Соғлом эътиқодга йўлланма: Аҳли суннат ва жамоатнинг Аллоҳнинг исм ва сифатлари борасидаги дастури

0

Аҳли суннат ва жамоатнинг Аллоҳнинг исм ва сифатлари борасидаги дастури

Салафи солиҳ ва нажот топувчи фирқа бўлмиш аҳли суннат ва жамоат тоифасининг Аллоҳнинг исм ва сифатлари тўғрисидаги дастури – бу исм ва сифатларни Қуръони Карим ва ҳадисларда қандай келган бўлса, шундайлигича эътироф этиш, шунингдек, бу исм ва сифатлар далолат қилган маъноларни ҳақ деб эътиқод қилиш ва уларни зоҳирига асосан тушунишдан иборат. Ушбу исм ва сифатларни бор дейишдан Аллоҳни махлуқотларга ўхшатиш келиб чиқмайди. Зеро, яратганнинг сифатлари ўзига хос ва муносиб бўлса, яралмишларнинг сифати ҳам ўзига хос ва муносибдир. Яратган зот билан яралмиш махлуқотларнинг зоти ва шахси ўртасида ўхшашлик йўқ бўлганидек, уларнинг сифатлари ўртасида ҳам ўхшашлик йўқ. Аҳли суннат ва жамоат тоифасининг бу борадаги дастури соғлом тамойиллар ва тўғри қоидаларга асосланган бўлиб, улар қуйидагилардир:

Биринчидан: Аллоҳнинг исм ва сифатлари «тавқифий»дир. Яъни аҳли суннат ва жамоат тоифаси Аллоҳнинг Ўзи китобида ёки Расули суннатида бор деган исм ва сифатларнигина Аллоҳга нисбат берадилар. Улар ўз ақллари ёки тафаккурларига таяниб Аллоҳга бирон исм ва сифатни нисбат бермайдилар. Шунингдек, Аллоҳнинг Ўзи китобида ёки Расули суннатида Аллоҳга нисбат беришни рад қилган сифатлардангина У зотни поклайдилар. Улар ўз ақллари ва тафаккурларидан келиб чиқиб, бирон сифатни Аллоҳга нисбат беришни рад қилмайдилар. Бинобарин, улар бу борада китоб ва суннатда келган маълумотлардан нарига ўтмайдилар. Мазкур улуғ тамойилдан келиб чиқиб «жисм», «жавҳар»[1] ва «араз»[2] каби Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда очиқчасига Аллоҳга нисбат берилмаган ёки очиқчасига  рад ҳам этилмаган терминлар борасида аҳли суннат ва жамоат тоифаси бетараф муносабатда бўладилар.

Иккинчидан: Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотга нисбат берган сифатлар зоҳирига кўра ҳақдир. Бу сифатларда ҳеч қандай тилсим ёхуд топишмоқлар йўқ. Аксинча, бу сифатларнинг маънолари худди сўзловчининг мақсади сўзидан тушунилганидек тушунилади. Аҳли суннат тоифаси сифатларнинг лафзларини ҳам, улардан тушунилган маъноларни ҳам бор ва ҳақ деб эътиқод қиладилар. Аллоҳнинг Ўзига нисбат берган сифатлари ёки Расулининг Аллоҳга нисбат берган сифатлари тушунарсиз бўлиб қолганлиги учун маъноси Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинадиган «муташобиҳ» сўзлар қабилидан эмас. Чунки сифатларни маъноси тушунарсиз сўзлар қабилидан деб санаш уларни тушунарсиз ажам сўзлар қаторига қўйиш билан баробар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бизларни Қуръони Карим оятларини тафаккур ва мушоҳада қилишга буюради, улар тўғрисида ақл юритишга ва уларни тушунишга тарғиб қилади. Борди-ю, Аллоҳнинг сифатлари тўғрисидаги оятлар маъноси тушуниб бўлмайдиган сўзлар бўлганида Аллоҳ таоло бизларни тафаккур қилиш ва тушуниш имконсиз нарса тўғрисида бош қотиришга, бизларга тушунтирмаган нарсани эътиқод қилишга буюрган бўлар эди. Албатта Аллоҳ таоло бундай ишдан пок ва олийдир. Бинобарин, Аллоҳнинг сифатларининг маънолари маълум бўлиб, уларни ҳақ деб эътиқод қилиш вожибдир. Энди бу сифатларнинг «кайфияти» – уларнинг қандайлигига келсак, бу ёлғиз Аллоҳнинг ўзига аён. Шунинг учун имом Молик роҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг «Раҳмон Арш узра «истиво» қилди (яъни олий ва юксак бўлди)» [Тоҳа: 5] деган сўзи ҳақида, яъни «Аллоҳ қандай истиво қилган?», деб сўралганда: «Истиво маълум, қандайлиги номаълум, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда савол сўраш бидъатдир», деб жавоб берган.

Имом Моликнинг «истиво» тўғрисида айтган гапи Аллоҳнинг барча сифатлари тўғрисидаги бир қоидадир. Шунингдек, бу сўз аҳли суннат ва жамоат тоифасига мансуб барча уламоларнинг ҳам сўзидир. Кимда ким салафи солиҳлар Аллоҳнинг исм ва сифатларининг маъноларини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилишган ва бу ҳақдаги оят ва ҳадисларни маъноси фақат Аллоҳга аён бўлган «муташобиҳ»лардан деб билишган деб даъво қилса, уларнинг номидан ёлғон тўқиган бўлади. Зеро, салафлар бу бўҳтончининг гапига батамом терс гапни гапирганлар.

Учинчидан: салафлар Аллоҳнинг сифатларини бор дер эканлар уларни махлуқотларнинг сифатларига ўхшатмайдилар. Чунки Аллоҳга ўхшаш ва тенг бирон нарса йўқ. Қолаверса, Аллоҳнинг сифатларини яралмишларнинг сифатларига ўхшатиш бу сифатларнинг қандайлигини билишни даъво қилиш демакдир. Ҳолбуки, Аллоҳнинг зоти қандайлиги номаълум бўлганидек, бу сифатларнинг қандайлиги ҳам бизларга номаълумдир. Зеро, сифатнинг қандайлигини билишдан ўша сифат билан сифатланган зотнинг қандайлигини билиш келиб чиқади. Аллоҳ таолонинг зоти қандайлигини, унинг моҳиятини ёлғиз Аллоҳнинг ўзигина билади. Сифатлар тўғрисидаги тушунча зот тўғрисидаги тушунчага бевосита боғлиқдир. Аллоҳнинг зоти яралмишларнинг зотига ўхшамаганидек, У зотнинг сифатлари ҳам яралмишларнинг сифатларига ўхшамайди. Аллоҳ таоло айтади: «У зотга ўхшаш бирон нарса йўқ. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» [Шўро: 11]. Яъни Аллоҳнинг зоти, сифатлари ва ишларида ҳеч бир нарса У зотга ўхшаш эмас.

Демак, Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган сифатларга иймон келтириш вожиб. Зеро, Аллоҳни ҳеч кимса Ўзичалик билмайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Айтинг, эй Муҳаммад): «Аллоҳ билувчироқми ёки сизларми?» [Бақара: 140]. Албатта Аллоҳ ўзини ҳам, бошқаларни ҳам яхшироқ билувчидир.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга нисбат берган сифатларга ҳам иймон келтириш вожиб. Чунки Аллоҳдан кейин У зотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра яхшироқ билувчи банда йўқ. Аллоҳ таоло Расули ҳақида шундай дейди: «У ҳаводан гапирмайди. Унинг гаплари пинҳона нозил қилинган ваҳийдир, холос» [Нажм: 3-4]. Бинобарин, ҳар бир мукаллаф – балоғатга етган мусулмон киши Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотга нисбат берган сифатларга иймон келтириши, Раббиси азза ва жалланинг сифатлари яралмиш бандаларнинг сифатларига ўхшашидан поклаши лозимдир.

Кимда ким Аллоҳ ва Расулидан олдинга ўтиб, Аллоҳга журъат қилиб, Унинг Ўзига нисбат берган ёхуд Расули У зотга нисбат берган улуғ сифатларни инкор этса ва айтсаки:  «Сен Ўзингга нисбат берган ёки Расулинг Сенга нисбат берган мана бу сифатлар Сенга асло муносиб эмас, уларда фалон-фалон айб-нуқсонлар бор. Шунинг учун мен уларни таъвил қиламан ёки бекор қиламан ва уларнинг ўрнига ўзим бошқа сифатларни Сенга нисбат бераман. Бу борада Сенинг китобинг ёки Расулингнинг суннатига мурожаат қилмайман. Чунки улардаги оят ва ҳадислардан Сени махлуқотларингга ўхшатиш келиб чиқади. Аксинча, бунинг учун мутакаллимларнинг қоидалари, жаҳмий, мўътазилий, ашъарий ва мотуридийларнинг сўзларига мурожаат қиламан». Айтингчи, эй Аллоҳнинг бандалари! Юқоридаги сўзларни айтган кимса Аллоҳга, Унинг китобига ва Расулининг суннатига иймон келтирган бўладими?! Мана шундай инсон Раббисини улуғлаган бўладими?! Эй Аллоҳ, Сени барча Сенинг шаънингга нолойиқ айб-нуқсонлардан поклайман. Албатта, бу очиқдан-очиқ бўҳтон ва туҳматдир!

Тўртинчидан: юқорида аҳли суннат ва жамоат тоифаси Аллоҳнинг Ўзига нисбат берган ёки Расулининг Аллоҳга нисбат берган сифатларни Аллоҳнинг улуғворлигига муносиб тарзда У зотга нисбат беришини ва уларни яралмишларнинг сифатларига ўхшатмаслигини айтиб ўтдик. Аҳли суннат тоифаси шу билан чекланмасдан Аллоҳ таолони барча айб ва нуқсонлардан поклайдилар. Бироқ улар Аллоҳни айб-нуқсонлардан поклаш йўлида сифатларнинг маъноларини таъвил қилиш – уларни зоҳирий маъноларидан бошқа маъноларга талқин қилиш ёки сўзларни асл маъноларидан буриш орқали бу сифатларни йўққа чиқармайдилар. Аҳли суннат ва жамоатнинг бу борада тутган йўли бу сифатларни яралмишларнинг сифатларига ўхшатиш билан уларни йўққа чиқариш ўртасидаги мўътадил йўлдир. Бинобарин, Аллоҳнинг поклаш мақомида сифатларни «таътил» – йўққа чиқаришдан сақланган бўлсалар, сифатларни бор дейиш ва эътироф этиш мақомида «ташбиҳ» – уларни яралмишларнинг сифатларига ўхшатишдан йироқ бўлдилар.

Бешинчидан: аҳли суннат ва жамоат тоифасининг Аллоҳнинг сифатларини бор дейиш ва Аллоҳга нолойиқ сифатларни инкор этиш борасида тутган йўли Қуръон ва суннат йўлидир. Бу йўл – Аллоҳни айб-нуқсонлардан поклаш хусусида умумий-мужмал гапириш, сифатларни Аллоҳга нисбат бериш ва уларни бор дейиш хусусида эса батафсил гапиришдан иборат. Бунга қуйидаги ояти карима яққол далилдир: «У зотга ўхшаш бирон нарса йўқ. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» [Шўро: 11].

Кўриб турганингиздек, оятда Аллоҳ таоло инкор ва Ўзини поклаш мақомида умумий тарзда «У зотга ўхшаш бирон нарса йўқ» деган бўлса, «исбот» – Ўзига сифатларни нисбат бериш мақомида эса батафсил гапирди: «У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир».

Аллоҳнинг сифатлари борасидаги ҳар қандай инкор зимдан ўша инкор қилинган сифатнинг зидди бўлмиш комил сифатларни У зотга нисбат беришни ифода этади. Аллоҳ ёки Расули Аллоҳдан бирон айб-нуқсонли сифатни рад қилса, бу шунчаки қуруқ раддия бўлмай, балки унинг замирида мазкур рад этилган сифатнинг зидди бўлмиш комил сифатни Аллоҳга нисбат бериш ётади. Чунки бировдан шунчаки бир айбли сифатни рад этиш замирида уни мақташ ётмайди. Чунки бу салбий сифат мазкур ҳолатда шунчаки йўқликдан иборат бўлиб, йўқлик эса мақтов дейилмайди. Замирида комил сифатни нисбат бериш мавжуд бўлган инкорга мисол: Аллоҳ таоло айтади: «Раббингиз бирон кимсага зулм қилмайди» [Каҳф: 49]. Зеро, Аллоҳ таолонинг ҳеч кимсага зулм қилмаслиги замирида У зотнинг комил адолати ётади. Яна Аллоҳ таоло айтади: «Улар иккисини (яъни осмонлар ва ерни) сақлаш Аллоҳга оғир келмайди» [Бақара: 255]. Аллоҳга осмонлар ва ерни сақлаш ва ҳимоя қилиш оғир келмаслигидан У зотнинг комил сифат бўлмиш чексиз куч-қудрат соҳиби экани келиб чиқади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳаёти комиллиги, Ўзини Ўзи тутиб тургани боис «Аллоҳни уйқу ҳам, мудроқ ҳам тутмайди» [Бақара: 255].

Шу тариқа Аллоҳ ва Расули У зотдан бирон бир салбий сифатни рад этишган бўлса, албатта рад этилган бу сифат замирида комиллик ва улуғворликка тўла бўлган бошқа бир мақтовли сифатни Аллоҳга нисбат бериш ётади.

Сўзимиз ниҳоясида Аллоҳдан динимизда басират ато этишини, Ўзини тоатида собитқадам қилишини, ҳақни кўрсатиб, унга амал қилишни насиб этишини сўраймиз.

[1] “Жавҳар” – модда, материя.
[2] «Араз» (аксиденция) – нарсаларнинг ранг ва таъми сингари мустақил вужуди бўлмаган нарса.

Изоҳ қолдиринг