Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (5)

0

8) “Аллоҳнинг нусрати доим бизга ёр” деб ўйлашади

Тарихдан:

Абу Ҳамза Яҳё ибн Мухтор Хорижий Мадина аҳолисига шундай деган: “Эй Мадина аҳолиси, агар Марвон ёки унинг издошларига кўмак берсангизлар, Аллоҳ таоло сизларни Ўз ҳузуридан келадиган азоб билан ёки бизнинг қўлимиз билан азоблайди ва бу билан мўминларнинг қалбига тасалли беради”[1].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Ҳақиқий аҳли суннат жамоатларини исломий давлатга байъат беришга ва Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилаётганлар ёнида тўпланишга, уларни қўллаб-қувватлашга ва уларга кўмаклашишга чақирамиз. Агар шундай қилсанглар, Аллоҳга қасамки, бутун дунёга эга бўласизлар ва ер курраси сизларга бўйин эгади”[2].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар Аллоҳ таоло бизни душманларимизга ғолиб қилади, деб эътиқод қилишган ва мана шу эътиқод асосида бошқаларни ўзларига байъат беришга чақиришган. Бугунги кундаги ИШИД ҳам Аллоҳнинг нусрати бизга ёр, деб эътиқод қилишади ва мана шу эътиқод асосида бошқаларни ўзларига байъат беришга чақиришади.

9) Мухолифларини турли хил бўҳтонлар билан айблашади

Тарихдан:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хаворижлар билан баҳс-мунозара қилгани келганида Ибн Кавво Хорижий хаворижларга шундай деган: “Эй Қуръон аҳли, бу Абдуллоҳ ибн Аббос. Уни танимаганлар бўлса, мен яхши танийман. У Аллоҳнинг китоби борасида илмсиз тортишадиган одам. У ва унинг қавми ҳақида Аллоҳ таоло “Балки улар тортишадиган қавмдир” оятини нозил қилган. Уни ўртоғининг ёнига қайтариб юборинглар ва унинг гапларини Аллоҳнинг китобига тенглаштирманглар”[3].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Ёмонлаш, обрўсизлантириш, таъна ва туҳмат тошини отиш бир давлатга қарши урушишнинг энг қулай воситаси саналади. Шунинг учун давлатимиз Шом сари илғорлагани сабабли биз Сайкс-Пико чегараларини бузганимизни эълон қилганимиз заҳоти хасмларимиз бизга қарши мазкур воситани қўллай бошлади: мусулмонларни шубҳага солиш ва мужоҳидларни ёмон кўрсатиш учун саллали сарой муллалари минбарга чақирилди, хавфсизлик ходимлари жонбозлик кўрсата бошлади, бизга қарши тил бириктиришлар бўлди”[4].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар уларга қарши чиққан саҳобаларни динфурушликда айблаган. Бу билан улар издошларини уламолардан совутмоқчи бўлишган. Бугунги ИШИД ҳам уларнинг кирдикорларини очиб бераётган уламоларни хавфсизлик хизматининг фойдасига ишлайдиган сарой муллалари деб, уларга туҳмат тошини отишмоқда.

10) Уларга қарши урушганларни дўзахий деб билишади

Тарихдан:

Язид ибн Осим Муҳорибий Али розияллоҳу анҳуга: “Эй Али, сен бизни ўлим билан қўрқитмоқчимисан?! Ҳа демай сизларни қиличдан ўтказамиз деб умид қиламан. Ана шунда ким дўзахда куйишга лойиқ эканини аниқ билиб оласизлар” – деган[5].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Ҳой бечоралар, уйғонинглар. Сизлар рофизийларнинг ўйинчоғига айланиб қолгансизлар. Сизлар рофизийлар мужоҳидларга қарши уриштирадиган қўғирчоқсизлар. Улар бу ишингизни кулиб, хурсанд бўлиб томоша қиладилар. Лекин улар эмас, сизлар ўз ватанингиздан қувғин қилинасиз, уйингиз вайрон бўлади, ўлдириласиз. Ўзингизга келинглар, уйғонинглар, тавба қилинглар. Тавба қилиш вақти келмадими?! Мутакаббирлигингиз сизларни гуноҳга бошламасин, акс ҳолда, жаҳаннамда куйгайсизлар. Жаҳаннам нақадар ёмон даргоҳ”[6]. Бу ерда бечоралар деганда уларга қарши жанг қилаётганларни назарда тутмоқда.

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўз қўллари билан ўлдирган барча инсонларни дўзахий деб билишган. Бугунги ИШИД ҳам қатл қилаётган инсонларини дўзах ўтида куяди, деб эътиқод қилади.

Давоми бор

[1] “Ал-комил” (2\480).
[2] “Ар-роиду лаа якзибу аҳлаҳу”” номли овозли баёнотидан.
[3] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (7\311).
[4] “Фазарҳум вамаа яфтаруун” номли овозли баёнотидан.
[5] “Ал-комил” (2\81), “Тарихул умам” (3\114).
[6] “Иннамаа аизукум бивааҳидаҳ” номли овозли баёнотидан.

Изоҳ қолдиринг