Усмон розияллоҳу анҳу: Ғазотлар ва фатҳлар (2)

0

Саид ибн Ос бошчилигидаги Табаристон ғазоти

Саид ибн Ос ҳижрий 30 йили Кўфадан Хуросонга қараб ғазотга отланди. Унинг қўшинида Ҳузайфа ибн Ямон, Ҳасан ва Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва бошқа бир қанча саҳобалар бор эди. Бу орада Абдуллоҳ ибн Омир бошчилигидаги қўшин Басрадан чиқиб, Хуросонга йўл олди ва Саиднинг қўшинидан илгарироқ бориб, Абрушаҳр (Нишопур)га тушди. Саиднинг қўшини Қумисга тушди. Сўнг у йўл-йўлакай бир неча шаҳарлар аҳли билан катта миқдорда жизя тўлашлари эвазига сулҳ битимлари тузиб, йўлида давом этди ва Журжоннинг Табаристонига етиб келди. У денгиз соҳилидаги бир шаҳар эди. Бу шаҳар аҳли билан қаттиқ уруш бўлди, ҳатто бу ерда намозни хавф вақтида ўқиладиган суратда ўқидилар. Уруш давом этиб турган ҳолда Саид Ҳузайфадан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хавф намозини қандай ўқиганлар?”, деб сўради ва Ҳузайфа айтиб берганидек кўринишда хавф намозини ўқиди.

Форс шоҳи Яздижирднинг Хуросонга қочиши

Ҳижрий 30 йили Абдуллоҳ ибн Омир Басрага қайтиб келди, сўнг форс диёрига юриш қилиб, уни фатҳ қилди. Форс шоҳи Яздижирд қочди, Абдуллоҳ ибн Омир унинг изидан Мужошиъ ибн Масъудни юборди, у уни Кирмонгача қувиб борди ва Сиржонга бориб тўхтади. Яздажрид эса Хуросонга қочиб кетди[1].

Форс шоҳи Яздижирднинг ўлдирилиши (ҳижрий 31 йил)

Унинг ўлдирилиши қандай содир бўлгани ҳақида манбаларда ихтилофлар бор. Ибн Исҳоқ айтишича, Яздижирд Кирмондан озчилик жамоат билан қочиб Марвга келди. Шаҳар аҳлидан мадад сўраганида улар бош тортдилар ва ўз жонларига бало келишидан хавфсирадилар. Сўнг туркларга одам юбориб, унинг хабарини етказдилар. Улар келиб, унинг одамларини ўлдиришди, ўзи эса қочиб бориб, Мурғоб дарёси соҳилидаги бир тегирмонга яширинди. Бироқ, тегирмончи тунда уни ғафлатдалик ҳолида ўлдирди[2].

Яздижирд 20 йил подшоҳлик қилди ва шоҳлигининг охирги даври исломдан ва мусулмонлардан қўрқиб, бир шаҳардан бошқа шаҳарга қочиш билан ўтди. У форс шоҳларининг охиргиси бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам форс ва рум подшоҳлари ҳақида айтган эдилар: “Қайсар ўлса, ундан сўнг бошқа Қайсар бўлмайди. Кисро ўлса, ундан сўнг бошқа Кисро бўлмайди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, иккаласининг хазиналари албатта Аллоҳ йўлида сарф этилади”[3].

Абдуллоҳ ибн Омир бошчилигидаги фатҳлар (ҳижрий 31 йил)

Ҳижрий 31 йили Абдулоҳ ибн Омир Хуросонга юриш қилиб, Абрушаҳр (Нишопур), Тус, Бевард ва Насони фатҳ қилди ва Сарахсга етиб борди, у ерда Марв аҳли билан сулҳга келишди.

Боб ва Баланжар ғазоти (ҳижрий 32 йил)

32 йили Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Саид ибн Осга мактуб йўллаб, унга Бобга ғазот қилишни буюрди. Саид ибн Ос Салмон ибн Рабеани қўшинга бош қилиб, Бобга юриш қилишга юборди. Ўша минтақадаги ноиби Абдураҳмон ибн Рабеага мактуб йўллаб, унга Салмонга ёрдам беришини буюрди. Улар Баланжарга бориб, уни қамал қилдилар, манжаниқ ва арродаларни (тошотар) ўрнатдилар. Сўнг Баланжар аҳли уларга қарши жангга чиқди, уларга турклар ёрдам бердилар ва ўртада шиддатли жанг бўлди.

Ушбу жангда турклар бир бутазорда яшириниб ётишганди. Улар мусулмонлардан қаттиқ қўрқишар, уларга ўқ ўтмайди, қилич кесмайди, деб эътиқод қилишарди. Иттифоқо, турклардан бирининг отган камон ўқи бир мусулмонни ерга қулатди. Шунда у турк аскари қавмига нидо қилиб: “Улар ҳам ўлар экан, нега қўрқамиз?!”, деб қичқирди. Шундан сўнг турклар журъатланиб, урушга кирдилар ва ўртада қаттиқ уруш бўлди. Абдураҳмон ибн Рабеа шу жангда ўлдирилди[4].

Абдураҳмон ибн Рабеа ўлдирилгач, мусулмонлар чекиниб, иккига бўлиниб кетдилар. Бир гуруҳ Хазар тарафга чекинди, бир гуруҳ Жийлон ва Журжон тарафга кетди, Абу Ҳурайра ва Салмон Форсий шулар ичида эдилар. Турклар мусулмонларнинг баҳодир амирларидан бўлган Абдураҳмон ибн Рабеанинг жасадини ҳурматлаб, ўз диёрларига дафн қилдилар, улар то бугунги кунгача ҳам унинг қабрини эъзозлашади[5].

Кўфа ва Шом аҳли ўртасида содир бўлган биринчи ихтилоф

Абдураҳмон ибн Рабеа ўлдирилгач, Саид ибн Ос унинг ўрнига Салмон ибн Рабеани амир қилиб тайинлади. Усмон ибн Аффон уларга Ҳабиб ибн Маслама бошчилигида Шом аҳлидан иборат мадад юборди. Шу ерда Ҳабиб билан Салмон амирлик талашиб қолдилар ва Кўфа ва Шом аҳли ўртасидаги биринчи келишмовчилик содир бўлди.

Сўнг мусулмонлар аввало Аллоҳнинг тавфиқи, қолаверса кўфаликлар ичида бўлган Ҳузайфа ибн Ямондек зотларнинг аралашуви билан фитна оловини ўчиришга муваффақ бўлдилар[6].

[1] “Тарихи Табарий” (5/288).
[2] “Тарихи Табарий” (5/295).
[3] Муслим ривояти (2918, 2919).
[4] Маҳмуд Хаттоб, “Қодатул фатҳил исломий фий армения” (151-бет).
[5] “Тарихи Табарий” (5/309).
[6] “Тарихи Табарий” (5/311).

Изоҳ қолдиринг