Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (5)

0

Тўқсон саккизинчи ҳадис

 

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها: ((أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – بَعَثَ رَجُلاً عَلَى سَرِيَّةٍ فَكَانَ يَقْرَأُ لأَصْحَابِهِ فِي صَلاتِهِمْ , فَيَخْتِمُ بـ «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ» فَلَمَّا رَجَعُوا ذَكَرُوا ذَلِكَ لِرَسُولِ اللهِ – صلى الله عليه وسلم – فَقَالَ: سَلُوهُ لأَيِّ شَيْءٍ صَنَعَ ذَلِكَ؟ فَسَأَلُوهُ. فَقَالَ: لأَنَّهَا صِفَةُ الرَّحْمَنِ عَزَّ وَجَلَّ , فَأَنَا أُحِبُّ أَنْ أَقْرَأَ بِهَا. فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: أَخْبِرُوهُ: أَنَّ اللهَ تَعَالَى يُحِبُّهُ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини кўшинга бошлиқ қилиб (жангга) юбордилар. У қўшинга имом бўлиб намоз ўқир, (ҳар сафар) намозни “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сураси билан тамомлар эди. Улар сафардан қайтишгач, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар беришди. У зот: “Сўранглар-чи, у нима учун бундай қилди экан”, дедилар. Саҳобалар бориб ундан нима учун бундай қилгани ҳақида сўрашди. Ҳалиги амир шундай деб жавоб берди: “Негаки, унда (яъни Ихлос сурасида) Аллоҳ азза ва жалланинг сифати зикр қилинган бўлиб, уларни ўқишни яхши кўраман”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Унга хабар берингларки, Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради[Бухорий: 7375 ва Муслим: 813].

Шарҳ:

Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобани қўшинга амир қилиб жангга юборадилар. Маълумки, қўшинга намозда имомлик қилиш, уларнинг барча саволларига жавоб бериш (уларга фатво бериш) амирлар вазифаси саналади. Негаки, одатда қўшинга қолганлардан илмлироқ ва дин-диёнатлироқ кишилар амир қилиб тайинланади.

Мазкур қўшинга амир қилиб тайинланган ушбу саҳобий ҳар намознинг иккинчи ракаатида “Ихлос” сурасини ўқир эди. Саҳобалар жангдан қайтишгач, унинг бу иши ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар беришади. У зот шундай дейдилар: “Сўранглар-чи, нима учун бундай қилди экан. Бу бир тасодифмикин ё муайян бир мақсадда шундай қилганмикин?”. Ҳалиги амир шундай деб жавоб беради: “Бундай қилишимнинг сабаб шуки, Ихлос сурасида Раҳмоннинг олий сифати зикр қилинган бўлиб, мен уни қайта-қайта такрорлашни яхши кўраман”. Пайғамбаримиз дедилар: “Унга айтингларки, Раҳмоннинг сифатини яхши кўриб, ушбу сурани қайта-қайта ўқигани учун Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради”. Нақадар буюк фазилатга эришди-я бу саҳобий!

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Шом намозидан бошқа фарз намозларда қисқа муфассал сураларни ўқиш жоиз.
2 – Ихлос сурасини ўқиш мустаҳаб бўлиб, у хос фазилатга эга.
3 – Қуръоннинг айрим сура ёки оятлари бошқаларига қараганда афзал бўлиши сабаби ўша сурада Аллоҳ таолони улуғлаш ва Унга ҳамду сано айтиш бошқаларига қараганда кўпроқ эканлигидир. Ушбу улуғ сура ўзида рубубият тавҳидини, Аллоҳ таолони ёлғиз илоҳ деб билиш кераклигини, Аллоҳ барча сифатларида танҳо эканини, У туғмаган ҳамда туғилмаганини, У барча нарсадан беҳожатлигини, Унинг тенги йўқлигини мужассам этади. Шунинг учун ҳам у Қуръоннинг учдан бирига тенг деб кўрилган.
4 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур саҳобийдан нима учун Ихлос сурасини қайта-қайта ўқигани ҳақида сўрашга буюрганлари қилинган амалга савоб берилиш-берилмаслиги ниятга боғлиқлигига далолат қилади.
5 – Бошлиқ ва қўмондонлар илмли, фазилатли ва дин-диёнатли бўлиши мақсадга мувофиқ.
6 – Ким Аллоҳ таолонинг сифатларини яхши кўриб, улар билан Аллоҳга муножот қилиш лаззатини топган бўлса, Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Зеро, амалларга бериладиган жазо ё мукофот амалнинг жинсидан бўлади. (Банда Аллоҳ таолони яхши кўргани учун Аллоҳ ҳам уни яхши кўради).
7 – Ислоҳ қилиш мақсадида амир ва ҳокимларнинг қилган ишлари ҳақида давлат раҳбарига хабар бериш чақимчилик ва гап ташишга кирмайди.

Изоҳ қолдиринг