Исмни қисқартириб айтиш мумкинми?

0

Савол:

Ўғлимнинг исми Абдулқодир. Кўпчилик уни Абухон деб қисқартириб чақиришади. Саволим шуки, қисқартириб чақириш мумкинми ёки исмнинг маъноси ўзгариб кетадими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Қаршингиздаги инсонни эркалатиш мақсадида ёхуд ўзингизга яқин олиб, унинг исмини қисқартириб мурожаат қилишингиз мумкин. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамизни Оиш деб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни Абу Ҳир деб чақирганлари далил бўлади. Бироқ қисқартирганда исмнинг маъноси ўзгариб, шариатга хилоф маънодаги бошқа бир сўз ҳосил бўлмаслиги керак. Масалан, Абдуллоҳ исмини қисқартириб Аллоҳ дейиш ёки Абдураҳмон исмини қисқартириб Раҳмон дейиш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ ҳамда Раҳмон исмлари Аллоҳ таолога хос исмлардандир. Бироқ Абдулқодир исмини қисқартириб Абду ёки Абу деса бўлади, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 2516005

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг