Савдо-сотиқ: Товар сотувчининг мулкига кирмагани сабабли ҳаром қилинган савдолар

0

Учинчидан: товар сотувчининг мулкига кирмагани сабабли ҳаром қилинган савдолар

(1) Ўзида йўқ нарсани сотмаслик

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен айтдим: «Эй Расулуллоҳ, бир киши келиб мен билан савдо қилишни хоҳлайди. Ҳолбуки, у хоҳлаган нарса менда бўлмайди. У хоҳлаган нарсани бозордан олиб, сотсам бўладими?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзингда йўқ нарсани сотма»[1].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Савдо-сотиқда томонлардан бирининг иккинчи томонга қарз беришини шарт қилиш, бир савдода икки шарт қўйиш, кафолатига кирмаган нарсани сотиб фойда қилиш ва ўзида йўқ нарсани сотиш ҳалол эмас»[2].

Шунга кўра, савдолашиш вақтида товар тўлиқ сотувчининг мулки бўлиши ёки сотувчи вакил, валий, васий ёки вақф молининг нозири сингари товарни тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт қилинади.

Товар сотувчининг мулкига кирмаган бир қанча савдо-сотиқ кўринишлари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ножоиздир. Эгасининг қўлидан қочган қул ёки туяни сотиш, шунингдек, сотиб олган, бироқ ҳануз қўлига киритмаган нарсаларни сотиш ана шундай савдолар жумласидандир.

Ўзида (ёхуд қўлида) йўқ нарсани сотишдан қайтариш ҳикмати:

 Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўзида йўқ нарсани сотган киши худди бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам даргумон бўлган «ғарар», яъни нуқсон, хатар ва мажҳуллик савдосини қилиши билан баробар. Бундай савдолар қимор қабилидандир»[3].

Бундан ташқари юқоридаги ҳадисда бир неча савдо-сотиқ кўринишларидан ҳам қайтарилган. Улар қуйидагилар:

(А) Савдода томонлардан бирининг иккинчи томонга қарз беришини шарт қилиш

Бундай савдода, айтайлик, сотувчи харидорга бир нарсани фалон пулга сотар экан эвазига харидор унга фалон миқдорда пул қарз беришини шарт қилади. Бу кўринишдаги савдо жоиз эмас. Чунки унда ортидан фойда келувчи қарз муомаласи бор.

(Б) Бир савдода икки шарт қўйиш

Баъзи уламолар ушбу савдо кўринишини «бир савдо билан икки савдони амалга ошириш» деб изоҳлаганлар. «Бир савдо билан икки савдони амалга ошириш» тўғрисида келгусида юз юритамиз, иншааллоҳ.

Баъзи уламолар эса бу кўринишдаги савдони «Сенга мана бу товарни бунчага сотаман, эвазига анави товарни менга бунчага сотасан», қабилида савдолашиш деб изоҳлаганлар.

(В) Кафолатига кирмаган нарсани сотиш

Баъзи уламолар бу кўринишдаги савдони ўзининг мулки бўлмаган нарсани сотиш билан изоҳлаганлар. Масалан, «ғасб» қилган, яъни бировнинг нарсасини ноҳақ тортиб олган киши уни сотиши жоиз эмас. Чунки тортиб олган нарсаси унинг мулки ҳисобланмайди. Борди-ю, инсон ўзининг мулки бўлмаган нарсани сотиб, фойда қилса, савдоси ҳам, қилган фойдаси ҳам ҳалол бўлмайди.

Баъзи бир фикрларда айтилишича, «кафолатига кирмаган нарсани сотиш»дан мақсад сотиб олган бўлса-да, ҳануз уни қабул қилиб олмаган нарсани сотишдир. Негаки, харидор товарни ҳануз қабул қилиб олмаган ёхуд қўлига олмаган бўлса, товарга у жавобгар бўлмай, балки сотувчи жавобгар бўлади. Яъни, харидор товарни қўлига олишидан олдин товарга талофат етса, зиёни сотувчининг зиммасига тушади.

(2) «Қабз» қилинмаган ёхуд қўлга олинмаган нарсани сотмаслик

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Кимда ким бирон озиқ-овқат маҳсулотини сотиб олса, то уни қўлига олмагунча сотмасин»[4].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Сотиб олганда «қабз қилиш»га (яъни қабул қилиб олишга) муҳтож бўлган ҳар қандай нарсани то қабз қилмагунча сотиш жоиз эмас»[5].

Ибн  Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: «Кимда ким бирон нарса сотиб олса (нима бўлишидан қатъий назар), то уни «қабз қилмагунча» сотиш ҳалол бўлмайди»[6].

Мазкур фикр жумҳур уламоларнинг фикридир. Моликий мазҳаби уламолари эса юқоридаги ҳадис зоҳирига таяниб, қўлга олинмаган нарсани сотмаслик фақат озиқ-овқат маҳсулотларига тааллуқли дейишган.

Рожиҳ фикр жумҳур уламолар фикридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «инсон ўз кафолатига кирмаган нарсани сотишдан қайтарганлари» ҳам жумҳур уламолар фикрини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам товарлар сотиб олиниб, тожирлар уни ўзларига тегишли жойга олиб келиб қўймагунча сотишдан қайтарганлар»[7]. Ҳадисдаги «товарлар» сўзи умумий бўлиб, бу сўз озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам, шунингдек, ундан бошқа товарларни ҳам ўз ичига олади.

Товарни «қабз қилиш» ёхуд қабул қилиб олиш тартиби

Тўғрироқ фикрга кўра, бирон товарни қабул қилиб олиш тартиби маҳаллий урфга боғлиқ бўлиб, бу тартиб товар турига қараб бир-биридан фарқ қилиши мумкин.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳар бир нарсани қабул қилиб олиш ўзига яраша бўлади. Агар товар ўлчов идишларида ўлчанадиган ёки тарозида тортиладиган нарса бўлса, демак, бу товарни қабул қилиб олиш уни ўлчов идишларида ўлчаш ёки тарозида тортиш билан амалга ошади»[8].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Товарни қабул қилиб олиш тартиби тўғрисида Шофеийдан нақл қилинган фикрга келсак, бу борада ўзига хос тафсилотлар бор. Унга кўра, товар динор, дирҳам ва кийим-кечак каби бевосита қўл билан олинадиган нарсалар бўлса, демак, уни қўлга олиш билан қабул қилинган ҳисобланади. Энди товар бино ва дарахтдаги мева сингари кўчмас мулкдан иборат бўлса, у ҳолда уни қабул қилиб олиш бўшатиб бериш (ёхуд имкон яратиш) билан бўлади. Аммо товар ёғоч-тахта, дон ёки ҳайвонлар каби одатда кўчувчи нарсалардан иборат бўлса, у ҳолда уни сотувчигагина хос бўлмаган ерда қабул қилиб олинади»[9].

Товарни қабул қилиб олмасдан олдин сотмаслик сабаби

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Товарни қабул қилиб олмасдан олдин сотмаслик сабаби товар бир вақтнинг ўзида икки кишининг кафолатига кириб қолмаслиги (яъни бир товарга икки киши: сотувчи ва харидорнинг жавобгар бўлиб қолиши) эмас. Балки харидор (ундан ҳануз қабул қилиб олмаган товарини сотиб олган иккинчи харидорга) товарни топшира олмай қолиш хавфи борлигидир. Чунки сотувчи товарни унга бериши ҳам, бермаслиги ҳам мумкин. Айниқса, сотувчи харидорнинг товар устидан фойда қилаётганини кўрса, савдодан тониши ёки турли ҳийла-найранг билан савдони бузишга ва шу тариқа товарни ўзида қолдиришга ҳаракат қилиши мумкин»[10].

[1] Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар борлиги сабабли саҳиҳдир. Абу Довуд (3503), Термизий (1232, ҳадисни ҳасан деган), Насоий (7/289), Ибн Можа (2187), Аҳмад (3/42) ривояти. Насоий, Ибн Абу Шайба ва бошқалар мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи ҳадислар (шавоҳид)ни ривоят қилишган. Қаранг: «Саҳиҳул жомеъ» (7206).
[2] Ҳасан: Абу Довуд (3504), Термизий (1234), Насоий (7/277), Ибн Можа (2188) ривояти.
[3] «Зодул маод» (5/815-816-бетлар).
[4] Бухорий (2133), Муслим (1526), Абу Довуд (3495), Насоий (7/285) ривояти.
[5] «Ал-муғний» (4/126).
[6] «Ал-муҳалло» (9/591), 1508-масала, «Савдо-сотиқ китоби».
[7] Ҳадис санади ҳасан: Абу Довуд (3499), Аҳмад (5/191) ривояти.
[8] «Ал-муғний» (4/125).
[9] «Фатҳул Борий» (4/350).
[10] «Ал-фатовол кубро» (5/390).

Изоҳ қолдиринг