Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (3)

0

Тўқсон олтинчи ҳадис

 

عَنْ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ – رضي الله عنه – قَالَ: ((سَمِعْتُ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – يَقْرَأُ فِي الْمَغْرِبِ بِالطُّورِ)) .

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шом намозида “Тур” сурасини ўқиганларини эшитганман[Бухорий: 765 ва Муслим: 463].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда бомдод намозида узун, шом намозида қисқа, қолган намозларда эса ўртача қироат қилар эдилар. Лекин гоҳида жоизлигини баён қилиш ёки бошқа сабабларга кўра, одатда қисқа қироат қилинадиган намозларда узун қироат қилар эдилар. Шарҳланаётган мазкур ҳадисда Жубайр ибн Мутъим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни шом намозида “Тур” сурасини ўқиганларини эшитганини айтдмоқда. Ваҳоланки, Тур сураси муфассал[1] суралар ичидаги узун суралардан бири саналади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Шом намозининг аввалги икки ракаатида жаҳрий қироат қилинади.

2 – Аслида шом намозида қисқа қироат қилиш суннат бўлиб, аммо мазкур ҳадисга биноан узун қироат қилиш ҳам жоиз.

 

[1] “Муфассал” деб Қофдан Носгача бўлган суралар назарда тутилади. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўғрироқ фикрга кўра, ушбу суралар ўртасини ажратишда “бисмиллоҳ” кўп қўйилгани учун муфассал (оралари ажратилган) суралар деб номланган” [“Фатҳул Борий”, 2/259].

Изоҳ қолдиринг