Умавийлар давлати: Усмон Зуннурайннинг ўлдирилиши фитнаси сабаблари, Муовиянинг бунга муносабати (3)

0

Абдуллоҳ ибн Сабаънинг фитнани ташкиллаштиришдаги роли

Юқорида айтиб ўтилган омиллар натижасида Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг сўнгги йилларида исломий жамиятда беқарорлик белгилари кўрина бошлади. Айрим ғаразли яҳудийлар фитна омилларидан фойдаланиб, ўзларини мусулмон кўрсатиб, фурсатни ғанимат билдилар. Улардан бири Ибнус Савдо (қора хотиннинг ўғли) лақабли Абдуллоҳ ибн Сабаъ эди. Ибн Сабаънинг бу улкан фитнани ташкиллаштириш ва йўналтиришдаги ролини ҳаддан ортиқ бўрттириб кўрсатиш тўғри бўлмаганидек, унинг фитнадаги ролини умуман шубҳа остига олиш ва аҳамиятсиз деб кўриш ҳам тўғри бўлмайди. Аслида, Ибн Сабаъ йўқ ердан фитна чиқармади, балки жамиятда унинг фитна бошлашига йўл ҳозирлаган бир муҳит вужудга келган ва унга ёрдамчи бўлган бошқа омиллар ҳам бор эди. Ибн Сабаъ яҳудийлик мафкурасидан келиб чиқиб ўзи уйдирган, исломга қарши чексиз адоват ва нафрат руҳига йўғрилган фикр ва қарашларини ислом жамияти бирлигини парчалаб ташлаш, мусулмонлар ўртасида фитна оловини ёқиш ва уруш-жанжаллар келтириб чиқариш йўлида ишлатиш уддасидан чиқди. У ўзининг фосиқ ғаразларини аслида тўғри бўлган муқаддималар асосига қурди. Шу билан ўзига эргашганларни чалғита олди ва атрофига кўплаб содда кишиларни йиғишга муваффақ бўлди.

Масалан, у Қуръон оятларини ўз бузуқ фикрлари билан таъвил қилиб, айтардики: “Исо қайтади, деб даъво қиладиган, бироқ Муҳаммаднинг қайтиб келишини ёлғон санайдиган кимсалардан ажабланаман. Ваҳоланки, Аллоҳ: “(Эй Пайғамбар), сизга Қуръонни (нозил қилган, унга амал қилишни ва одамларга етказишни) фарз қилган Зот сизни албатта ўзингиз чиқиб кетган жойга (яъни, Маккага) қайтарувчидир”, деган [Қасас: 85]. Шундай экан, Муҳаммад қайтиб келишга Исодан кўра ҳақлироқ”[1].

Шунингдек, у фосид қиёсга асосланган қуйидаги сўзлари билан Али розияллоҳу анҳуга васийликни исбот қилиш даъвосини қилди: “Мингта пайғамбар бўлган, ҳар бир пайғамбарнинг васийи бўлган, Али Муҳаммаднинг васийидир”. Сўнг деди: “Муҳаммад пайғамбарларнинг сўнггиси, Али эса васийларнинг сўнггиси”.

Издошларининг кўнглига йўл топганидан сўнг у ўзининг аввалдан режаланган асосий мақсадига ўтиб, одамларни халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғолон кўтаришга ундай бошлади. Бу нарса баъзи одамларнинг кўнглидаги ғаразларга мос тушди. У уларга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларини жорий қилмаган ва у зотнинг васийини (яъни, Алини) оёқости қилиб, умматга раҳбарлик ишини ўз қўлига олган кимсадан кўра ким золимроқ?!”, дерди. Сўнг уларга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васийи бор бўла туриб, Усмон халифаликни ноҳақ қўлга киритди. Бас, энди бу ишни тузатинглар, амирларингизни тўғри йўлга солинглар, амри маъруф ва наҳий мункар қилинглар, одамларни бу ишга чорланглар”, деди[2].

Унинг бир шаҳардаги тарафдорлари бошқа шаҳарлардаги тарафдорлари билан шу мавзуларда бир-бирларига мактублар ёзиб юбора бошладилар, ҳамма шаҳарларда ғавғо ва норозилик кайфиятлари уйғотишга куч бериб ҳаракат қилишга киришдилар. Бир шаҳар ё вилоятдаги фитначилар бошқа вилоят ва шаҳарларга ўзларининг амирларининг халққа қилаётган жавру зулмлари ҳақида ёлғон яшиқ гапларни ёзиб юборар, бу хатдаги гаплар ўша шаҳар халқи ичида тарқалиб, улар фалон шаҳарда шундай ноҳақликлар бўлаётган экан, биз офиятда эканмиз, дейишар, булар ичидаги фитначилар эса айни шу мазмундаги гапларни ёзиб бошқа шаҳарга юборишар, у шаҳар аҳлида ҳам бошқа жойларда шундай ноҳақликлар бўлаётгани ҳақидаги гаплар билан норозиликлар ошиб борарди[3].

Ибн Сабаъ одамларга икки буюк саҳоба – Али ва Усмон розияллоҳу анҳумо ўртасида адоват борлигини уқтиришга, улардан бирини ҳаққи тортиб олинган мазлум, иккинчисини эса зўравон босқинчи қилиб кўрсатишга зўр бериб уринди.

Кейин Миср, Басра ва хусусан Кўфа аҳлини амри маъруф ва наҳий мункар ниқоби остида амирларига қарши кўтаришга уринди, улар арзимас ҳодисалар туфайли ҳам амирларига қарши норозилик билдирадиган бўлдилар.

Кейин халифа Усмон шахсига қарши ҳар хил бўҳтон ва иғволар тарқатилди, унинг ўз қариндошлари ёнини олиши, уларга байтулмолдан ҳисобсиз туҳфалар бериши каби айбловлар янграй бошлади.

Сабаъчилар фалон шаҳарнинг амири фалон иш қилди, деган мазмундаги бўҳтон гапларни ёзиб, бошқа шаҳарларга юборишарди. Бу гаплар халқ орасида тарқалиб, охир-оқибат, кўпчилик одамларда, давлат бошқарувидаги аҳвол чидаб бўлмас даражага етибди, деган фикр шаклланди.

Усмон розияллоҳу анҳу шаҳарларда қандайдир фитна ҳаракатлари ташкил этилаётгани ва уммат фитначилар домига ўралашиб қолаётгани ҳақида хабар топгач, муаммоларга ечим топиш ва фитнанинг олдини олиш мақсадида нуфузли кишилар билан йиғилишлар ўтказиб, ишнинг тадоригини кўриш ҳаракатларига тушди. Мажлисларидан бирида у бу ҳақда гапириб: “Валлоҳи, фитнанинг тегирмон тоши айланиш арафасида, бу тош ҳаракатга келмасидан Усмон ўлгани яхшийди”, деганди[4].

Фитнанинг ўчоғи Ибн Сабаъ яшаб, фаолият олиб бораётган Мисрда бўлиб, у ўша ердан Усмон розияллоҳу анҳуга қарши фитна ҳаракатларини тартибларди, Усмон халифаликни ноҳақ эгаллаб олган, халифалик аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васийи бўлмиш Алининг ҳаққи эди, деган даъво билан одамларни исён кўтариб, Мадинага йўл олишга чақирарди. Одамларга катта саҳобалардан келди, деган даъвода фитнага чорловчи мактубларни ўқиб берарди. Бир гуруҳ ҳақиқат талаб кишилар Мадинага келиб, ўша номлари айтилган саҳобалар билан кўришганларида улардан бу фитналарга ҳеч қандай рағбат кўрмадилар, аксинча у зотлар ўз номларидан юборилгани айтилган мактублардан бехабарликларини эълон қилдилар[5]. Улар Усмонни ҳақ-ҳуқуқларни ўз ўрнига келтираётганини кўрдилар. Усмон розияллоҳу анҳу улар билан мунозара қилиб, унга қўяётган айбловларига қониқарли жавоблар берди, уларнинг уйдирмаларига раддия берди ва уларга ўзининг қилаётган ишларини тушунтириб берди. Инсофли кишилар унинг сўзларидан таъсирландилар, ўзларининг алдов ва фитна домига тушиб қолганларини англадилар. Улардан бири Молик ибн Аштар Нахаий: “Бу ерда унга ҳам, сизларга ҳам макр қилинганга ўхшайди”, деганди[6].

Машҳур тарихчилар ва салафу халаф уламолари иттифоқ қилганларки, Ибн Сабаъ мусулмонларни динларидан чалғитиш, имомларига итоатдан буриб юбориш, ўрталарига ихтилоф ва тафриқа солиш учун улар ичига сабаий ақида, фикр ва қарашларни сиздирди. Унинг атрофига асосан тўполончи одамлардан иборат, сабаъчилар тоифаси деб танилган бир тоифа йиғилди. Амирулмўъминин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишига олиб келган улкан фитнанинг асосий иштирокчилари шу тоифа аҳли эди.

 

[1] “Тарихи Табарий” (5/247).
[2] Аввалги манба (5/348).
[3] Аввалги манба (5/348).
[4] “Тарихи Табарий” (5/350).
[5] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба” (1/330).
[6] Аввалги манба (1/331).

Изоҳ қолдиринг