Муфассирлар: Ибн Касир Дамашқий (1)

0

Исми ва насаби:

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исм-шарифи Исмоил ибн Умар ибн Касир ибн Зовъ ибн Касир ибн Заръ Қайсий бўлиб, насаби Қурайш қабиласига бориб тақалади. Бусродаги қишлоқларнинг бирида туғилиб, Дамашқ шаҳрида ўсиб-улғайгани боис уларга нисбат берилиб, Бусровий ва Дамашқий деб айтилади.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг куняси Абул Фидо, лақаби Имодуддин (дин таянчи) бўлиб, фиқҳда шофеий мазҳабига эргашган.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 700 йили[1] Дамашқ вилоятларидан бири бўлмиш Бусро шаҳрининг Маждил номли қишлоғида дунёга келган. Отаси асли Бусролик бўлиб, онаси мазкур Маждил қишлоғидан эди.

Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ диндор ва зиёли оилада ўсиб-улғайди. Отаси Абу Ҳафс Умар ибн Касир роҳимаҳуллоҳ замонасининг олимларидан  ва фақиҳ кишиларидан бўлиб, ўзи имом-хатиб эди. У араб тили адабиёти ва граматикасига, шунингдек, қадимий араб шеъриятига қизиққан ва бу фанларда етук мутахассис эди. Аллома Ибн Касир ўзининг “Бидоя ва ниҳоя” номли тарих китобида отасининг ҳам таржимаи ҳолини келтирган. Қуйида алломанинг ўз отаси ҳақида ёзган айрим сўзларини келтирамиз:

 “Отам тахминан олти юз қирқинчи йилда дунёга келганлар… Бошланғич илмни Бусродаги тоғаларидан таълим оладилар. Абу Ҳанифа мазҳабига оид “Бидоя”[2] китобини ўқиб, (наҳв фанидан) “Жумали Зужажий”[3] китобини ёд оладилар ва наҳв (араб тили граматикаси), араб тили фанларини яхши ўзлаштириб, қадимий араб шеърларини ёд оладилар. Ҳатто, таъсирли қасидалар ва марсиялар, оз бўлса-да, ҳажвий шеърлар ёза бошлайди. Отам Бусро шаҳридаги мадрасаларда таълим олиб, сўнг Бусронинг шарқидаги қишлоққа имом-хатиб бўлиб ўтадилар. Фиқҳда шофеий мазҳабига эргашиб, Нававий ва шайх Тақиюддин Фазорий каби шофеий мазҳаби уламоларидан таълим оладилар. Шайхимиз аллома ибн Замлаконийнинг айтишича, Фазорий отамни қаттиқ ҳурмат ва иззат-икром қилар эди. Ушбу қишлоқда ўн икки йилга яқин яшаб, сўнг онам туғилиб-ўсган Маждил қишлоғига хатиб бўлиб борадилар ва у ерда узоқ муддат истиқомат қиладилар. Отам яхши хутба (маъруза) қилар, отам айтган сўзлар одамлар тилида айланиб юрар эди. Отам дин-диёнатли, фасоҳатли, ширин сўзли бўлгани учун унинг сўзлари одамлар қалбига етиб борар эди. Қишлоқ аҳолиси очиқ кўнгилли, меҳрибон бўлгани, шунингдек, у ерларда ўзи ва аҳли оиласи учун ҳалол ризқ топиш осон бўлгани учун отам қишлоқда яшашни хуш кўрар эдилар.

Отам волидам ва ундан олдинги аёлидан бир қанча фарзандлар кўрганлар. Энг катта фарзанди Исмоил, сўнг Юнус ва Идрис бўлиб, улар биринчи аёлидан дунёга келган. Онамдан кўрган фарзандлари эса Абдулваҳҳоб, Абдулазиз ва бир қанча қизлар бўлиб, улардан сўнг мен энг кичик фарзанди эдим.  

Отам мени энг катта акамиз Исмоилнинг исми билан номлаганлар. Бунинг сабаби шуки, катта акамиз Исмоил Қуръонни отамизга тўлиқ ёдлаб бериб, сўнг “Танбеҳ”[4] китобини шарҳи билан аллома Тожиддин Фазорийга ёдлаб беради. Сўнг усулул фиқҳ фанида “Мунтахаб” китобини ўқиб чиқади. Сўнг Дамашққа бориб у ерда ишлай бошлайди. Буларни менга шайхимиз Ибн Замлаконий айтиб берган. Кунларнинг бирида у бир тепаликдан йиқилиб, бир неча кундан сўнг оламдан ўтади. Отам акамизнинг вафотидан қаттиқ маҳзун бўлиб, унга атаб марсиялар ёзадилар. Мен туғилганимда мени унинг исми билан номлайдилар. Шундай қилиб отамнинг тўнғич ва кенжа фарзандларининг исми Исмоил бўлди. Аллоҳ ўтганларни раҳмат айлаб, қолганларга ҳусни хотима насиб қилсин.

Отам ҳижрий 703 йили жумодол увло ойида Маждил қишлоғида ҳаётдан кўз юмадилар ва қишлоқ шимолида Зайтуна деган ерда жойлашган қабристонга дафн қилинадилар. Мен ўшанда чамаси уч ёшлар атрофида эдим. Отамни тушда кўргандек элас-элас эслайман. Сўнг биз 707 йил акамиз Камолиддин Абдулваҳҳоб ҳамроҳлигида Дамашққа кўчиб ўтдик. Дарҳақиқат, туғишган акамиз Абдулваҳҳоб бизга ўта меҳрибон эди. У 750 йилда вафот этди. Мен акамиз Абдулваҳҳобнинг қўлида таълим олдим ва Аллоҳ таоло у туфайли менга кўп илмлар ато қилди[“Бидоя ва ниҳоя”, 14/ 31-33].

Ёшлиги:

Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ёшлигида диний илмлар билан бир қаторда араб тили фанини ўрганишга алоҳида аҳамият қаратади. Юқорида зикр қилганимиздек, у бошланғич илмларни акаси Абдулваҳҳобдан олади. Сўнг замонасидаги буюк олимлардан илм олишга киришади. Балоғатга етмай туриб, ўн бир ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олади. Ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Мен ва Али ибн Абу Ҳайжо Каркий етти юз эллик биринчи йил Қуръонни ёдлаб тугатдик” [“Бидоя ва ниҳоя”, 14/312]. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Қуръонни тўлиқ ёд олибгина қолмай, балки унинг бир қанча қироатларини ҳам яхши ўзлаштиради. Довудий[5] уни қироат илмининг уламолари қаторида санаб ўтган.

Муҳаммад ибн Саҳл Ғарнотий Андалусий имом Муслимнинг “Саҳиҳ ҳадислар” тўпламини Шайх Нажмиддин ибн Асқалонийга тўққизта мажлисда (дарсда) ўқиб беради. Аллома Ибн Касир ҳам ушбу даврага қатнашиб, имом Муслимнинг “Саҳиҳ ҳадислар” тўпламини эшитиб чиқади. Шунингдек, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ имом Моликнинг “Муватто” ва бошқа ҳадис тўпламларини олимлардан ўқиб ўрганади. Ҳадис ровийлари хусусида ёзилган “Таҳзибул камол” китобини ўқиб чиқади ҳамда фиқҳдан Шерозийнинг шофеий мазҳаби асосида ёзган “Танбеҳ” китобини, усулул фиқҳ фанидан “Мухтасари Ибн Ҳожиб”ни ёд олади.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳадис, тафсир, тарих, фиқҳ, усулул фиқҳ ва наҳв фанларини пухта ўрганиб, бу фанларда моҳир олим бўлиб етишади. Математика фанини ҳам четда қолдирмай, уни ҳам ўрганади. Аллоҳ таоло унга ўткир зеҳн ва кучли фаҳм, улкан илм ва кенг қамровли билимни насиб қилган бўлиб, буни устозлари-ю, шогирдлари эътироф этишган.

Келгуси мақоламизда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг устозлари, эгаллаган мансаблари ва шогирдлари ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] Уламолар Ибн Касир туғилган сана борасида турли фикрларни билдиришган. Айримлар 700 йили туғилган деса, бошқалар 701 йили деган.
[2] “Бидоя” китобидан мурод Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Фарғоний Марғилоний (530-593) ёзган “Бидоётул мубтади” китобидир.
[3] “Жумали Зужажий” наҳв (араб тили граматикаси) фанида ёзилган машҳур китобларнинг бири бўлиб, униг муаллифи Абдураҳмон ибн Исҳоқ Наҳовандий Зужажийдир (вафоти 337).
[4] “Танбеҳ” Шерозийнинг шофеий мазҳаби асосида ёзган фиқҳ китоби саналади.
[5] Доувудийнинг тўлиқ исми – Шамсиддин Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад Довудий Мисрий ҳижрий 945 вафот этган.

Изоҳ қолдиринг