Умавийлар давлати: Усмон ибн Аффоннинг умавий қариндошларига муносабати (2)

0

Усмон розияллоҳу анҳу қариндошларидан бирон кишини ноҳақ волийликка тайин қилганми?

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз қариндошларидан бирон кишини бошқа мусулмонлар ҳисобига ноҳақ амалга тайин қилмаган. Агар бировнинг кўнглига қараб иш тутсайди, ўзининг асранди (ўгай) ўғли Муҳаммад ибн Абу Ҳузайфага биринчи навбатда мансаб берган бўларди. Лекин у Муҳаммадни ўзи лойиқ бўлмаган мансабга тайин қилишга кўнмасдан, унга: “Эй болам, агар сен мансабга лойиқ бўлганингда, сўраган мансабингни албатта берган бўлардим. Аммо, сен ундай эмассан”, деган эди. Бу гапни уни ёмон кўрганидан ё нафрати борлигидан айтмаганди. Агар шундай бўлганида, уни Мисрга кетишга изн сўраганида барча сафар харажатларини ўз ёнидан қоплаб, қўлига пул бериб, яхши от-уловга миндириб юбормаган бўларди[1].

Усмон розияллоҳу анҳу ёшларни масъулиятли лавозимларга тайинлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тутганди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сал олдин Румга қарши лашкар ҳозирлаган ва унга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни қўмондон қилиб тайинлаган эдилар. Усома лашкари ҳали йўлга чиқмасидан у зот вафот этиб қолдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қўшин ҳозиргарлигини ниҳоясига етказиб, Усома бошчилигида йўлга кузатди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аттоб ибн Усайдни Маккага волий этиб тайинлаганларида у йигирма ёшли йигит эди.

Али розияллоҳу анҳу айтади: “Усмон фақат ҳар томонлама расо ва адолатли кишиларни волийликка тайинларди”[2].

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида ўлкаларнинг волийлари шариат ишларини билмайдиган ва динда ҳаддан ошган кишилар бўлмаган, гарчи гуноҳлардан холи бўлмасалар-да яхшиликлари ҳам бисёр эди. Уларнинг гуноҳлари ва баъзи ёмонликларининг мусулмон жамиятига деярли таъсири йўқ эди. Волийлик мансабини эгаллаб турган кишиларнинг ҳаётларини текшириб кўрсак, уларнинг исломга ва мусулмонларга улкан манфаатлар келтирган эканини кўрамиз. Усмоннинг волийлари қўлида юз минглаб кишилар исломга ҳидоятландилар. Уларнинг фатҳлари сабабли улкан масофадаги ерлар ислом диёрига қўшилди. Агар уларда ўзларини жиҳодга ундовчи шижоат ва диндорлик руҳи бўлмаганида, қўшинларни жиҳод майдонларига бошлаб киролмаган бўлардилар. Зеро, бунда бошларига ўлим хавфи соя солиб турарди, роҳатларидан кечишларига тўғри келарди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳақидаги китобимизда унинг волийлари ҳақида батафсил сўз юритишга ҳаракат қилдик.

Айтиш мумкинки, Усмон розияллоҳу анҳу умматга холис хизмат қилишга ва ўзи волийликка яроқли деб кўрган кишиларни волийликка тайинлашга бор кучини аямади. Шундай бўлишига қарамай, у ва унинг волийлари фитначилар тарафидан отилган туҳмат тошлари нишонига айландилар. Айрим нохолис тадқиқотчи ва тарихчилар тарихий воқеа-ҳодисаларга нохолис ёндашиб, шиа рофизалардан олинган нотўғри маълумотларга суяниб, Усмон розияллоҳу анҳу ҳақида ноҳақ айбловларни олға суришган. Уларнинг асосий айбловларидан бири сифатида унинг кўплаб қариндошларини волийликка тайинлагани ҳақидаги гапларини келтириш мумкин. Аслида, Усмон қариндошларидан беш кишини волийлик мансабига тайинлаган бўлиб, улар Муовия ибн Абу Суфён, Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ, Валид ибн Уқба, Саид ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Омир эдилар. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, Усмон розияллоҳу анҳу давридаги барча волийлар сони йигирма олти кишидан иборат эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа қабилаларга қараганда Бани Умайядан кўпроқ волийлар тайинлаганларини ҳисобга олсак, шунча волийлар ичида Бани Умайядан беш киши волий бўлиши кўпми? Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, шу беш кишининг ҳаммаси бир вақтда волийлик мансабида бўлмаган. Усмон розияллоҳу анҳу аввал Валид ибн Уқбани волий қилиб, кейин уни бўшатиб, ўрнига Саид ибн Осни тайинлаганди. Вафотидан илгари Саид ибн Осни ҳам мансабидан бўшатганди. Усмон розияллоҳу анҳу вафот этган пайтда Бани Умайядан фақат уч киши – Муовия ибн Абу Суфён, Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ ва Абдуллоҳ ибн Омир волийликда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида Бани Умайядан бир неча кишини масъулиятли лавозимларга қўйганлар. У зотдан кейин уларга қариндошлик билан айбланмайдиган Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ҳам уларни ҳар хил мансабларга тайинлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш қабилалари ичидан энг кўп умавийларнинг Бани Абду Шамс уруғидан волийлар тайинлаганлар. Улар кўп сонли ва обрў-эътиборли қабила эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аттоб ибн Усайд ибн Абул Осни Маккага, Абу Суфён ибн Ҳарбни Нажронга волий қилганлар, Холид ибн Саидни Бани Мазҳиждан садақалар йиғиш ишига бош қилганлар, Абон ибн Саидни аввал лашкарбошиликка, кейинроқ Баҳрайнга бошлиқ қилиб тайинлаганлар. Шунингдек, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳам у зотнинг йўлидан боришган, Абу Бакр Сиддиқ Шом фатҳларига Язид ибн Абу Суфённи бош қилиб юборган, кейин Умар Форуқ ҳам уни лавозимида қолдирган, унинг вафотидан кейин ўрнига укаси Муовияни тайинлаган эди. Демак, Усмон розияллоҳу анҳу улардан баъзи кишиларга мансаб бериши янгилик эмасди. У бу борада ўз салафлари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумога эргашган эди[3].

Энди ўз-ўзидан ўртага чиқадиган бир саволга жавоб бериб кетайлик: Усмон тайинлаган мансабдорлар ўз лавозимларига лойиқликларини исботлай олдиларми, йўқми?

Илмий тадқиқотларга суяниб ишонч билан айта оламизки, Усмоннинг волийлари ўзларининг вилоят ишларини бошқарувга лаёқатларини ва қобилиятларини тўла исботладилар, Аллоҳ таоло улар қўлида кўплаб ўлкаларни фатҳ қилди, улар халқларга адолат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлдилар[4]. Масалан, Муовия розияллоҳу анҳунинг волийлик даврида халқлар билан муносабатидаги хулқ-атвори энг яхши волийларнинг хулқ-атворидан бўлиб, шу сабабли у халқларнинг муҳаббатини қозонган эди. Саҳиҳ ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имомларингизнинг (яъни ҳокимларингизнинг) яхшироғи сизлар яхши кўрадиган ва сизларни ҳам яхши кўрадиган, ҳаққингизга дуо қиладиган, сизлар ҳам улар ҳаққига дуо қиладиганларингиздир. Имомларингизнинг ёмонроғи сизлар ёмон кўрадиган ва сизларни ҳам ёмон кўрадиган, сизлар уларни лаънатлайдиган ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир”, деганлар[5]. Муовия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳийни ёзадиган котибларидан эди. У Ислом давлатининг дастлабки даврларидан масъулиятли лавозимларда бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тортиб, у зотнинг ҳар учала халифалари уни турли мансабларга қўйдилар, кейин Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб у билан сулҳга келишиб, уни халифа сифатида эътироф этди[6].

 

[1] “Тарихи Табарий” (5/416). “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба фил фитна” (1/247).
|[2] “Бидоя ва ниҳоя” (7/178).
3] “Минҳожус сунна” (3/175).
[4] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба минал фитна” (1/417).
[5] Муслим, “Китобул имора” (65).
[6] “Ал-авосим минал қавосим” (82-бет).

Изоҳ қолдиринг