Муҳаддислар: Имом Абу Довуд Сижистоний “Сунан” китоби (2)

0

Имом Абу Довуд ёзган китобларнинг ичида энг машҳури, имомнинг номини оламга танитгани “Сунан” китобидир. “Сунани Абу Довуд” китоби Пайғамбаримиз ҳадисларини жамлаган мўътабар олти ҳадис тўпламининг[1] бири бўлиб, улар орасида имом Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ” китобидан кейинги мартабада туради.

“Сунан” китобида келтирилган ҳадислар сони тўрт минг саккиз юзта бўлиб, имом уларни беш юз мингта ҳадис орасидан танлаб олган.

Абу Довуднинг шогирди Абу Бакр ибн Доса айтади: “Мен Абу Довудни шундай деганини эшитганман: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг беш юз мингтасини ёзганман. Шулар орасидан танлаб-танлаб “Сунан” китобини ёздим. Унда тўрт минг саккиз юзта ҳадис бор”.

Шунинг учун ҳам ушбу китоб саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар кўп учрайдиган манбалардан бири саналади. Имом Абу Довуд “Сунан” китобини фиқҳий асарлардаги каби “китоб” ва “боб”лар асосида тартиблаган бўлиб, китоблар сони ўттиз олтита (36) бўлса, ундаги боблар бир минг саккиз юз саксон тўққизтага (1889) етади.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан” китобида фақат саҳиҳ ҳадисларни келтиришга чекланмаган бўлиб, балки унда саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадисларни ҳам келтирган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан” китобидаги услубини баён қилиб шундай деган: “Китобим (яъни “Сунан”)да саҳиҳ ва унга ўхшаш ҳамда унга яқин ҳадисларни зикр қилдим. Қай ҳадис ўта заиф бўлса, албатта уни баён қилдим. Қай ҳадис ҳақида бирон нарса демаган бўлсам, демак, у яроқли ҳадисдир. Уларнинг баъзиси баъзисидан саҳиҳроқдир”.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан” китобини ёзиб бўлгач, уни имом Аҳмадга кўрсатади. Имом Аҳмад бу китобни маъқуллаб, мақтайди. Фуқаҳолар “Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Термизий”ни бемалол “Саҳиҳ ҳадислар тўплами” деб айтишади.

Сунан китобига ёзилган шарҳлар:

Уламолар қадимдан ушбу китобга катта аҳамият қаратиб, унга талай шарҳлар, изоҳлар ёзишган. Қуйида уларнинг айримларини зикр қиламиз:

“Маолимус сунан”, муаллифи Абу Сулаймон Аҳмад ибн Муҳамад Хаттобий бўлиб, ҳижрий 338 йилда вафот этган.

“Мирқоти сууд ило сунани Аби Довуд”, муаллифи Жалолиддин Суютий бўлиб, ҳижрий 911 йилда вафот этган.

“Фатҳул вадуд ало сунани Аби Довуд”, муаллифи Нуриддин ибн Абдулҳодий Синдий бўлиб, ҳижрий 1138 йилда вафот этган.

“Авнул маъбуд фи шарҳи сунани Аби Довуд”, муаллифи Муҳаммад Шамсулҳақ Азим Ободий ва Муҳаммад Ашраф ибн Амирус-садиқий.

Вафоти:

Ҳижрий учинчи аср Аббосийлар халифалиги даврида рўй берган Зинж фитнасидан[2] сўнг халифанинг акаси Абу Довуддан Басра шаҳрида қолиб, одамларга таълим беришини илтимос қилади. Абу Довуд унинг илтимосига жавобан то вафот этгунга қадар Басра шаҳрида таълим беради. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳижрий икки юз етмиш бешинчи (275) йилда шаввол ойининг ўн олтинчи жума куни вафот этади. Унинг жанозасини Аббос ибн Абдулвоҳид Ҳошимий ўқийди.

 

[1] Мўътабар олти ҳадис тўплами деб “Саҳиҳи Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим”, “Сунани Абу Довуд”, “Сунани Термизий”, “Сунани Насоий” ва “Сунани Ибн Можа” китобларига айтилади. Мазкур китоблар ҳадис тўпламлари орасидаги энг мўътабар ва ишончли манбалардир.

[2] Зинж қўзғолони Басра ва Восит шаҳридаги қоратанли қул ва хизматкорлар томонидан уюштирилган бўлиб, уларнинг бошчиси насл-насаби номаълум Барқаий номи билан машҳур бўлган киши эди. Айтилишича, унинг исм ва насаби Али ибн Муҳаммад ибн Абдураҳим бўлиб, Бани Абдуқайс қабиласидан саналади. У ўзини аҳли байтданман деб даъво қилган. Мазкур қўзғолон Аббосийлар халифалиги замонасида ҳижрий 225-270 йиллар оралиғида юз берган.

Изоҳ қолдиринг