Жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари (5)

0

Сирот кўпригини инкор этишлари

Сирот жаҳаннам узра ўтадиган, қилдан ингичка ва қиличдан ўткир кўприк экани саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган. Қиёмат куни инсонлар у кўприкдан амалларига қараб ўтадилар: баъзилар яшин тезлигида ўтса, баъзилар ўта олмай жаҳаннамга тушиб кетади, Аллоҳ сақласин!

Сирот сўзи Қуръони Каримда қирқ тўққиз марта келган. Бу сўз ҳар бир ўринда турли маъноларда келган бўлса-да, умумий олганда ундан ҳидоят ва тўғрилик йўли назарда тутилган. Зеро, сирот сўзининг луғавий маъноси ҳам “йўл” дегани. Қуръони Каримда сирот шаръий маънода, яъни жаҳаннам устидаги кўприк маъносида очиқ зикр қилинмаган бўлса-да, бир қанча оятларда шундай кўприк бор эканига ишора қилиб ўтилган. Сиротнинг шаръий маъноси фақатгина саҳиҳ ҳадисларда очиқ айтиб ўтилган. Қуйида сиротнинг бор эканига ишора қилиб ўтган баъзи оятларни келтириб ўтамиз:

1) Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг издошлари ҳақида қиёмат куни фаришталарга: “Уларни жаҳаннам йўлига бошланглар” – дейди (Соффат: 23). Уламолар мазкур оятдаги жаҳаннам йўлини жаҳаннам устидаги сирот деб тафсир қилишган.

2) “Тўғаноқдан ошиб ўтса бўлмасмиди?!” (Балад: 11) оятидаги “тўғаноқ” сўзи бир неча хил тафсир қилинган. Сирот кўприги ҳам шулар жумласидан.

3) “Ҳар бирингиз мутлақо жаҳаннам устидан ўтгайсиз” (Марям: 71) ояти ҳам сирот кўприги устидан ўтишга далолат қилади.

Сирот кўпригининг васфи ҳақида имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

Аллоҳ таоло қиёмат куни одамларни тўплаб: “Ким нимага ибодат қилган бўлса, ўшанга эргашсин” – дейди. Шунда қуёшга ибодат қилганлар қуёшга эргашади, ойга ибодат қилганлар ойга эргашади ва тоғутларга ибодат қилганлар тоғутларга эргашади. Охир-оқибат, ушбу уммат  ҳамда улар билан бирга уммат мунофиқлари қоладилар. Аллоҳ таоло улар олдига улар билган суратдан бошқача суратда келиб: “Мен сизларнинг Парвардигорингизман” – дейди. Улар: “Сендан Аллоҳ паноҳ берсин, токи Парвардигоримиз келмагунча жойимиздан жилмаймиз. Агар У келса, биз уни таниб оламиз” – дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло улар билган суратда уларнинг олдига келиб: “Мен сизларнинг Парвардигорингизман” – дейди. Улар бўлса: “Ҳа, Сен бизнинг Парвардигоримизсан” – дея Унга эргашадилар. Жаҳаннам устига Сирот кўприги ўрнатилади. Мен пайғамбарлар ичида уммати билан Сиротдан ўтувчи биринчи пайғамбар бўламан. У кунда пайғамбарлардан ўзга ҳеч кимса гапирмайди. У кунда пайғамбарлар: “Раббим, саломат қил, саломат қил” – дея дуо қиладилар, холос. Жаҳаннамда эса Саъдон ўсимлигининг тиканларидек (танага санчиладиган) темир чангаклар бўлади. Саъдон ўсимлигини биласизлар-а?!”. Саҳобалар: “Ҳа, биламиз” – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини давом эттирдилар: “Бироқ бу темир чангакларнинг ҳажми қанчалар катта эканини Алоҳдан ўзга ҳеч кимса билмайди. Бу темир чангаклар одамларни амалларига қараб тортиб олади. Баъзилар қилган амали туфайли ҳалок бўлади, баъзилар (темир чангаклар дастидан) танаси тилка-пора бўлиб, сўнгра нажот топади…” Бухорий (6204) ва Муслим (267\182) ривоятлари). Бошқа бир ривоятда эса: “Мўминлар (бу кўприкдан) кўз очиб юмгунча, яшин тезлигида, шамол сингари, қуш тезлигида, учқур от ва туялар тезлигида ўтадилар. Баъзилар соғ-саломат қутулиб олади, баъзилар танаси тилиниб ўтиб олади, баъзилар эса жаҳаннам оловига устма-уст ташланади” – дейилган (Бухорий (7002) ривояти). Сиротнинг қилдан ингичка ва қиличдан кескир экани бир қанча саҳоба ва тобеинлардан ривоят қилинган.

Баъзи уламолар Аллоҳ таоло инсонларни қиёмат кунида сирот кўпригидан ўтказишининг ҳикматини ёритишга уринганлар. Биз шуни билишимиз лозимки, Аллоҳ таолонинг қиладиган ҳеч бир иши ҳикматдан холи эмас. Бироқ биз бу ҳикматларнинг барчасини била олмаймиз ва уларни излаб топишга буюрилмаганмиз. Аммо саҳиҳ ҳадисда собит бўлган сирот ва мезон каби ғайбий нарсаларни тасдиқлаш ва уларга иймон келтириш бизнинг бирламчи вазифамиз саналади. Шунингдек, баъзи имомлар ушбу кўприкнинг узунлиги қанча эканини ривоят қилганлар. Бироқ бу фикрлар саҳиҳ далилларга таянмагани учун уни қатъий тасдиқлаб бўлмайди. Қолаверса, сирот кўпригидан ўтиш машаққати унинг масофасига эмас, балки ўтувчининг дунёда қилган амалларига боғлиқ, валлоҳу аълам.

Жаҳмийлар сирот кўпригини инкор қилишларига бирон асос йўқ. Улар саҳиҳ ҳадисларни тан олмасдан, бундай кўприк бўлиши ақлга тўғри келмаслигига асосан сиротни инкор этишган. Ваҳоланки, бирон ишнинг ақлга тўғри келмаслиги уни инкор қилишга асосли далил саналмайди. Ҳадисни тан олмасликларига келсак, ўз пайғамбарларининг айтган сўзини тан олмаганларга нима ҳам дейиш мумкин?! Ваҳоланки, бу ҳадисларнинг саҳиҳ экани исботланган. Аллоҳ таоло ҳидоят бермаса, инсон ҳатто ўз пайғамбарининг ҳам гапини тан олмас экан. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоятласин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг