Умар розияллоҳу анҳу: Ҳақ-ҳуқуқларни кафолатлагани

0

Хавфсизлик, уй-жойга эгалик ва шахсий мулкчилик ҳаққи

Ислом ҳар бир киши хавфсизлик (дахлсизлик) ҳаққига эгалигини бир қанча оят ва ҳадисларда эътироф этган. Аллоҳ таоло айтади:

“Фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин” [Бақара: 193].

“Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг!” [Бақара: 194].

Хавфсизлик таъминланиши ҳаққи билан бир қаторда ислом бундан кўра каттароқ ҳақ бўлмиш яшаш ҳаққини ҳам эътироф этди. Чунки хавфсизлик таъминланиши ҳаққи дейилганда давлат инсонларни муайян хавф-хатар ва таҳдиддан ҳимоя қилиши тушунилса, яшаш ҳаққи бунга қўшимча, инсоннинг ҳаётини сақлаш ва унинг жонини ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади. Ислом буни барча одамлар зиммасига юкланадиган умумий жавобгарлик қилиб белгилаб қўйди. Чунки инсонлардан бирига қаратилган ноҳақ тажовуз уларнинг барчаларига тажовуз қилиш саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” [Моида: 32].

Қуръон ва ҳадис кўрсатмаларидан келиб чиқиб, Умар Форуқ ўз халифалик даврида шахсларнинг хавфсизлик ҳаққини ва яшаш ҳаққини ўз кафолатига олди, ушбу ҳақ-ҳуқуқларни таъминлаш ва ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш учун кечалар бедор бўлди. Форуқ розияллоҳу анҳу одамларга айтарди: “Мен волийларимни сизларга Раббингизнинг китобини ва пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишлари учун волий қилганман, сизларга зуғум ўтказишлари, обрўларингизни тўкишлари ва молларингизни тортиб олишлари учун эмас. Қай бир мансабдор сизлардан бирон кишига қандай кўринишда бўлмасин бирон зулм қилса, менга шикоят қилсин, ундан қасос олиб бераман”[1]. Умар розияллоҳу анҳудан мана бу сўзлар ҳам ривоят қилинган: “Агар бирон кишидан ўзига қарши иқрорлик олиш учун уни оч қўйсанг ё қўрқитсанг ё қамоққа ташласанг, унинг омонлиги (хавфсизлиги) таъминланган саналмайди”[2]. Унинг бу сўзлари бирор жиноятда гумон қилинаётган шахсдан босим ва таҳдидлар остида иқрорлик олмаслик лозимлигига далил бўлади. Бунинг учун хоҳ маошдан маҳрум этиш ё мол-мулкини мусодара этиш каби моддий услуб қўллансин, хоҳ бирон азоб билан таҳдид қилиш ва қўрқитиш каби маънавий услуб қўллансин, фарқсиздир. Унинг қозилик лавозимидаги Абу Мусо Ашъарийга ёзган мактубида шундай дейилади: “Бирон ҳақни даъво қилаётган кишига далил-ҳужжат олиб келишига фурсат бер, агар далил-ҳужжатини келтирса, ҳаққини олиб берасан, акс ҳолда унга қарши ҳукм қиласан”. Унинг бу сўзлари ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳаққи эҳтиром ва эътироф этилган эканига далолат қилади.

Уй-жойга эгалик ҳаққига келсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бировларнинг уйларига эгаларининг розилигисиз ёки одатий бўлмаган тарзда киришдан қайтарган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

“Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. Энди агар у (уйларда) ҳеч кимни топмасангизлар, у ҳолда то сизларга изн берилмагунча, уларга кирмангиз! Агар сизларга «қайтинглар», дейилса (яъни киришга изн берилмаса) қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчидир” [Нур: 27-28].

“Уйларга эшикларидан кирингиз!” [Бақара: 189].

Умар Форуқ даврида ва умуман хулафои рошидинлар асрида уй-жойга эга бўлиш ҳаққи кафолатланган ва ҳимоя қилинган эди.

Шахсий мулкка эгалик ҳаққига келсак, бу эркинлик ҳам хулафои рошидинлар асрида ислом шариати бу соҳада эътироф этган жуда кенг чегаралар доирасида кафолатланган ва ҳимоя қилинган эди. Умар розияллоҳу анҳу сиёсий ва ҳарбий сабаблар туфайли Нажрон насронийлари ва Хайбар яҳудийларини Арабистон яриморолидан Ироқ ва Шомга сургун қилишга мажбур бўлганида уларга кўчиб борган ерларида худди ўз ерларича ер берилишини буюрди. Бу эса унинг ислом мусулмонлар билан бир қаторда аҳли зиммаларга ҳам кафолатлаган шахсий мулкка эга бўлиш ҳаққини эҳтиром ва эътироф этганига далилдир[3].

Умар розияллоҳу анҳу Маккада Масжиди Ҳаромни кенгайтириш ишлари олиб бориш учун баъзи хонадонлардан эгалик ҳуқуқини олиб қўйишга мажбур бўлганида уларга адолатли равишда эваз тўлади. Бу ҳам унинг шахсий мулкка эгалик ҳаққини эътироф этганига далилки, бу ҳақни ҳатто зарурат ҳолларида ҳам эгаларининг розилигисиз мусодара қилиш жоиз бўлмайди.

Шахсий мулкка эгалик эркинлиги рошидинлар замонида мутлақ чексиз бўлмасдан, балки шаръий доиралар чегарасида ва омманинг манфаатларини риоя қилган ҳолда бўлганди. Ривоят қилинишича, Билол ибн Ҳорис Музаний Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, ўзига ер ажратиб беришларини сўраганида у зот унга жуда катта ўлчамдаги бир ерни берган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида унга: “Эй Билол, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда катта бир ерни сўраб олгандинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан сўралган нарсани ҳеч қачон йўқ демасдилар. Ҳозирда қўл остингдаги ернинг ҳаммасига экин экишга сенинг куч-тоқатинг етмайди, шундайми?”, деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Умар унга: “Кучинг етадиган миқдорда ерни олиб қолгин-да, бекор ётган ортиқча ерни бизга қайтар, уни мусулмонларга бўлиб берамиз”, деди. У: “Йўқ, ундай қилмайман, уни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб берганлар”, деди. Умар: “Қасамки, албатта шундай қиласан”, деди. Сўнг Умар унинг еридан қаровсиз ташлаб қўйган қисмини олиб, мусулмонларга бўлиб берди[4].

Бу нарса далолат қиладики, шахсий мулкчилик жамоанинг манфаатларига чамбарчас боғланган бўлади. Агар мулкдор ер-мулкдан фойдаланишни талаб қилинганидек ўрнига келтираётган бўлса, унинг ер-мулкини олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, акс ҳолда давлат ундан қаровсиз ташлаб қўйган ерини олиб, керакли ўринларга тасарруф қилишга ҳақли бўлади [5].

 

[1] “Низомул ҳукм фий аҳдил хулафоир рошидийн” (164-бет).
[2] Аввалги манба (165-бет).
[3] Аввалги манба (189-бет).
[4] “Муғний” (5/579). Муҳаммад Абу Яҳё, “Низомул арз” (207-бет).
[5] “Низомул ҳукм фий аҳдил хулафоир рошидийн” (192-бет).

Изоҳ қолдиринг