Умар розияллоҳу анҳу: Аҳли китобларга уйланиш ҳақидаги фикри

0

Умар розияллоҳу анҳуга Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг яҳудий аёлга уйлангани хабари келганида унга: “У аёлнинг жавобини бер!”, деб деб ёзиб юборди. Ҳузайфа унга: “Сиз бу никоҳни ҳаром деб биласизми, шунинг учун талоқ қилишимни истайсизми?”, деб ёзиб юборган эди, “Йўқ, ҳаром деб ўйламайман. Лекин шу кетишда муслималарни қўйиб, мумисаларга (бузуқ хотинларга) уйланиб кетишларингдан қўрқаман”, деб жавоб йўллади[1].

Абу Заҳра ёзади: “Таъкидлаш лозимки, турмушда ҳар тарафлама тўла-тўкис уйғунлик ҳосил бўлиши учун мусулмон эркак мусулмон аёлга уйланиши афзал. Умар розияллоҳу анҳу аҳли китоб аёлларга уйланишдан қайтарар эди, фақат сиёсий манфаатлар кўзланган ва у билан қавм-қабилалар ва миллатлар ўртасида илиқлашув ва бирлашув ҳосил бўлиши мақсад қилинадиган ва шу каби вазиятларда истисно тариқасида уларга уйланишга рухсат берарди…”[2].

Аллоҳ таоло Ўзининг китобида гарчи чўри бўлса ҳам мўмина аёлга уйланиш озод мушрика аёлга уйланишдан яхши эканини баён қилган: “То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланманглар! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан гарчи у сизга ёқса-да,иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрикларга қизларингизни берманглар! Шубҳасиз, озод мушрикдан гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ ўз изни-иродаси билан жаннатга даъват қилади. Ва одамлар эслатма олишлари учун ўз оятларини баён қилади” [Бақара: 221].

Бу оятларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мушрик аёллар то иймонга келмагунларича уларга уйланишдан қайтаради. Ушбу оят далилига кўра мушрик аёлга уйланиш ҳаром бўлса, бошқа бир оят далили билан аҳли китоб аёлга уйланиш жоиздир. У қуйидаги оятдир: “Сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам сизлар учун ҳалолдир” [Моида: 5]. Бу оят аввалги оятдаги умумликни хослади. Бу жумҳур уламолар фикридир. Лекин, улар ҳам муслималарга уйланиш афзаллигини айтганлар. Китобияларга уйланиш ҳам қачонки эрга, фарзандларга ёки мусулмон жамиятига етадиган зарарлар бўлмаса жоиз бўлади. Аммо агар зарарлар етадиган бўлса, у ҳолда уларга уйланиш мумкин бўлмайди. Замонамиз уламоларидан баъзилари ҳам шу фикрни қувватлайдилар[3]. Илгари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам айни шу фикрни айтган эди. Демак, аҳли китоб аёлларга уйланишдан биринчи бўлиб ман қилган у бўлди ва бунда у иккита ҳужжатга суянди:

а) Бундай қилиш муслима қизларнинг бозори касод бўлишига ва турмушга чиқмай ўтириб қолишларига олиб келади;

б) Китобия аёл мусулмонларнинг фарзандлари ахлоқини бузади.

Бундан ман қилишга шу икки ҳужжатнинг ўзи ҳам етарли. Аммо, асримиздаги ҳолатларга назар солсак, бундай никоҳдан ман қилиш учун яна ҳам каттароқ сабабларни кўришимиз мумкин. Жумладан:

а) Аҳли китобдан бўлган хотин мусулмонларга қарши жосуслик топшириғини олган бўлиши эҳтимоли;

б) Кофирларнинг одатлари мусулмонлар диёрига кириб келиши;

в) Мусулмон киши кофирларнинг жинсиясини (фуқаролигини) олиб, бора-бора улар ичига сингиб кетиши ва ўзлигини йўқотиши;

г) Аҳли китобларга уйланган мусулмонлар ўз динларини яхши билмасликлари туфайли китобиялар қўлида хамирдек осон эгиладиган ҳолга тушишлари;

д) Китобияларга уйланган мусулмонлар улар олдида ўзларини нуқсонли ҳис қилишлари. Бунга эса уларнинг ўз динларини билмасликлари сабаб бўлади.

Шуларнинг ўзи ҳам китобияларга уйланиш мумкин эмаслигига етарли далил бўла оладиган зарарлардир[4].

 

[1] “Тафсири Ибн Касир” (1/265), санади саҳиҳ.
[2] Абу Заҳра, “Ал-аҳволуш-шахсийя” (104-бет).
[3] Муҳаммад Вакилий, “Фиқҳул авлавиёт” (78-бет).
[4] Талмасоний, “Шаҳидул меҳроб” (214-бет).

Изоҳ қолдиринг