Соғлом эътиқодга йўлланма: Мушаббиҳа ва муаттилаларга раддия

0

Аллоҳнинг исм ва сифатлари бобида салафлар йўлидан чиққан мушаббиҳа ва муаттилалардан иборат адашганларга раддия

Аллоҳнинг исм ва сифатлари бобида салафлар йўлидан чиққан адашганлар икки тоифа: мушаббиҳа ва муаттилалардан иборатдир.

  1. Мушаббиҳалар

Мушаббиҳалар Аллоҳни бандаларига ўхшатган, Унинг сифатларини махлуқотларга хос сифатлар жинсидан қилган тоифалардир. Шунинг учун улар мушаббиҳа (ўхшатувчилар) деб номландилар. Мусулмонлар ичида дастлаб бу ғояни чиқарган кишилар Ҳишом ибн Ҳакам Рофизий ва Баён ибн Самъон Тамимий бўлган эди. Ҳаддидан ошган шиа тоифаси бўлмиш Баёнийлар тоифаси Баён ибн Самъонга нисбат берилиб шундай ном олганлар. Мушаббиҳалар Аллоҳга сифатларни нисбат беришда ҳаддидан ошганлар. Бу тоифа Аллоҳ ва Расули айтмаган, Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган ноқис сифатларни ҳам У зотга нисбат беришган. Албатта, Аллоҳ улар айтган гаплардан пок ва олийдир. Шунингдек, Ҳишом ибн Жаволиқий ва Довуд Жаворибийлар ҳам шулар жумласидан бўлган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг махлуқотларига ўхшамаслигини айтиб, У зотни турли нарсаларга ўхшатиб мисол келтиришдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ» [Шўро: 11], «Унга тенг (ёхуд номдош) бирон нарсани билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз!)» [Марям: 65], «Ҳеч кимса Унга тенг эмас» [Ихлос: 4], «Аллоҳга бирон нарсани ўхшаш (ва тенг) қилманг» [Наҳл: 74]. Ким Аллоҳнинг сифатларини бандаларининг сифатларига ўхшатса, бундай кимса аслида Аллоҳга ибодат қилмаган, балки хаёлида тасвирланган, фикрида мужассам бўлган бутга ибодат қилган бўлади. Бундай инсон Раҳмонга эмас, бутларга сиғинувчи саналади.

Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади:

Ўхшатмаймиз сифатларин васфимизга

Сиғингайдир мушаббиҳлар асли бутга.

Ким Аллоҳнинг сифатларини бандаларининг сифатларига ўхшатса, Масиҳ ибн Марямга ибодат қилувчи насороларга ўхшаб қолади.

Аллома Ибн Қаййим айтади:

Кимики қилса Аллоҳни халққа ташбиҳ

Ўзини насроний мушрикка тенг қилмиш

Бухорийнинг шайхи Нуайм ибн Ҳаммод (Аллоҳ уларни раҳм қилсин) айтади: «Ким Аллоҳни бандаларига ўхшатса, кофир бўлади. Ким Аллоҳ ва Расули Аллоҳга нисбат берган сифатларни инкор этса, кофир бўлади. Аллоҳ ва Расули Аллоҳга нисбат берган сифатлар замирида ташбиҳ (Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиш) йўқ».

  1. Муаттилалар

Муаттилалар Аллоҳ ва Расули Аллоҳга нисбат берган комил сифатларни инкор этган кимсалардир. Уларнинг фикрича, бу сифатларни Аллоҳга нисбат беришдан ташбиҳ ва тажсим (Аллоҳни жисмларга ўхшатиш) келиб чиқади. Улар тутган йўл мушаббиҳалар тутган йўлнинг тескарисидир.

Таътил (Аллоҳнинг сифатларини йўққа чиқариш) ғояси яҳудийлар, мушриклар ва адашган собиалар (юлдузларга сиғинувчилар) тоифаларининг шогирдларидан пайдо бўлган. Исломда дастлаб таътил фикри ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида Жаъд ибн Дирҳамдан чиққани айтилади. Сўнг ундан бу манфур фикрни жаҳмийлар тоифаси унга нисбат берилган Жаҳм ибн Сафвон олиб машҳур қилиб юборади. Кейинчалик бу фикр мўътазилий ва ашъарийларга ҳам кўчиб ўтган. Кўриб турганингиздек, улар тутган ақидавий мазҳаб шажараси яҳудлар, собиалар, мушриклар ва файласуфларга бориб тақалади. Албатта мазкур тоифалар таътил фикрида бир хил даражада бўлмай, балки уларнинг мазҳаблари ўртасида тафовутлар бор.

Жаҳмийлар Аллоҳнинг барча исм ва сифатларини инкор қилишади.

Мўътазилийлар Аллоҳнинг исмларини эътироф этишса-да, бироқ бу исмлар замирида бирон маъно йўқ деб эътиқод қилишади. Шунингдек, улар Аллоҳнинг барча сифатларини ҳам инкор этишади.

Ашъарийлар Аллоҳнинг исмларини эътироф этишса-да, сифатлардан фақат еттитасинигина эътироф этишади. Улар илм, ҳаёт, қудрат, ирода, самъ (эшитиш), басар (кўриш) ва калом (гапириш) сифатларидир. Улар Аллоҳнинг қолган сифатларини эътироф этишмайди.

Мазкур тоифаларнинг барчасининг даъвосига кўра, қай бир сифатни инкор қилишган бўлса, уни Аллоҳга нисбат бериш ташбиҳ (Аллоҳни бандаларига ўхшатиш) ва тажсим (Аллоҳни жисми бор дейиш)ни тақозо қилганлиги учун инкор этишган. Айтишларича, улар инкор қилган сифатлар билан воқеликда фақат жисмдан иборат бўлган махлуқотлар сифатланади, Аллоҳ таоло эса ҳеч нарсага ўхшамаган зотдир!

Бинобарин, уларнинг даъвосича, Аллоҳ таолони ташбиҳдан поклаш учун бу сифатларни инкор этиш ва йўққа чиқариш лозим. Шунинг учун улар бу сифатларни Аллоҳга нисбат берганларни мушаббиҳалар дейишади. Улар Аллоҳ таолога бу сифатларни нисбат берган оят ва ҳадислар хусусида икки хил йўл тутишган:

Биринчи йўл – тафвиз. Унга кўра, бу сифатлар лафзига иймон келтирилиб, маъноси Аллоҳга ҳавола қилинади. Яъни бу сифатларга изоҳ берилмаган, уларнинг бирон сифатларга далолат қилиши инкор этилган ҳолда Аллоҳга ҳавола қилинади. Улар бундай услубни «салафлар услуби» деб номлашиб, уни «энг саломат услуб», дейишади.

Иккинчи йўл – таъвил. Унга кўра, мазкур оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносидан юз ўгирилиб, ўзлари тўқиб чиқарган бошқа маъноларга бурилади. Улар бу услубни «халафлар услуби» деб номлашиб, уни «энг аниқ ва пухта услуб», дейишади.

Уларнинг шубҳаларига раддия

Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг бирон нарсага ўхшамаслигини бир неча ўринларда маълум қилган. Аллоҳ таоло айтади: «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ. У эшитувчи ва кўрувчидир» [Шўро: 11], «Унга тенг бирон нарсани билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз!)» [Марям: 65], «Ҳеч кимса Аллоҳга тенг эмас» [Ихлос: 4], «Аллоҳга бирон нарсани тенг ва ўхшаш қилмангиз» [Бақара: 22], «Аллоҳга бирон нарсани ўхшаш (ва тенг) қилманг» [Наҳл: 74]. Бироқ Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларига ўхшамаслигини баён қилиш билан бирга Ўзига комил сифатларни ҳам нисбат берди. Буни Аллоҳ таолонинг «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ. У эшитувчи ва кўрувчидир» [Шўро: 11] каби сўзларида кўриш мумкин.

Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло бу оятда Ўзидан ташбиҳни рад этиш билан бирга Ўзига эшитиш ва кўриш сифатини нисбат берди. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳга сифатларни нисбат бериш ташбиҳни тақозо қилмас экан. Зотан, бу икки иш, яъни Аллоҳга бирон сифатни нисбат бериш ва ташбиҳдан бири вужудга келса, иккинчиси ўз-ўзидан вужудга келади деган гап йўқ. Шунингдек, Қуръони Каримнинг талай оятларида Аллоҳга бирон сифатни нисбат бериш ва ташбиҳни рад этиш ёнма-ён зикр қилинганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бинобарин, салафи солиҳлар йўли шундай: улар Аллоҳнинг сифатларини эътироф этадилар ва У зотни ташбиҳ ва тамсилдан узоқ тутадилар.

Кимда ким бу сифатларни Аллоҳга нисбат бериш Унинг шаънига нолойиқ, чунки бундан ташбиҳ келиб чиқади деса, ноўрин тушунча ва нотўғри фаҳмидан келиб чиқиб шундай деган бўлади. Чунки у сифатларни эътироф этиш ташбиҳни тақозо қилади деб тушуниб қолган ва бу тушунча уни Аллоҳ Ўзига нисбат берган сифатларни инкор этишга ундаган. Натижада, бу жоҳил кимса аввалига ташбиҳга қўл уриб, сўнг таътилга ўтган, бир вақтнинг ўзида ҳам мушаббиҳа, ҳам муаттилалардан бўлиб қолган! Шундай қилиб, бундай кимса ишининг бошида ҳам, охирида ҳам Аллоҳнинг шаънига нолойиқ ишга қадам қўйган. Агар унинг қалби ташбиҳ кирларидан тоза бўлганида илк онданоқ Аллоҳ азза ва жалланинг комиллик ва улуғворлик чўққисига чиққан сифатлари бандаларнинг сифатларига ўхшамаслигини эсга олган, Аллоҳни махлуқотларига ўхшатишдан йироқ тутган ҳолда бу сифатларга У зотнинг Ўзига лойиқ ва муносиб тарзда иймон келтирган бўлур эди.

Аллоҳнинг сифатлари махлуқотларнинг сифатларига ўхшайди, деган хом хаёлга борган киши Аллоҳни чинакам танимаган, Унинг ҳақиқий қадр-қимматини билмаган кишидир. Шунинг учун у таътил тўрига ўралашиб қолиб, Қуръони Карим ва ҳадисларда келганидек Аллоҳга комил сифатларни нисбат берган ва У зотни ноқис сифатлардан поклаган кишиларни мушаббиҳ ва мужассим дея айблайди. Негаки, унинг қалбида Аллоҳнинг сифатлари махлуқотларнинг сифатларига ўхшайди, деган ўй-хаёл бор. У бу сифатлар Аллоҳнинг улуғ шаънига муносиб, ўзига хос сифатлар эканини билмайди. Шунинг учун бундай кимсалар аввало Аллоҳни бандаларига ўхшатиб, сўнг бу ўхшатишдан қочиш мақсадида бу сифатларни таътил қиладилар, йўққа чиқарадилар. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!

Имом Абу Бакр ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг сифатларини эътироф этиш ташбиҳни тақозо қилади, дейдиган жаҳмийлар тоифаси ва уларнинг шогирдларига раддия билдирган. Қуйида биз унинг мавзуга тегишли  сўзларини қисқача келтирамиз.

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ айтади: «Жаҳмийларнинг (уларга Аллоҳнинг лаънатлари бўлсин) даъво қилишича, Раббиларининг китоби ва Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашган, Аллоҳнинг Китобида ҳамда Пайғамбари Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан то бизга қадар ишончли кишилар ривояти билан етиб келган ҳадисларида Ўзига нисбат берган сифатларни эътироф этган аҳли суннат тоифаси мушаббиҳадир. Уларнинг бундай даъво қилишига сабаб Раббиларининг Китоби ва Пайғамбарларининг суннатидан бехабарликлари ва Аллоҳ таоло бизга хитоб қилган тилни (яъни араб тилини) яхши билмасликларидир…

Биз ва барча ўлкалардаги бутун уламоларимиз айтамизки, Раббимизнинг Ўзи Қуръони Каримда бизларга билдирганидек Унинг юзи бордир. Аллоҳ таоло юзини улуғворлик ва икром соҳиби деб сифатлади, унинг боқийлиги ва асло завол топмаслигини маълум қилди. Бизни яна шуни айтамизки, Раббимизнинг юзида шундай нур, зиё ва кўркамлик борки, агар юзидаги тўсиқни кўтарса, унинг нури У зот кўриб турган барча нарсаларни куйдириб юборади. Шунингдек, айтамизки, одам боласининг юзлари йўқдан бор бўлган, яратилган юзлардир. Аллоҳ бу юзларни яратди, ундан олдин яратилмаган эди, йўқдан бор қилди, ундан олдин пайдо бўлмаган эди. Барча одамларнинг юзлари бир кун келиб фонийликка юз тутади, боқий қолмайди. Бу юзларнинг барчаси ўлиб, чириб, йўқ бўлиб кетади. Сўнг Аллоҳ таоло бу юзларни чириб, йўқ бўлиб кетган жойидан қайтадан пайдо қилади… Сўнг улар ё жаннатга кириб, роҳат-фароғатда яшайди, ё жаҳаннамга кириб, азоб-уқубатга гирифтор бўлади.

Айтингчи, эй ақл эгалари, Аллоҳ таоло ақл берган, эс-ҳуши жойида бўлган, араблар тилини тушунган, уларга оид сўзлашув услубини билган, ташбиҳдан хабардор кимсанинг хаёлига Аллоҳнинг юзи банданинг юзига ўхшаш деган ўй келиши мумкинми?!

Айтингчи, эй донолар, биз юқорида Китоб ва суннатдан келиб Раббимиз азза ва жалланинг юзи тўғрисида келтирган сифатларимиздан унинг биз таърифлаган одам боласининг юзига ўхшашлиги келиб чиқадими?! Агар уламоларимиз айтган бу гаплардан ташбиҳ келиб чиққанида, у ҳолда одам боласининг юзи бор, шунингдек, тўнғизлар, итлар, маймунлар, йиртқич ҳайвонлар, эшаклар, хачирлар, илонлар, чаёнларнинг ҳам юзи бор деган ҳар қандай кимса одам боласининг юзини мазкур ва бошқа ҳайвонларнинг юзига ўхшатган бўлиши керак эди! Ўйлайманки, муаттила жаҳмийлар ичида ўзича энг ақллиман деган кимсанинг олдига энг азиз кишиси келиб: «Сенинг юзинг тўнғиз, маймун, ит, эшак, хачир ва шунга ўхшаш ҳайвонларнинг юзига ўхшайди», деса, албатта, бундан ғазабланган бўларди…

Бинобарин, айтган гапимизни юқорида келтирилган таърифга кўра айтган эканмиз, ҳар бир ақл ва фаросат эгасига маълум бўладики, гапирган гапини Раббиларининг Китоби ва Набийларининг суннатига таяниб гапирган ҳадис аҳлини мушаббиҳалар деб айблаганлар ботил, ёлғон ва бўҳтон гапирган, Китоб ва суннатга хилоф қилган ҳамда араб тили қоидаларига зид гапирган бўладилар…

Жаҳмий муаттилалар илмдан йироқ бўлганлари боис Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзига нисбат берган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унга нисбат берган ҳар қандай сифатни инкор қилдилар. Улар Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Ўзининг айрим исм ва сифатларини баъзи бандаларига ишлатганини кўрдилар. Шундан сўнг нодонликлари сабабли ким Аллоҳни Ўзига нисбат берган мазкур сифатлар билан сифатласа, ўша киши тўғрисида Аллоҳни бандаларига ўхшатди деган ўйга бориб қолдилар.

Эй донишлар, қулоқ тутинг. Мен сизларга анави муаттилаларнинг жоҳиллигини баён қилиб бераман. Мен Аллоҳ таоло Ўз китобининг бир неча ўринларида Ўзини сифатлаганини кўрдим. У мўмин бандаларига Ўзининг эшитувчи ва кўрувчи эканини билдириб шундай деди: «У эшитувчи ва кўрувчидир» [Шўро: 11]. Шунингдек, Аллоҳ азза ва жалла инсон ҳақида гапириб: «Биз уни эшитувчи ва кўрувчи қилдик» [Инсон: 2], деди. Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг кўришлигини маълум қилиб, деди: «Айтинг, (эй Муҳаммад: «Хоҳлаган) амални қилинглар. Зотан, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар» [Тавба: 105]. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга деди: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман: эшитиб, кўриб тураман» [Тоҳа: 46]. Юқоридаги оятда Аллоҳ азза ва жалла одам болаларининг қилган амалларини кўриб туришини, шунингдек, башар жинсидан бўлмиш Расули ҳам уларнинг амалларини кўришини маълум қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Осмони фалакда (учиш учун) бўйсиндирилган қушларни кўрмайдиларми?!» [Наҳл: 79]. Аллоҳ таоло одам боласи осмонда учиш учун бўйсиндирилган қушларни кўрмайдиларми, дея уларга кўриш сифатини нисбат берди. Аллоҳ таоло айтади: «Бизнинг кўзимиз (яъни кўз ўнгимизда ва ҳифзи-ҳимоямиз) билан бир кема ясагин» [Ҳуд: 37]. Яна айтади: «(Эй Муҳаммад), сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг. Зотан, сиз шак-шубҳасиз, Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз» [Тур: 48]. Кўриб турганингиздек, Раббимиз кўзи борлигини маълум қилди. Шунингдек, одам боласининг ҳам кўзи борлигини маълум қилиб: «Кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз» [Моида: 83], деди. Демак, Раббимиз Ўзининг ҳам, одам боласининг ҳам кўзи борлигини айтди. Аллоҳ таоло лаънати иблисга айтади: «(Эй иблис), Ўз қўлларим билан яратган нарса (яъни Одам)га сажда қилишдан сени нима тўсди?» [Сод: 75]. Яна айтади: «Йўқ, У зотнинг икки қўли очиқ бўлиб, қандай хоҳласа шундай эҳсон қилади» [Моида: 64]. Кўриб турганингиздек, Раббимиз Ўзининг икки қўли борлигини айтди, шунингдек, одам боласининг ҳам икки қўли борлигини хабар берди. 

Хўш, бу фосиқларнинг даъвосича, кимда ким Аллоҳнинг Ўзи бор деган сифатни Аллоҳга нисбат берса, Яратган зотни бандаларига ўхшатган бўлиб қоладими?! Бу улар даъво қилгандек ташбиҳ бўлиши асло мумкин эмас. Балки улар жоҳиллиги сабаб шундай фикрга бориб қолганлар холос» [иқтибос тугади].

Бу буюк имом Муҳаммад ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳнинг жаҳмийлар ва уларнинг шогирдларига берган раддияларидан айрим сатрлардир. Чиндан ҳам бу жавоб топишлари амри маҳол бўлган уларга қарши қониқарли бир раддиядир. Шунингдек, уларга имом Аҳмад, шайхулислом Ибн Таймия, аллома Ибн Қаййим каби улуғ имомлар ҳам раддия беришган. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ҳануз аҳли суннат ва жамоат уламолари уларга раддия бериб келмоқдалар. Қуйида шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг улардан бир тоифасига берган раддияларидан намуна келтирамиз. Бу тоифа Аллоҳнинг сифатлари хусусида келган оят ва ҳадисларни муташобиҳ қабилидан санаб, унинг моҳияти ва маъносини фақат Аллоҳ таологина билади, деб даъво қилишган эди. Уларнинг даъво қилишича, бу оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносини эътиқод қилиб бўлмайди, чунки уларнинг зоҳиридан ташбиҳ келиб чиқади. Бу оят ва ҳадисларнинг фақат Аллоҳга аён бўлган маънолари бор бўлиб, уни Аллоҳга ҳавола қилинади. Уларнинг фикрича, салафлар йўли ана шундай бўлган. Улар салафи солиҳларга туҳмат қилдилар, улар айтмаган, эътиқод қилмаган сўзни уларга нисбат бердилар. Зеро, салафлар ақидаси Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини Қуръони Карим ва ҳадисларда қандай келган бўлса, ўшандай эътироф этиш, уларни зоҳирига кўра тушуниш, маъноларини Аллоҳнинг улуғворлигига муносиб тарзда изоҳлаш ва уни Аллоҳга ҳавола қилмасликдан иборатдир. Бу оят ва ҳадислар салафлар наздида муташобиҳ эмас, балки муҳкам, яъни маъноси тушунарли бўлган оят ва ҳадислардир.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уларнинг (яъни Аллоҳнинг сифатларини инкор этувчиларнинг) катта пешволарининг гапига кўра, бу оят ва ҳадислар маъносини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло бу оят ва ҳадислардан мақсад қилган маъно уларнинг зоҳирий маъносидан юз ўгиришни тақозо этади. Уларнинг даъвосича, анбиё ва расуллар ўзларига нозил қилинган мазкур оятлар маъносини билишмайди. Шунингдек, бу оятлар маъносини на фаришталар ва на умматнинг биринчи авлоди билади. Бинобарин, бундан Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзига нисбат берган сифатлар ёки улардан кўпининг маъносини пайғамбарлар билишмайди, улар маъносини чақмаган гапларни айтишади, деган хулоса келиб чиқади…

Маълумки, бу Қуръони Карим ва пайғамбарлар шаънига таъна қилишдир. Ахир Аллоҳ таоло Қуръонни нозил қилса, уни одамлар учун ҳидоят ва баён эканини маълум қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган ваҳийни одамларга очиқдан-очиқ етказиш ва баён қилишга, Қуръони Каримни мушоҳада ва тафаккур қилишга буюрса-ю, шунга қарамай Қуръони Каримдаги энг улуғ оятлар: Раббимизнинг сифатларига оид оятлар, Унинг барча нарсаларнинг яратувчиси, барча нарсаларни билиб туришига оид оятлар, бандаларини баъзи ишларга буюриб, баъзи ишлардан қайтаргани, (итоаткор бандаларига мукофотлар) ваъда қилиб, (осийларни) таҳдид қилгани тўғрисидаги ёки охират кунига оид оятлар маъносини ҳеч бир кимса билмаса, тафаккур ва мушоҳада қилмаса, пайғамбар Ўзига нозил қилинган бу оятларни одамларга баён қилмаган ва очиқдан-очиқ етказмаган бўлса-я?!».

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ салафи солиҳлардан бундай сўзлар чиққанини рад этиб шундай дейди: «Аллоҳнинг исм ва сифатларини ёки улардан баъзиларини муташобиҳ оят ва ҳадислар сафига киритиш, уларнинг маъносини ёлғиз Аллоҳ билади дейишга келсак, унга жавобан «бунга бирон далил борми?» деймиз. Мен умматнинг салафлари, имомлари, имом Аҳмад ва ундан бошқа бирон имомнинг бу оятларни мазкур оятдаги (яъни Аллоҳ таолонинг: «У Сизга Китоб нозил қилди. Унда Китобнинг асл моҳияти бўлган муҳкам – маъноси очиқ оятлар ҳам ва бошқа муташобиҳ — маъноси чигал бўлган оятлар ҳам бор» [Оли Имрон: 7] деган сўзидаги) муташобиҳ жинсига киритганини ва бирон кимса унинг маъносини билиши мумкин эмас деганини, Аллоҳнинг исм ва сифатларини тушунарсиз ажамларнинг сўзига ўхшатганини билмайман. Улар Аллоҳ таоло ҳеч кимса маъносини тушунмайдиган гапларни нозил қилади, деб ҳам айтишмаган. Аксинча, улар бу борада тўғри маъноларни ифода этган сўзларни айтишган. Аллоҳнинг сифатларига тегишли ҳадислар тўғрисида «Қандай келган бўлса, ўшандай айтилади», дейишган. Жамийларнинг таъвилларидан қайтаришган, бу таъвилларни рад этиб, уларнинг пуч ва асоссиз эканини исботлаб беришган. Чунки бу таъвиллар хулосаси мазкур оят ва ҳадисларни таътил қилиш, яъни улар ифода этган маъноларни йўққа чиқаришдан иборатдир.

Имом Аҳмад ва ундан олдинги имомлар сўзларидан шу нарса очиқча тушуниладики, улар жаҳмийлар билдирган таъвилларни рад этишган, бу оят ва ҳадислар зоҳиридан тушунилган маъноларни эътироф этишган. Бинобарин, имомлар иттифоқ қилишганки, бу оят ва ҳадислар маъноси маълум ҳамда уни баён ва тафсир қилишдан сукут қилинмайди. Балки улар бу оят ва ҳадислар маъноларини ўзгартирмасдан ёки Аллоҳнинг исмлари ва оятларида оғишмасдан баён ва тафсир қилинишига иттифоқ қилганлар».

Юқоридагилар шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ  баён қилган ва салафи солиҳ имомлардан нақл қилган гаплар эди. Унга кўра салафи солиҳлар сифатлар тўғрисидаги оятларни маъноси чигал бўлган ва шунинг учун маъносини Аллоҳга ҳавола қилиш вожиб бўлган муташобиҳлардан деб билишмаган. Имомлар бу оят ва ҳадислар маъноларини билишган ва уни тафсир қилганлар. Улар фақат бу сифатларнинг қандайлигини билишни Аллоҳга ҳавола қилганлар холос. Имом Молик ва бошқалар айтишган: «Истиво маълум, қандайлиги мажҳул, унга иймон келтириш вожиб ва у ҳақда савол сўраш бидъатдир».

Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Сўнг (Аллоҳ) Арш узра истиво қилди (олий бўлди)» [Аъроф: 54]. Уламолар ушбу мавзуга оид жуда кўп фикрлар билдиришган. Ҳозир бу фикрларни батафсил келтириш мавриди эмас. Биз бу борада салафи солиҳлар: Молик, Авзоий, Саврий, Лайс ибн Саъд, Шофеий, Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва улардан бошқа олдинги ва кейинги имомлар тутган йўлдан борамиз. Улар тутган йўл бу сифатларнинг қандайлигини айтмасдан, бандаларнинг сифатларига ўхшатмасдан ва йўққа чиқармасдан қандай келган бўлса, шундайлигича эътиқод ва эътироф этишдан иборат”.

Мушаббиҳалар хаёлига келган илк зоҳирий ташбиҳдан Аллоҳ пок ва йироқдир. Зеро, Аллоҳга Унинг махлуқотларидан бирон нарса ўхшамайди. «У зотга ўхшаш бирон нарса йўқ. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» [Шўро: 11].

Дарҳақиқат, бу борадаги энг тўғри хулоса имомлар айтган хулосадир. Жумладан, Бухорийнинг шайхи Нуайм ибн Ҳаммод шундай дейди: «Ким Аллоҳни бандасига ўхшатса, кофир бўлади. Ким Аллоҳ Ўзига нисбат берган сифатни инкор этса, кофир бўлади. Аллоҳ Ўзига нисбат берган ёки Унга Расули нисбат берган сифатларда ташбиҳ йўқ. Ким очиқ оятларда ва саҳиҳ ҳадисларда келган сифатларни Аллоҳнинг улуғворлигига муносиб тарзда эътироф этса ва Аллоҳни айб-нуқсонлардан покласа, ҳидоят йўлидан борган бўлади» [иқтибос тугади].

Аллоҳнинг исм ва сифатлари борасидаги салафлар тутган йўл шундан иборат. Унга кўра бу исм ва сифатларни Китоб ва суннатда қандай келган бўлса, шундайлигича, бандаларнинг сифатларига ўхшатмасдан, йўққа чиқармасдан, инкор қилмасдан эътироф этиш лозим. Қолаверса, бу сифатларни ташбиҳ қилмасдан эътироф этиш, уларни йўққа чиқармасдан Аллоҳни поклаш вожибдир. Кимда ким салафлар тутган йўл бу сифатлар маъносини Аллоҳга ҳавола қилишдан иборат деб даъво қилса, улар номидан ёлғон сўзлаган, бўҳтон қилган ва уларда йўқ нарса билан уларга туҳмат қилган бўлади.

Аллоҳдан авф ва офият сўраб қоламиз. Амийн.

Изоҳ қолдиринг