Руку ва саждада хотиржам туриш вожиблиги ҳақидаги боб (2)

0

Тўқсон учинчи ҳадисга доир қолган икки масала (давоми)

Ҳадисга доир иккинчи масала: намоздаги қай амаллар фарз, қай бири фарз эмаслигига мазкур ҳадисдан далил олиш йўли

Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Билингки, мазкур ҳадис муҳим ва буюк ҳадислардан бири бўлиб, уламолар унда зикр қилинган амаллар намозда фарз саналашини, зикр қилинмаганлари эса фарз саналмаслигини таъкидлаганлар.

Ҳадисда зикр қилинган амаллар намознинг фарз амаллари деб эътибор қилинишининг сабаби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисдаги барча амалларни буйруқ кўринишида баён қилдилар, (маълумки, Пайғамбаримиз буйруқ кўринишида айтган сўзлари аслида фарзликни тақозо қилади), шунингдек, ҳадиснинг бир ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шуларсиз ҳеч бир инсоннинг намози дуруст бўлмайди”, деганлар. (Яъни мазкур амаллар намознинг фарз амаллари бўлиб, улардан бири бўлмаса намоз дуруст бўлмайди).

Мазкур фикрни (яъни ҳадисда зикр қилинган барча амаллар фарзлигини) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз фарзларини баён қилишда саҳобий йўл қўйган ва қўймаган камчиликларини санаб ўтганлари ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу эса у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат ушбу саҳобийдан содир бўлган камчиликкагина аҳамият қаратмаганлигига далолат қилади. Қолаверса, ушбу саҳобийнинг қай амалда камчликка йўл қўйганини ҳам баён қилмадилар.

Лекин Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилган ҳадисда: “У намозини енгил ўқиди”, деган қўшимча келган бўлиб, ушбу қўшимча Пайғамбаримиз нима учун уни қайта намоз ўқишга буюрганларини очиқлаб беради. Муҳаддис уламолар одатда ушбу ҳадисни намоздаги барча рукнларни хотиржам, шошмасдан бажариш фарзилиги ҳақидаги боб остида келтиришади. Эҳтимол, мазкур саҳобийнинг намозда йўл қўйган камчилиги намозни худди қуш дон чўқигандек, намозда бажарилиши ва айтилиши фарз бўлган амалларни маромига етказмай тез-тез ўқиганидир.

Мазкур ҳадисда зикр қилинмаган амал намознинг фарзларидан эмас деб эътибор қилинишининг сабаби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда саҳобийга намоздаги фарз амалларни ўргатмоқдалар. Агар у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўринда намознинг фарз амалларидан айримини зикр қилмасалар, айни билишга эҳтиёж туғилган пайтда уни баён қилмаган бўлардилар. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муайян ҳукмни билишга эҳтиёж туғилганда уни баён қилмай ўтишлари мумкин эмас ва бунга бутун ислом уламолари ижмо қилишган.

Мазкур ҳадиснинг барча ривоятларини жамлаб, уларнинг барчасида зикр қилинган амалларни фарз деб эътиборга олишимиз ва уларга амал қилишимиз керак бўлади.

Мазкур ҳадис бирон амалнинг фарзлигига далолат қилса-ю, лекин бошқа кучлироқ далил унинг фарз эмаслигига ишора қилса, ёки аксинча мазкур ҳадис бирон амалнинг фарз эмаслигига далолат қилса-ю, бошқа кучлироқ далилга биноан у фарз бўлиб чиқса, ўша кучли далилга амал қилинади.

Демак, мазкур ҳадисга биноан, уламолар унда зикр қилинган бирон амалнинг фарзлигида ихтилоф қилишса, ўша амални фарз деб эътибор қиламиз. Ёки аксинча унда зикр қилинмаган амалнинг фарзлиги борасида ихтилоф қилишса, уни фарз эмас деб эътибор қиламиз. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисда намознинг фарз амалларини таълим берганлар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, одамларнинг муайян ҳукмни билишга эҳтиёжи туғилганда шариатимиз уни баён қилмай ўтиши мумкин эмас.

Энди, мазкур ҳадисда зикр қилинмаган бирон амалга бошқа ҳадисларда буюрилса, мазкур ҳадис ушбу буюрилган амал мустаҳаб саналишига далил бўлади. Аммо мазкур ҳадисда зикр қилинмаган, лекин бошқа ҳадисларда буюрилган амалнинг фарз эканини қўллаб-қувватлайдиган қўшимча далил бўлса, у ҳолда мазкур амал зоҳирига кўра, фарз саналиши ҳам мумкин.

Ҳадисга доир учинчи масала: ҳадисдан олинадиган ҳукмлар

1 – Ҳадисда зикр қилинган амаллар намознинг рукнлари саналиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам (хоҳ билмасдан, хоҳ унутиб тарк қилган бўлсин) намозхон зиммасидан соқит бўлмайди. Улар: биринчи ракаатда такбири таҳрима айтиш, сўнг ҳар ракаатда Фотиҳа сурасини ўқиш, сўнг руку қилиб, ундан қиёмга қад ростлаб туриш, сўнг сажда қилиб, ундан бош кўтариш. Мазкур амалларнинг барчасини шошмасдан, хотиржам ҳолда бажариш фарз. Айрим уламолар рукудан қад ростлашда ва саждадан бош кўтаришда хотиржам туриш мустаҳаб, дейишган бўлса-да, мазкур ҳадисга биноан ушбу икки рукнда – рукудан қад ростлаш ва саждадан бош кўтаришда хотиржамлик талаб қилинади.
Ҳадисда намознинг айрим рукнлари зикр қилинмаган бўлиб, улар – қаъдада ташаҳҳуд дуосини ўқиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш, намозни якунлаш учун салом бериш. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу рукнлар сўровчига маълум бўлгани боис ҳадисда зикр қилинмаган”.
2 – Ҳар ракаатда мазкур амалларни ҳадисда баён қилинган суратда бажариш фарз. Такбири таҳрима бундан мустасно бўлиб, у фақат биринчи ракаатда айтилади.
3 – Ушбу ҳадисда зикр қилинмаган амалларни намозда бажариш фарз эмас. Лекин бу ҳукмга қачонки, ҳадиснинг барча ривоятларини ўрганиб, уларда келган қўшимча ҳукмларни олиб бўлгандан сўнг амал қилинади.
4 – Мазкур амалларни ҳадисда зикр қилинган тартибда бажариш фарз. Негаки, ундаги амаллар тартиби “сўнг” боғловчиси билан айтилган бўлиб, у эса амалларнинг бирин-кетинлигини ифодалайди. Шунингдек, у намоз аҳкомларини билмайдиган кишига таълим бериш ўрнида айтилмоқда.
5 – Намознинг мазкур рукнлари унутиб қўйиш ёки билмаслик сабабли намозхон зиммасидан соқит бўлмайди. Яъни ким ушбу рукнлардан бирини унутиб ёки билмасдан тарк қилса ўша рукнни қайта бажариши лозим бўлади. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур рукнлардан айримини бажармаган саҳобийни қайта намоз ўқишга буюрганлари далолат қилади.
6 – Шариатимиз намозини рисоладагидек ўқимаган мазкур саҳобийнинг намози дуруст эмас деб эътибор қилди. Акс ҳолда, уни қайта намоз ўқишга буюрмаган бўлар эди.
7 – Ким мазкур рукнларни бажариш фарз эканини билмай улардан айримини бажармаса, намози дуруст саналаверади. Бунинг акси ўлароқ, мазкур рукнларни бажариш фарз эканини била туриб, уларни бажармаган кишининг намози дуруст саналмайди.
8 – Таълим беришда ва яхшиликка чорлашда осон ва мажбурлаш бўлмаган гўзал услубни танлаш лозим. Таълим бериш янада таъсирли бўлиши ва эсда яхшироқ қолиши учун муаллим ўқувчини қизиқтирадиган йўлни танлаши мақсадга мувофиқ.
9 – Сўралувчи киши (муаллим) агар вазият тақозо қилса, сўровчига сўраганидан кўра кўпроқ ва тўлиқроқ қилиб жавоб бериши мақсадга мувофиқ. Масалан, сўровчининг ҳолатидан у сўраганидан бошқа масалаларга ҳам муҳтожлиги аён бўлса.
10 – Намоз бошида истифтоҳ дуосини ўқиш ва тааввуз (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтиш, қўлларни кўтариш, қўлларни кўкракка қўйиш, руку, сажда, қаъдада ўтириш ва ҳоказо ишларнинг барчаси мустаҳаб.
11 – Муаллим ўқувчига дастлаб энг муҳим масалаларни ўргатиши, фарз амалларни мустаҳаб амаллардан олдин қўйиши лозим.

Изоҳ қолдиринг