Тафсир: Бақара сураси: 25-оят

0

وَبَشِّرْ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الأَنْهَارُ كُلَّمَا رُزِقُوا مِنْهَا مِنْ ثَمَرَةٍ رِزْقاً قَالُوا هَذَا الَّذِي رُزِقْنَا مِنْ قَبْلُ وَأُتُوا بِهِ مُتَشَابِهاً وَلَهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُطَهَّرَةٌ وَهُمْ فِيهَا خَالِدُونَ (25)

  1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтириб, солиҳ амал қилган зотларга остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатлар хушхабарини беринг. Қачон уларга бу жаннатдан – унинг мева-чеваларидан бирон ризқ берилса: «Бу бизларга бундан олдин ҳам берилган эди», дейдилар. Уларга бу ноз-неъматлар бир-бирига ўхшаш ҳолда берилур. Жаннатда улар учун покиза жуфтлар бор ва улар у жойда мангу қолурлар.

Аллоҳ таоло ўтган оятларда кофирларга белгиланган жазони баён қилгач, энди солиҳ амаллар қилгувчи мўминларга ҳозирлаб қўйилган мукофотларни зикр қилди. Бу Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги одати бўлиб, бандалари бир вақтнинг ўзида У зотдан умид қилиши ва қўрқиши учун тарғиб ва таҳдид услубини кетма-кет қўллайди. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг ўрнида турган уламо ва даъватчиларни қалблари билан иймон келтирган, аъзолари билан солиҳ амаллар қилган ва шу тарзда иймонларини солиҳ амаллари ила тасдиқлаган бандаларга хушхабар беришга буюради. Эзгу ва савобли амаллар «солиҳ» (яъни «яроқли» ва «салоҳиятли») дея сифатланди. Чунки бандаларнинг аҳволи, диний ва дунёвий ишлари, дунё ва охират ҳаёти ана шундай эзгу амаллар сабабли ўнгланади. Шунингдек, эзгу амаллар сабабли бузуқ ҳолатларга барҳам берилади ва бандалар жаннатда Раҳмонга «қўшни» бўлишга яроқли бўлган солиҳ кишилар сафига кирадилар. Ана шундай бандаларга жаннатлар башоратини беришга буюради Аллоҳ таоло. Жаннат деганда ажойиб ва турфа хил боғ-роғлар, кўркам ва анвойи мева-чевалар, бепоён соялар ва жозибадор шох-шаббаларни ўз ичига олган боғ тушунилади. Шунинг учун бундай сифатга эга бўлган боғ – унга кирган киши кўринмай кетадиган, унда яшаган кимса роҳат-фароғат ичра ҳаёт кечирадиган «жаннат» деб номланди. (Чунки жаннат сўзи луғавий жиҳатдан «тўсувчи, яширувчи» маъносини англатади).

Бу жаннатларнинг остларидан сув, сут, асал ва ароқ анҳорлари оқиб ўтади. Жаннат аҳли уларни истаган жойда учратадилар ва хоҳлаган жойларига оқиза оладилар. Жаннатдаги дарахтлар ҳам ўша анҳорлардан суғорилиб, улардан турли хил мева-чевалар пайдо бўлади.

Қачон уларга бу жаннатдан – унинг мева-чеваларидан бирон ризқ берилса, «Бу бизларга бундан олдин ҳам берилган эди», дейдилар.

Жаннат аҳлига бирон мева-чева тақдим қилинса, «Буни олдинроқ ҳам еган эдик, бунинг тури ҳам, сифати ҳам олдингисига ўхшар экан», дейишади. Зеро, жаннатдаги ноз-неъматларнинг барчаси гўзаллик, кўркамлик ва лаззатда бир-бирига ўхшаш, улар орасида ёқимсиз ёки бемаза мева-чева йўқдир. Жаннат аҳли учун лаззатдан холи бўлган вақт йўқ, улар доимо бу ноз-неъматларни истеъмол қилиш билан лаззатланиб турадилар.

Уларга бу ноз-неъматлар бир-бирига ўхшаш ҳолда берилади.

Бу ноз-неъматлар жаннат аҳлига тақдим қилинар экан, уларнинг ранги  ўхшаш бўлса-да, таъми бошқа-бошқа бўлади. Баъзи муфассирларнинг айтишича, уларнинг ранги ўхшаш, номи ўзгача, баъзиларнинг айтишича, улар гўзаллик, лаззат ва роҳатбахшликда бир-бирларига ўхшашдир. Шу тафсир энг яхши тафсир бўлса, ажаб эмас.

Аллоҳ таоло солиҳ зотлар учун ҳозирлаб қўйилган маскан, егулик ва ичимликларни ҳамда мева-чеваларни зикр қилгач, уларнинг жуфтларини зикр қилди. Солиҳ бандалар учун ҳозирланган жуфтларни энг мукаммал, лўнда ва равшан сифатлар билан васф қилар экан шундай деди: «Жаннатда улар учун покиза жуфтлар бор». Аллоҳ таоло уларни фалон айб-нуқсондан пок дея муайян бир айбдан холи эканини айтмасдан, балки умумий тарзда «покиза жуфтлар» деб сифатлади. Бу ўз навбатида уларнинг аёлларда учрайдиган ҳар қандай айб-нуқсонлардан пок эканини ифодалайди. Бинобарин, уларнинг хулқ-атвори, хилқати, тили ва кўзи покизадир. Жаннатдаги жуфтларнинг хулқ-атвори, ахлоқига келсак, улар гўзал хулқи, ширин сўзи, ёқимли хатти-ҳаракати билан ўз эрларига суюкли бўлган аёллардир. Шунингдек, уларнинг хилқати ҳайз, нифос, маний, сийдик, ахлат, мишиқ, тупук ва бадбўй ҳидлардан покиза ва холи, қад-қомати келишган, унда бирон айб ва хунуклик йўқ. Аксинча, улар яхши хислатларга бой, гўзал аёллардир. Уларнинг тиллари покиза – бирон ножўя сўз гапирмайдилар, кўзлари ҳам покиза – эрларидан бошқага қиё боқмайдилар.

Мазкур ояти каримада башорат берувчи, башорат берилганлар, башорат берилган нарса ва ушбу башоратга элтувчи сабаб зикр қилинди. Башорат берувчилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг ўрнида турган умматлари, башорат берилганлар солиҳ амаллар қилувчи мўминлар, башорат берилган нарса юқорида зикр қилинган сифатларга эга жаннатлар ва ушбу башоратга элтувчи сабаб эса иймон ва солиҳ амаллардир. Иймон ва солиҳ амалларсиз жаннатга эришиш имконсиз. Бу – сарвари олам берган энг катта башорат бўлиб, унга элтувчи восита ҳам энг яхши воситадир. Ушбу оятдан мўминларга башорат бериш, амалларга берилажак мукофот ва самараларни эслатиш орқали солиҳ амалларга тарғиб қилиш мустаҳаблиги келиб чиқади. Зеро, амаллар уларга берилажак мукофотларни эслатиш орқали осон бўлиб қолади. Инсон учун энг яхши хушхабар иймон ва солиҳ амалга муваффақ қилиниши бўлиб, бу дастлабки ва асл башоратдир. Ундан кейинги башорат ўлим чоғидаги башорат бўлса, ундан кейингиси доимий роҳат-фароғат диёри бўлмиш жаннатга эришишдир. Аллоҳдан фазл-карами ила бизларни ўшандай зотлардан қилишини сўраймиз.

Изоҳ қолдиринг