Фарз намозларга азон айтиш ҳукми

0

Савол:

Фарз намозлар учун азон айтиш шартми ёки азон айтмасдан ҳам намоз ўқиса бўлаверадими?

Баъзи масжидларда азон айтилмайди ёки айтилса-да, эшитилмайди. Домлалардан эшитгандим: азон овози эшитилмаса, инсон ўзи азон айтиши керак экан.

Шунингдек, хавфсизлик юзасидан ёки меҳмонга борганда азонсиз намоз ўқиса бўладими? Жавоб учун катта раҳмат.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Фарз намозлар учун азон айтиш ҳукми тўғрисида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Ҳанафий, моликий ва шофеийлардан иборат жумҳур уламоларнинг фикрича, азон айтиш суннати муаккада бўлса, ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрича азон айтиш фарзи кифоядир. Азонни суннати муаккада деган мазҳабларнинг ўзида ҳам баъзи тафсилотларда ихтилофлар бор.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратнинг аввалидан то вафот қилгунларига қадар азон айтишга амал қилдилар, у зотнинг бирон марта ҳам азонни тарк қилганлари маълум эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳуга шундай дейдилар: “Намоз вақти кирса, сизлардан бирингиз азон айтсин[1].

Кўриб турганингиздек, фарз намозлар учун азон айтиш энг камида суннати муаккададир. Бу фикрга кўра, фарз намози учун азон айтмаган жамоат ёки якка шахс гуноҳкор бўлмайди, балки азонсиз намоз ўқиган киши суннатни тарк қилган бўлади, холос. Албатта бу умумий тарзда шундай. Бироқ бутун шаҳар масжидларида азон айтилмаса, ўша шаҳар аҳолиси исломда кўзга кўринган бир ибодатни тарк қилишгани учун гуноҳкор бўлишади.

Шайхулислом Ибн Таймиянинг фикрича, бу борадаги уламолар ўртасидаги ихтилоф шаклий ихтилофдир. Чунки азонни суннат деган уламоларнинг айтишича, бирон шаҳар аҳолиси азон айтмасликка иттифоқ қилсалар, уларга қарши жанг қилинади[2].

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Умумий тарзда бирон шаҳар аҳолисига азон айтиш вожиб эканида (уламолар ўртасида) ихтилоф борлигини билмайман. Негаки, азон ислом диёри билан куфр диёри ўртасини ажратувчи аломатдир[3].

Хулоса қилиб айтганда, азон айтиш суннати муаккада дейиладими ёки фарзи кифоя дейиладими, натижа бир: бирон шаҳар ёки қишлоқда бир жамоат азон айтиб турса, суннат ёки фарз адо қилинган бўлиб, қолганлардан гуноҳ соқит бўлади. Бироқ шунга қарамай, ҳар бир масжид аҳли, ҳар бир жамоат ёки ёлғиз намоз ўқиган киши азон айтиши мустаҳаб ва афзалдир. Шунингдек, бирон жамоат ёки якка шахс билмасдан, унутиб ёки бошқа бирон сабабга кўра азон ёки иқомат айтмасдан фарз намозни ўқисалар, намозлари дуруст бўлаверади, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (628), Муслим (674), Абу Довуд (589), Термизий (205), Насоий (2/8) ва Ибн Можа (979) ривоят қилишган
[2] Қаранг: “Мажмуул фатово” (22/64).
[3]  Қуртубийдан нақл қилинди (6/225).

Изоҳ қолдиринг