Мавлудхонликда ўрнидан туриш амали ширкми?

0

Савол:

Устоз, бизга яқин масжидда ҳар йили мавлуд маросими бўлади. Шу маросимнинг муайян вақтида имом ҳаммани ўрнидан тургизади. Шу амални ширк деб эшитдик. Шу тўғрими, илтимос, изоҳлаб беринг?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Мувлудхонлик динда асли йўқ бидъат амалдир. Бу ҳақда тўлиқ маълумот олиш учун “Мавлудхонлик йиғилишлари: уларнинг ҳақиқати, келиб чиқиш тарихи, ҳукми” номли мақолага мурожаат қилинг.

Бу маросимда ўриндан туриш аслида шиа ва жоҳил сўфийлар томонидан пайдо қилинган. Улар ўша вақтда мавлуд эгаси, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳлари келади, деб эътиқод қилишади. Агар шу эътиқодда ўрнидан турса ҳам, бу ширк амали ҳисобланмайди. Лекин бузуқ эътиқод ҳисобланади. Зеро, бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳи келади деб эътиқод қилишга бирон асос йўқ. Бироқ биздаги аксар имомлар Расулуллоҳга ҳурмат юзасидан ўрнимиздан турамиз, дейишади. Агар шу ниятда бўлса, унда ҳам ширк бўлмайди. Бироқ мавлудхонлик бидъатини қилгани учун гуноҳкор бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ:
Жавобда мавлуд эгаси деганимизнинг сабаби шиалар ҳамда жоҳил сўфийларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалар учун ҳам мавлудхонлик қилишади ва уларнинг ҳам руҳи келади деган тушунчага асосан ўринларидан туришади. Ҳатто баъзи мавлудхонликларда мавлуди нишонланаётган авлиё учун махсус жой ҳам тайёрлаб қўйишади.

Фатво рақами: 171112001

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг