Никоҳ: Никоҳ шартномасидаги муносиб шартлар

0

Никоҳдаги шартлашувлар

Биз собиқ мақолаларимизда никоҳ шартномасига доир шартларни айтиб ўтдик. Бу мақоламизда эса никоҳ шартномасидаги шартлар тўғрисида сўз юритамиз. Никоҳ шартномасидаги шартлар деганда эр-хотиндан ҳар бири иккинчисига қўйган шартлар назарда тутилади. Демак, никоҳ шартномасига оид шартлар билан никоҳдаги шартлар ўртасида фарқ бор. Улар қуйидагилардир[1]:

(А) никоҳга оид шартларни шариат қўйса, никоҳдаги шартларни томонлар қўяди.

(Б) никоҳнинг дуруст бўлиш-бўлмаслиги никоҳга оид шартларга боғлиқ. Аммо никоҳдаги шартларга вафо қилинмаса ҳам никоҳ дуруст бўлаверади. Шундай бўлса-да, никоҳ шартномасига бўйсуниш мажбурияти никоҳдаги шартларга вафо қилишга боғлиқдир. Бинобарин, томонлардан бирининг никоҳда қўйган шартига иккинчи томон риоя қилмаса, шарт қўйган томон никоҳни бузишга ҳаққи бор.

(В) никоҳга оид шартларни соқит қилиш имконсиз. Никоҳдаги шартларга келсак, манфаатдор томон уни соқит қилиши мумкин.

Никоҳдаги шартларга вафо қилиш

Томонларнинг никоҳда қўйилган шартларга вафо қилиши тўғрисида бир қанча ҳадислар келган. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Вафо қилишингизга энг ҳақли шартлар аёлларни ҳалоллаб олишингиз учун (яъни никоҳда) қўйилган шартлардир»[2].

Никоҳдаги шартларнинг турлари

Мазкур шартлар уч қисмга бўлинади:

1) Никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилмайдиган ва вафо қилиш вожиб бўлган муносиб шартлар;

2) Никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилмайдиган бузуқ шартлар. Бундай шартлар соқит бўлади;

3) Никоҳ шартномасининг дуруст бўлишига таъсир қилиб, уни ботил қиладиган бузуқ шартлар.

Биринчидан: никоҳ шартномасидаги муносиб шартлар

Бундай шартлар турмуш қуриш мазмун-моҳиятига муносиб бўлган, шариатга хилоф бўлмаган ёки мубоҳ ва жоиз шартларни ўз ичига олади.

Никоҳ шартномасидаги муносиб шартларга мисоллар[3]:

(1) Аёл эрига (шариат ва урф-одат доирасида) чиройли муомала билан бирга яшашни ёки яхшилик билан жавобини беришни шарт қилиши. Албатта, бундай шарт никоҳ мазмуни ва талабига муносибдир.

(2) Эр-хотиндан ҳар бири иккинчисининг жинсий лаззатланишга халақит берадиган айб-нуқсонлардан холи бўлишини шарт қилиши (аслида бу никоҳ шартномасида талаб қилинмаса-да, шарт бўлиши лозим).

(3) Аёл эрига ўз юртидан ёки ҳовлисидан чиқармасликни шарт қилиши. Аслида эр аёлини истаган жойга олиб кетишга ҳаққи бор. Эр аёлининг бу шартига кўнса, демак, ўз ҳаққидан воз кечган бўлади.

(4) Аёл эрига собиқ эридан бўлган чақалоғини эмизишини ёки олдинги турмушидан дунёга келган фарзандларининг у билан бирга яшашини шарт қилиши. Албатта, бу каби шартлар никоҳдаги муносиб шартлардир. Шунингдек, аёл эрига (ундан ўзга қаровчиси бўлмаган) ота-онасига хизмат қилишига рухсат беришини шарт қилиши ҳам никоҳдаги муносиб шартлардан саналади.

(5) Аёлнинг эрига маҳрни муайян пул бирлигида (айтайлик, долларда) беришини шарт қилиши ҳам муносиб шартдир. Шунингдек, аёл эрига «маҳри мисл», яъни одатда келиннинг ота томонидан бўлган қариндош хотин-қизларга бериладиган маҳрдан ошиқча маҳр беришини шарт қилиши ҳам никоҳдаги муносиб шартдир.

(6) Аёл эрига у билан хорижий мамлакатларга сафар қилмасликни шарт қилса, шарти дурустдир.

(7) Эр аёлига нафақа қилмасликни (яъни уни моддий жиҳатдан таъминламасликни) шарт қилса ва аёл бунга рози бўлса, аёл ўз хоҳиши билан ҳаққидан воз кечгани сабабли шарт ҳам, никоҳ ҳам дуруст бўлади[4].

Дарҳақиқат, баъзи уламолар бундай шартнинг ботил экани, никоҳнинг эса дуруст бўлаверишини айтганлар.

(8) Аёл эрига кундошидан камроқ вақт ажратишини шарт қилса, шарти дуруст. Баъзи фуқаҳолар бундай шарт қилиш дуруст эмас дейишган. Биринчи фикрни жумладан Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган. Бироқ аёл кундошидан кўпроқ вақт ажратишни шарт қилса, шарти дуруст эмас. Аёлнинг кундоши – эрнинг собиқ аёли мазкур шартга рози бўлиши бундан мустасно.

(9) Эр ёки хотиндан бири иккинчиси қўйган шартга риоя қилиш-қилмасликни ўйлаб кўришни шарт қилиши дурустми-йўқми?

Шайхулислом Ибн Таймия рожиҳ деб билган фикрга кўра, бундай шарт қўйиш дуруст. Масалан, эр аёлининг ота-онаси билан бирга туришини хоҳлайди. Аёл эса улар билан чиқишолмай қолишдан қўрқади. Шунда аёл шарт қўяди. Унга кўра, агар аёл қайнона ва қайнотаси билан бир уйда яхши яшаб кетса, кетди, акс ҳолда алоҳида уйга чиқишни талаб қилишга ҳақли бўлади. Шунингдек, эр турмуш ўртоқ танлашда алданса, шарт қўйишга ҳаққи бор. Мазкур ҳолатда аёлга берган маҳрини уни алдаган кишидан талаб қилиши мумкин. Масалан, эр муайян сифатга эга бўлган аёлга уйлантиришни хоҳлаган бўлса-ю, бироқ уйланганидан сўнг аёлнинг мазкур сифатга эга эмаслиги маълум бўлса, эр никоҳни рад этишга ҳақли бўлади. Айни шу ҳолатни аёл томондан ҳам тасаввур қилиш мумкин.

(10) Агар қиз томон эрдан муайян бир муддатдан кейингина унга яқинлик қилишни шарт қилишса, рожиҳ фикрга кўра мазкур шарт дурустдир. Шунингдек, эрга то уйни жиҳозламагунча қизга яқинлик қилмасликни шарт қилишса, бу шарт ҳам дуруст. Ҳозирги даврда баъзи мусулмон ўлкаларда шунга амал қилиб келинади. Уларда бу шартга амал қилиш одат тусига кириб қолган. Усул қоидасига кўра, урфда маълум бўлган нарса худди шартномадаги шарт ўрнида туради.

[1] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/233).
[2] Бухорий (2721), Муслим (1418), Абу Довуд (2139), Термизий (1127), Насоий (2/92), Ибн Можа (1954) ривояти.
[3] Мазкур шартларни ўз фикри ожизимда рожиҳ деб билганим бўйича келтирмоқдаман. Аслида мазкур шартларнинг айримлари хусусида уламолар ўртасида ихтилофлар бор.
[4] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/250).

Изоҳ қолдиринг