Шак куни рўза тутмаслик

0

(5) Шак куни рўза тутмаслик

Шак куни деб шаъбон ойининг булутли охирги кунига айтилади. Чунки бундай кунда рамазон ҳилолини кўриш имконсиз бўлиб, ой кўринган ёки кўринмаганлиги шак бўлиб қолади. Бундай пайтда рамазон ҳилоли чиққани аниқ бўлмагунча рўза тутиш жоиз эмас. Маълумки, рамазон ҳилоли чиққани ойни кўриш ёки шаъбон ойини тўлиқ ўттиз кун ҳисоблаш билан аниқ бўлади. Бироқ инсон муайян кунларда рўза тутишга одатланган бўлиб, бу кун шак кунига тўғри келиб қолса, бу кунда рўза тутиши жоиз.

Сила ибн Ашямдан ривоят қилинади: “Амморнинг ҳузурида эдик. Шунда у чўғда пиширилган қўй гўштини келтириб: “Қани енглар”, деди. Даврамиздан бир киши ўзини четга тортар экан: “Мен рўзадорман”, деди. Аммор айтди: “Ким шак куни рўза тутса, (бошқа бир ривоятда: “Ким (рамазонми ёки йўқлигида) шак қилган кунида рўза тутса) Абулқосимга осий бўлибди[1].

Аксар уламоларнинг фикрича, инсон шак куни рўза тутса, гарчи рамазон ойи кирган бўлса ҳам тутган рўзаси инобатга олинмайди ва бу кунда тутган рўзасининг ўрнига бошқа бир кун тутиб беради. Рожиҳ фикр шу.

Шак куни ўз одатига кўра нафл рўза тутган кишининг рўзаси дурустлигига далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рамазондан бир ёки икки кун олдин рўза тутманглар. Кишининг одатда тутиб юрган (нафл) рўзасининг бу кунларга тўғри келиб қолиши бундан мустаснодир[2].

[1] Саҳиҳ: Абу Довуд (2334), Термизий (686), Насоий (4/153) ривояти.
[2] Бухорий (1914), Муслим (1082), Абу Довуд (2335), Термизий (685), Ибн Можа (1650), Насоий (4/149) ривояти.

Изоҳ қолдиринг