Кундалик зикрлар: саждада ўқиладиган дуолар

0

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидим… у зот сажда қилдилар. Саждада: “Ҳамма нарсадан олий Раббимни барча айбу нуқсонлардан поклайман” – дедилар (Муслим (772) ривояти).

Бу тасбеҳнинг арабча матни қуйидагича:

سُبْحَانَ رَبِّيَ الأعْلَى

Бу тасбеҳнинг ўқилиши қуйидагича: “Субҳаана роббиял аълаа”.

Баъзи уламолар руку ва саждада айтиладиган зикр ўртасидаги фарқни шундай ёритганлар: саждада инсон ўзининг энг улуғ аъзоси бўлмиш юзини ерга қўйиб, Аллоҳ таолога бошини эгади. Шунинг учун ҳам сажда рукудан кўра афзал ҳисобланади. Бинобарин, саждада айтиладиган зикр ҳам рукуда айтиладиган зикрдан фарқ қилади. Рукуда “Улуғ Раббимни барча айбу нуқсонлардан поклайман” – деса, саждада “Ҳамма нарсадан олий Раббимни барча айбу нуқсонлардан поклайман” – дейди.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку қилсалар, уч маротаба: “Улуғ Раббимни барча айбу нуқсонлардан поклайман ва Унга ҳамд айтаман” – деб, сажда қилганларида эса уч маротаба: “Ҳамма нарсадан олий Раббимни барча айбу нуқсонлардан поклайман ва Унга ҳамд айтаман” – деб айтардилар” (Абу Довуд (869) ривояти). Кўриб турганингиздек, бу ривоятда “ва Унга ҳамд айтаман” қўшимчаси ҳам бор. Бироқ бу қўшимчанинг саҳиҳ ёки заиф эканида ихтилоф бор. Абу Довуд мазкур ривоят сўнгидан: “Бу қўшимча саҳиҳ бўлмаслигидан қўрқамиз. Чунки уни фақат Миср аҳолиси ривоят қилган” – дейди. Ушбу қўшимчани саҳиҳ деган уламолар ҳам бор. Шунинг учун уни айтганларни ҳам, айтмаганларни ҳам маломат қилмаслик керак.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку ва саждада: “Аллоҳим, Парвардигорим, Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман, Сенга ҳамд айтаман. Аллоҳим, мени мағфират қил!” – деб айтар эдилар (Бухорий (794) ва Муслим (484) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Субҳаанакаллоҳумма роббанаа ва биҳамдика, Аллоҳуммағфир лий”.

Мазкур дуонинг шарҳи ва унга тегишли ҳукмларни “Рукуда айтиладиган дуолар” номли мақолада айтиб ўтган эдик.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку ва саждада: “Аллоҳ илоҳлик ва холиқликка нолойиқ барча айбу нуқсонлардан пок зот. У малоикалар ҳамда Жаброилнинг парвардигоридир” – деб айтар эдилар (Муслим (487) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ المَلائِكَةِ والرُّوحِ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Суббууҳун қуддуусур роббул малааикати вар рууҳ”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилсалар: “Аллоҳим, гуноҳларимнинг каттаю кичигини, аввалгию охиргисини, ошкораю махфийсини, барчасини Ўзинг кечир” – деб айтар эдилар (Муслим (750) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي كُلَّهُ دِقَّهُ وَجِلّهُ وَأوَّلَهُ وآخِرَهُ وعَلاَنِيَتَهُ وَسِرَّهُ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳуммағфир лий занбий куллаҳу, диққоҳуу ва жиллаҳ, ва аввалаҳуу ва аахироҳ, ва алааниятаҳуу ва сирроҳ”.

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Бир куни кечаси уйғонсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнимда йўқ эканлар. Қўлим билан пайпаслаб излай бошлагандим, қўлим оёқларининг орқа ўрта қисмига тегди. Қарасам, у киши саждада, оёқлари тик турган (яъни, оёқнинг уч қисми ерга, товон қисми эса юқорига қараб турган), ўзлари эса: “Аллоҳим, ғазабингдан розилигинг ила, азобингдан кечиришинг ила, Сендан Ўзинг ила паноҳ тилайман. Мен Сенга тўлиқ ҳамду сано айта олмайман. Сен Ўзинга мақтов айтганингдексан!” – деб дуо қилаётган эканлар (Муслим (486) ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ إنِّي أَعُوْذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَبِمُعَافَاتِكَ مِنْ عُقُوبَتِكَ وأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ لا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أنْتَ كَمَا أثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма инний ауузу биризоока мин сахотика, ва бимуъаафаатика мин уқуубатика, ва бика минка. Лаа уҳсий санааъан алайка, анта камаа аснайта алаа нафсик”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур дуода Аллоҳ таолога ҳар қанча  ҳамду сано айтсалар ҳам, керагича мақтов айта олмасликларини тан олмоқдалар. Банда Аллоҳ таолога етарлича ҳамду сано айта олмаслиги аниқ. Чунки Аллоҳнинг сифатлари биз ўйлагандан ҳам етук, берган неъматлари эса сон-саноқсиздир.

Изоҳ қолдиринг