Кундалик зикрлар: тиловат саждасида ўқиладиган дуолар

0

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси тиловат саждасида: “Юзим уни яратган, Ўз куч-қуввати билан унинг  қулоқ ва кўзларини очиб қўйган Зотга сажда қилди” – дер эдилар (Термизий (580) ривоят қилган ва: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадис” – деган).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

سَجَدَ وَجْهِيَ للَّذِي خَلَقَهُ وَشَقَّ سَمْعَهُ وبَصَرَهُ بِحَوْلِهِ وَقُوَّتِهِ 

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Сажада важҳий лиллазий холақоҳу, ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳи”.

Мазкур зикрни нафақат тиловат саждасида, балки намоз саждасида ҳам айтиш мумкин. Бунга имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади. Али розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар… сажда қилганларида: “Аллоҳим, Сенга таслим бўлдим, Ўзинга иймон келтирдим. Юзим уни яратган, унга шакл берган, Ўзининг куч-қуввати билан унинг  қулоқ ва кўзларини очиб қўйган Зотга сажда қилди. Яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ хайру баракоти кўп Зотдир” – дер эдилар” (Муслим ривояти).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ لَكَ سَجَدْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَلَكَ أسْلَمْتُ سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِي خَلَقَهُ وَصَوَّرَهُ وَشَقَّ سَمْعَهُ وبَصَرَهُ تَبَارَكَ اللَّهُ أحْسَنُ الـخَالِقينَ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма лака асламту ва бика ааманту. Сажада важҳий лиллазий холақоҳу ва соввароҳу, ва шаққо самъаҳуу ва басороҳу. Табаарокаллоҳу аҳсанул хоолиқийн”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен тушимда бир дарахтнинг орқасида намоз ўқиётган эканман. Сажда қилгандим, дарахт ҳам менга қўшилиб сажда қилди. Мен унинг: “Аллоҳим,  бу саждам учун менга ҳузурингда ажр ёз, бу саждам учун гуноҳимни кечир ва уни ҳузурингда мен учун захира қил. Бу саждамни мендан худди банданг Довуд алайҳиссаломдан қабул қилганингдек қабул қил” – деганини эшитдим” – деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда оятини тиловат қилиб сажда қилдилар. У зот ҳалиги одам айтиб берган дарахтнинг дуосини айтаётганларини эшитдим” (Термизий (579) ва Насоий (1053) “Сунан”ларида, Байҳақий “Кубро”да (3651), Ҳоким “Мустадрак”да (830), Ибн Хузайма “Мусаннаф”да (562) ривоят қилишган).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ اكْتُبْ لِي بِهَا عِنْدَكَ أجْراً وَضَعْ عَنِّي بِهَا وِزْرَاً واْجعَلْهَا لِي عِنْدِكَ ذُخْراً وتَقَبَّلَهَا مِنِّي كَمَا تَقَبَّلْتَهَا مِنْ عَبْدِكَ دَاوُدَ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳуммактуб лий биҳаа индака ажрон, ва зоъ анний биҳаа визрон, важъалҳаа лий индака зухрон, ва тақоббалҳаа минний камаа тақоббалтаҳаа мин абдика Давууд”.

Фойда

Тиловат саждаси учун таҳорат шарт ёки шарт эмаслиги тўғрисида уламоларимизнинг икки хил фикрлари бор. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо тиловат саждаси учун таҳорат шарт эмас, деган. Чунки бу сажда учун таҳорат олиш кераклигига алоҳида далил келмаган. Бироқ Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бу фикрларига бошқа саҳобалар қўшилмаганлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг имом Муслим (224) ривоят қилган ҳадисдаги: “Аллоҳ таоло таҳоратсиз ўқилган намозни қабул қилмайди” – деган сўзларига таянган ҳолда тиловат саждаси учун таҳорат шарт дейишган. Чунки сажда намоз амалларидан биридир. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Таҳоратсиз тиловат саждаси қилиш жоиз эканида Ибн Умар розияллоҳу анҳумога Шаъбийдан бошқа ҳеч ким мувофиқ бўлмаган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бу фикрини Ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Шунингдек, Абу Абдураҳмон Суламий сажда оятини ўқиб, таҳоратсиз ва қиблага юзланмаган ҳолда юриб кетиш асносида ишора қилиб сажда қилганини ҳам ҳасан санад билан ривоят қилган” (“Фатҳул Борий” (2\554)).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг