Пайғамбаримиз минбарда уч бор “Омийн” деганлари ҳақидаги ҳадис шарҳи

0

Савол:

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилгани минбарга чиқаётганларида уч марта “Омийн” деган эканлар. Саҳобалар у зотдан: “Нега уч марта “Омийн”, дедингиз” деб сўрашганида Пайғамбаримиз бунинг сабабини баён қилиб шундай деган эканлар: “Фаришталар: “Ота-онаси тириклигида уларнинг дуосини олмаган фарзандга, рамазон рўзасини тутмаган кишига ва пайғамбар Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исми айтилганда унга саловат айтмаган кишига лаънат бўлсин”, дейишди. Шунда мен: “Омийн” дедим”.

Ушбу ҳадис саҳиҳми? Ҳадисни шарҳлаб берсангиз.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Сиз зикр қилган ҳадис умуман олганда саҳиҳ бўлиб, фақат ундаги мазкур турдаги одамларга “лаънат бўлсин” деган сўзни мўътабар ҳадис манбаларида учратмадик. Биз кўрган манбаларда ушбу сўз ўрнига “бурни ерга ишқалсин”, “Аллоҳ уни (раҳматидан) узоқлаштирсин”, “дўзахга кирсин” деган лафзларда келган. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, мўътабар ҳадис манбаларида ушбу сўзларни фаришталар эмас, балки Жаброил алайҳисалом айтгани зикр қилинган.

Мазкур ҳадисни Аҳмад[1], Термизий[2], Ибн Хузайма[3], Ибн Ҳиббон[4], Бухорий “Адабул муфрад”да[5], Байҳақий[6], Баззор[7], Ҳоким[8], Абу Яъло[9] (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) Абу Ҳурайрадан, Каъб ибн Ужродан, Жобир ибн Абдуллоҳдан, Абдуллоҳ ибн Аббосдан, Анас ибн Моликдан, Молик ибн Ҳувайрисдан, Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилишган. Ҳадис матни қуйидагича:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилаётиб: “Омийн, омийн, омийн”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, ҳеч бундай қилмас эдингиз”, дейилди. Пағамбаримиз дедилар: “Менга Жаброил шундай деди: “Рамазон ойига етиб гуноҳлари кечирилмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Шунда мен: “Омийн”, дедим. Сўнг деди: “Ҳузурида сенинг исминг айтилганда сенга саловат айтмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Шунда мен: “Омийн”, дедим. Сўнг деди: “Ота-онаси ёки улардан бири кексайгунча бирга яшаб (лекин улар ҳаққини адо қилмай, оқ бўлиб), жаннатга киролмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Шунда мен: “Омийн”, дедим”. Мазкур матн Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисга тегишли.

Жобир ибн Самура ривоятида: “Аллоҳ уни (раҳматидан ёки жаннатидан) узоқ қилсин”, дейилган [Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2491].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бошқа бир ривоятида шундай дейилган: “Ким рамазон ойига етиб, (лекин) гуноҳлари кечирилмасдан вафот этиб дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узоқ қилсин, “омийн” денг” деган эди, «омийн» дедим…”. (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2492).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоятида шундай дейилган: “Ким ота-онаси ёки улардан бири кексайгунча бирга яшаб, уларга яхшилик қилмаган бўлса, дўзахга кирсин ва Аллоҳ уни (раҳматидан) узоқ қилсин” деган эди, “омийн” дедим”. (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2495).

Мазкур ҳадис саҳиҳлиги борасида уламоларнинг сўзлари:

Имом Заҳабий: “Ҳадис санади яроқли”, яъни далил-ҳужжатга яроқли, деган.

Ҳоким роҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис санади саҳиҳ”, деган ва бунга имом Заҳабий эътироз билдирмаган [Мустадрак: 4/153].

Аллома Муҳаммад Мустафо Аъзомий “Саҳиҳи ибн Хузайма” китобининг таҳқиқида: “Санади жаййид”, яъни саҳиҳ билан ҳасан ўртасида, деган [Саҳиҳи Ибн Хузайма: 1888 рақам остидаги ҳадис тахрижига қаралсин].

Шайх Албоний: “Ҳасан саҳиҳ”, деган [Саҳиҳут-тарғиб : 997].

Шайх Муқбил Водеий роҳимаҳуллоҳ: “Ҳасан ҳадис бўлиб, саҳиҳун лиғайриҳи даражасига кўтарилади”, деган [Ас-саҳиҳул муснад: 1298].

Шайх Абдуқодир ва Шуайб Арноут роҳимаҳумоллоҳ шундай дейди: “Мазкур ҳадис санадини қўллаб-қувватлайдиган бир неча ривоятларни ҳисобга олганда, шубҳасиз, саҳиҳ бўлади[Жалоул афҳом: 383- бет].

Ҳадис шарҳига келсак, ҳадиснинг мазмуни тушунарли. Жаброил алайҳиссалом мазкур уч буюк фурсатни ғанимат билмаган кишиларни Аллоҳ таоло бурнини ерга ишқашини, яъни хор қилишини, жаннати ва раҳматидан узоқ қилиб, дўзахга киритишини сўраб, баддуо қилдилар ва Пайғамбаримиз бунга “Омийн” дедилар, яъни Аллоҳдан ушбу дуони ижобат қилишини сўрадилар. Маълумки, Пайғамбарларнинг дуоси мустажоб бўлади. Ушбу ҳадисни эшитган ҳар бир мусулмон одам мазкур амалларга ниҳоятда аҳамият бериши, унда сусткашлик қилмасликка ҳаракат қилиши лозим. Зеро, мазкур амаллар жаннат калитларидан саналади.

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай деган: “Ҳадис мазмуни тушунарли.

Ҳадисдаги биринчи жумланинг маъносига келсак,Рамазон ойига етиб гуноҳлари кечирилмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)…”, бунга сабаб у рамазон рўзасига ва рамазон кечаларида ўқиладиган тунги намозларга бепарволик қилган. Маълумки, ким рўзанинг ҳақ эканига иймон келтириб, Аллоҳдан ажр-савоб умид қилган ҳолда рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Шунингдек, ким рамазоннинг ҳақ эканига иймон келтириб, Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда бу ой кечаларини тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Агар инсон бундай фурсатга бепарво бўлиб, уни зое қилса, мазкур буюк ажр-савобдан қуруқ қолади ва бурни ерга ишқалган (яъни хор бўлган) кимсалардан бўлади.

Сўнг деди: “Ҳузурида сенинг исминг айтилганда сенга саловат айтмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Ушбу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр қилинганини эшитган одам у зотга саловат айтиши фарз эканига далолат қилади. Ким бундай қилмаса (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр қилинганда у зотга саловат айтмаса) “Бурнинг ерга ишқалсин”, дея баддуо қилинишга ҳақли бўлади. “Бурнинг ерга ишқалсин”, деган сўзнинг маъноси бурнинг тупроққа белансин демакдир. Бу сўз “Хору зор бўлгур” деган сўздан киноя тарзида қўлланилади.

Сўнг деди: “Ота-онаси ёки улардан бири кексайгунча бирга яшаб, (лекин уларнинг ҳаққини адо қилмай, оқ бўлиб) жаннатга киролмаган банданинг бурни ерга ишқалсин”. Бу турдаги одам ҳам хору зор бўлишини сўраб, Жаброил алайҳиссалом баддуо қилди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони ижобат қилишини сўраб “Омийн” деди” [Фатово нурун алод-дарб].

Валлоҳу аълам.

[1] Муснад: 2/254
[2] Ал-жомеъ (Сунани Термизий): 3539 Ҳадисни имом Аҳмад ва Термизий “минбарга кўтарилаётиб” қўшимчасисиз ривоят қилган.
[3] Саҳиҳи Ибн Хузайма: 1888
[4] Саҳиҳи Ибн Ҳиббон: 2387
[5] Адабул муфрад: 646
[6] Сунанул кубро: 4/304
[7] Муснади Баззор: 3169
[8] Мустадрак: 4/153
[9] Муснади Абу Яъло: 5922

Изоҳ қолдиринг