” (6/250).

Изоҳ қолдиринг